Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзагросуғурта” АЖ томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 27 октябридаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида бугунги кунда “Ўзагросуғурта” АЖ тизимида трансформация жараёнлари амалга оширилмоқда.
Фармон ижроси доирасида кўрсатилаётган суғурта хизматлари сифатини ошириш ва янги, инновацион суғурта маҳсулотларини жорий этишга жиддий эътибор қаратилди. Буларнинг барчаси компаниянинг 2021-2023 йиллар учун ривожланиш Стратегиясида ўз аксини топди ва “Ҳар бир мижоз муҳим, унинг манфаатлари устувор” тамойили бош ғоя қилиб белгиланди. Шу билан бирга, транформация доирасида ребрендинг ўтказилиб, “Ўзагросуғурта” АЖнинг янги ном ва янги логотиплари эълон қилинди ва компания “UZINSURANCE” бренди остида фаолият юрита бошлади.
Айтиш жоиз, 2021 йилда аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган янги турдаги суғурта маҳсулотлари амалиётга жорий қилинди. Хусусан, фуқароларнинг соғлиғи билан боғлиқ бўлган суғурта маҳсулоти яъни, уларга вакцинация жараёнида чин маънода тиргак бўлиши учун янги суғурта тури ишлаб чиқилди. Ушбу суғурта полиси амал қилиш даврида суғурталанган шахснинг COVID-19 вакцинацияси доирасида қабул қилган, расман ҳужжатлаштирилган вакцинанинг салбий оқибатлари натижасида юз бериши мумкин бўлган салбий ҳодисалардан молиявий ҳимоялашни назарда тутади.
Компания 2021 йилда суғуртанинг ижтимоий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятини “маҳаллабай” ишлаш йўналишига қаратди. Жумладан, компания ходимлари аҳоли хонадонларига кириб, уларнинг талаб ва истакларини ўрганди. Мақсад биринчи навбатда фуқароларнинг оғирини енгил, узоғини яқин, мушкулини осон қилиш эди. Бунда асосий эътибор “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга қаратилди. Маҳаллабай ишлаш, ҳар бир хонадоннинг талаб ва истакларини ўрганиш, уларни турли молиявий хатарлардан ишончли ҳимоя қилиш компания фаолиятининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Бугун барча соҳалар қатори суғурта йўналишида ҳам замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва шу орқали мижозларга қулайликлар яратишга эътибор янада кучайди. “UZINSURANCE” компаниясида ҳам бугунги кунда халқимиз орасида оммабоп ҳисобланган суғурта турларининг онлайн шакли амалиётга татбиқ этилди.
Хусусан, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, астотранспорт воситасига ўрнатилган газ ускуналаридан фойдаланиш оқибатида юз бериши мумкин бўлган қалтисликлардан суғурта қилиш, аҳоли турар-жой иморатлари ва уй-рўзғор буюмларини комплекс суғурта қилиш, бахтсиз ҳодисалардан эҳтиёт шарт суғурта қилиш ва юқумли калликлардан эҳтиёт шарт суғурта қилиш каби суғурта турлари бўйича Е-полис тақдим этилаётгани шулар жумласидандир.
[gallery-5642]
Матбуот анжуманида, жорий йилнинг 5 февраль ҳолатига мамлакат суғурта бозорида расмийлаштирилган 74 мингдан зиёд электрон полисларнинг 30 минг 504 таси яъни, 41 фоизи “UZINSURANCE” ҳиссасига тўғри келиши қайд этилди.
Шунингдек, мамлакат суғурта бозорининг етакчи иштирокчиларидан бири “UZINSURANCE” фаолияти самарадорлигини таъминлаш, янги инновацияларни жорий этиш, нафақат маҳаллий, балки халқаро суғурта бозорида ҳам тенг рақобатга кириша олиш ҳамда давлат кафолатисиз хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида таркибий ислоҳотларни амалга оширилгани қайд этилди. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг самараси сифатида компания кетма-кет учинчи йил “Фитч” (Fitch) халқаро рейтинг агентлиги томонидан “ББ–” барқарор рейтингига эга бўлди.
2021 йил давомида таъминланган суғурта мукофотлари 44,5 миллиард сўм аҳоли суғуртаси ҳиссасига тўғри келади. Қишлоқ хўжалигини суғурталаш бўйича 2 миллиард сўм, қолган 214 миллиард сўмлик суғурта тушумлари бошқа суғурта турлари бўйича амалга оширилган. Яна бир муҳим жиҳат, 2021 йил давомида компанияда иҳтиёрий суғурта турларини ривожлантиришга асосий урғу берилди. Кўрилган чора-тадбирлар самараси рақамларда ҳам ўз аксини топди.
Хусусан, “UZINSURANCE” томонидан тузилган суғурта шартномалари, таъминланган суғурта мукофоти ва тўловларнинг асосий қисми айнан иҳтиёрий суғурта турлари улушига тўғри келди.
Мисол учун, 2021 йилда жами 261 миллиард сўмлик суғурта мукофоти таъминланган бўлса, шундан 163,5 миллиард сўми иҳтиёрий суғурта шартномалари юзасидан амалга оширилган. Шунингдек, жамият томонидан 2021 йилда қарийб 1,2 миллион дона суғурта шартномалари тузилган бўлса, унинг 703 минг донаси иҳтиёрий суғурта шартномаларидир. Ўтган йилда расмийлаштирилган шартномалар доирасида олиб борилган жавобгарликнинг умумий миқдори 83,5 триллион сўмдан ошди.
Умуман, жамият томонидан 2021 йилда салкам 35 миллиард сўм суғурта товони тўлаб берилди. Бунда ҳам зарарларни қоплаш учун амалга оширилган тўловларнинг салкам 20 миллиард сўми иҳтиёрий суғурта турларига тўғри келди.
Матбуот анжуманида 2022 йилда жамият томонида амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар тўғрисида маълумот берилди. Аҳолига қулай, сифатли, ишончли ва ҳамёнбоп хизмат кўрсатишда инклюзив суғуртанинг янги турларини амалиётга татбиқ этиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга ESG (Environmental Social Governance) – Экологик, ижтимоий корпоратив бошқарув тизими асосида фаолиятни ташкил қилиш, бунда биринчи навбатда табиат ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши билан боғлиқ қалтисликлардан суғурталаш маҳсулотларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштиришга катта эътибор қаратилади.
Хабарингиз бор, шу йилнинг 31 январь куни давлатимиз раҳбари томонидан “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармон имзоланди. 7 та йўналишдан иборат ушбу тараққиёт стратегиясининг учинчи йўналиши Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашга қаратилган.
У бевосита суғурта компаниялари фаолияти билан ҳам бевосита боғлиқ бўлиб, суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг мамлакат иқтисодиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, иқтисодиёт ҳамда аҳолини суғурта хизматлари билан қамраб олиш каби муҳим вазифаларни ўз ичига олади. Мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида бизнинг компания томонидан ҳам амалий ҳаракатлар бошланган бўлиб, унинг доимий тарзда такомиллаштириб бориш мақсад қилинган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА мухбири