Ижтимоий тармоқларнинг янгиликларни тезкор етказишдаги имкониятларини тан олмасликнинг иложи йўқ.
Воқеа ва ҳодисалар, жараёнларни дунёнинг қайси бир нуқтасида бўлмасин ўша заҳоти кўриш ва кузатиш мумкин. Дарҳақиқат, бугун ижтимоий тармоқлар эркин мулоқот ва ахборот майдонига айланди. Бунда воқеликка жамоатчиликнинг муносабатини билиш ва муҳокама қилиш осон, соғлом баҳс-мунозараларга киришиш анчагина қулай.
Афсуски, баъзи ҳолларда бирор бир соҳа ёки фуқаро ҳақида турли асоссиз, бир томонлама, тўлиқ ўрганилмаган уйдирмалар ҳам тарқалмоқда. “Ҳуқуқлари бузилган инсон” ёки жабрдийда сифатида ўзини кўрсатиб, кенг оммани чалғитишга уринмоқда.
Яқинда Фарғона вилоятида ана шундай ҳолат кузатилди. Марғилон шаҳридаги 24-умумтаълим мактаби ўқитувчиси вазифасида ишлаб келган М.Эминованинг фаолияти, ишдан озод этилганлик ҳолати тўғрисида ижтимоий тармоқларда турли ахборотлар тарқатилди. Кўпчиликнинг бу аёлга раҳми келгани рост. Наҳотки, мутасаддилар бу ўқитувчининг мурожаатига бефарқ муносабатда бўлиб, икки йил давомида уни сарсон қилиб келаётган бўлса?!
Воқеа чуқур ўрганилганда эса асл ҳолат юзага чиқди. Хўш, ҳақиқатдан ҳам у ноҳақ ишдан бўшатилганмиди?
2020 йил январь ойидан август ойига қадар М.Эминова ўз хизмат вазифаларини бир неча маротаба қўпол равишда бузиб, асоссиз ишга келмаган. Мактаб маъмуриятининг қонуний талабларини бажаришдан бош тортиб, жамоада носоғлом муҳит шаклланишига сабабчи бўлган. Натижада мактаб директорининг 2020 йил 9 сентябрдаги буйруғи билан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. М.Эминова ушбу ҳолатдан норози бўлиб, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, юқори турувчи идоралар, суд органларига кўп бор мурожаат қилган. Унинг аризасига асосан ўтказилган ўрганишларда кўрилган чора қонуний, деб топилган.
Суд қарорларига қаноат қилмасдан ўзи ишлаган собиқ жамоаси, халқ таълими шаҳар ва вилоят раҳбарияти тўғрисида ижтимоий тармоқларда туҳмат ва ҳақорат хабарлар тарқатиб, уларни обрўсизлантиришга ҳаракат қилиб келган. Шундай бўлишига қарамай вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан унга бир неча маротаба ўз мутахассислиги бўйича бошқа жойда иш таклиф қилинган ва барчаси рад этиб келинган.
Жорий йил 9 февраль куни Марғилон шаҳар Халқ қабулхонасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири А.Абдуллаев, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ш.Долимов, шаҳар халқ таълими бўлими мудири Г.Қаюмова ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида М.Эминова билан боғлиқ ҳолат муҳокама қилинди.
Унда тарафларнинг фикрлари, масалага доир важлари эшитилди. Аёлнинг адвокати сифатида иштирок этган А.Набиев ўз фикрларини баён қилиб, ҳолатни анчадан буён ўрганиб келаётган мутахассис сифатида М.Эминова ўзининг собиқ жамоасида ишлай олмаслигини, у ердаги муҳит ва жамоа бунга йўл қўймаслигини билдирди. М. Эминова эса ҳали ҳам ноҳақ ишдан бўшатилиб, ҳуқуқлари бузилганлигини, қайта ишга тикланиши каби турли важлар ҳақида мутасаддиларга юзланди.
Вилоят халқ қабулхонаси мудири А.Абдуллаев мурожаатчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилишини ва унинг оилавий аҳволидан келиб чиқиб, бошқа жойда ишлаш таклифини билдирди. М.Эминова ушбу таклифни қабул қилди ва 11 февралдан буён Қўштепа тумани халқ таълими бўлимида бошланғич синфлар методисти вазифасида иш бошлади.
Қаердаки “ёз-ёз” ёки аризабозлик бўлса, ўша жойда муҳит ҳам бузилади. Буни Марғилондаги 24-мактаб мисолида яққол кўриш мумкин. Аёлнинг аксарият иддаолари асоссиз бўлиб, бу жамоани ранжитган. Шу нарса аниқки, унинг мурожаати ўша ишдан бўшатилган пайтда ечим топган бўларди. Аммо у буни истамади. Ижтимоий тармоқларда асоссиз чиқишлар қилиб, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатди. Унинг хайрихоҳлари топилиб, гўё «вилоятда инсон ҳуқуқлари поймол бўляпти, мана исботи» деган уйдирмалар ўралаб қолди.
Инсон қадри учун деган эзгу тамойил бугун барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифасига айланган. Шу боис икки йилдан буён давом этаётган мурожаатга ва ниҳоят нуқта қўйилди. Шу боис иллат қидириб эмас, ҳикмат излаб яшаш керак.
М. Сулаймонов, ЎзА