4 февраль — Халқаро саратон касаллигига қарши кураш куни
Биласизми, бугун одамлар орасида энг кўп ишлатиладиган сўз нима? Мотивация. Инсон тушкунликка тушганида, муаммолар олдида эсанкираб қолганида мотивация олиш учун энг яқин дўстининг ёнига боради. Бемор эса ана ўша ҳиссиётни тиклаш учун шифокорга югуради. Ўзи бетоб бўла туриб, саратонни бир неча марта бошидан ўтказсада ўзи каби бемор аёлларга мотивация бериб яшаётган аёл ҳақида билгингиз келяптими?
“Қадрият” газетаси ходими, журналист Холида Қобулова ана шундай кучли аёллардан. Бугун опа билан қилган суҳбатимиз айнан шу касаллик туфайли ўз қобиғига ўралиб, тушкунликка берилиб, умрининг ҳар бир дақиқасини санаб яшаётган аёлларга куч, ирода бағишласа деган ниятдамиз.
– Холида опа, саратонга чалинишингизни шифокорлар қандай изоҳлади?
– 2014 йил жуда қаттиқ касал бўлдим. Қорним шишиб кетди. Икки томонлама тухумдон саратони ташхиси қўйилди. Саратон касаллигига чалинишим сабабини ҳозиргача тушунмайман. Чунки шифокорлар кўпроқ бу касаллик сиқилишдан, зўриқишдан, нотўғри овқатланишдан келиб чиқади, дейишади. Нотўғри овқатланиш, нотўғри турмуш тарзи менга бегона. Чунки мен ҳаётни жуда севаман, кўп хафа бўлмайман, асабийлашмайман. Ҳамма нарсага тўғри ёндошаман.
2014 йилда саратонни 4-босқичи аниқланиб, 6 ярим соат операция бўлганман. 2015 йилнинг майигача химиятерапия олдим. Бир йилда 14 марта химия терапия олдим. 2019 йилгача жуда яхши юрдим. Ҳатто саратон бўлганимни эсимдан ҳам чиқариб юбордим. Йилига икки марта таҳлил топшираман, натижалари яхши чиқади. 2019 йилнинг июлида менда яна хасталик бошланди. Иштахам йўқолиб, қорним шишиб кетди. Яна химиотерапиялар олиш бошланди. Ўзимни қўлга олишим керак эди. Чунки бу касаллик билан курашишни ўзи бўлмайди.
– Муолажа учун дори-дармонлар қиммат туради, уларни олишда кимлар ёрдам беради?
– Саратон бошланганида жигарларим, қариндош-уруғларим, ҳамкасбларим ҳаммаси оёққа турди. Яқинларим дори-дармонимга ёрдам берди, оғир кунимда ёнимда бўлишди. Онам унда ҳаёт эди, жигарларим онам бола доғини кўрмасин, деб курашишган. Мени йўқотишдан қўрқиб, ҳаракат қилишган.
2019 йил касаллик қайталанганида яқинларимдан беркитдим. Ота-онам оламдан ўтишган эди. Гоҳида ордер орқали, гоҳида ордерсиз даволандим. Кейин ҳеч кимни безовта қилмасликка ҳаракат қилиб, уйимдаги нарсаларимни сотиб, муолажаларга сарфладим.
Вақт ўтиб, 2021 йилнинг сўнгги куни янги йилда қайталаниб қолдим. Янги йил куни норин егандим, ўшандан кейин безовталаниб, қорним шишиб кетди. Қайталанганимда химиотерапия олиш, кўнгил беҳузурлик, мускулларим, тишларим, танамдаги ҳар бир аъзога оғриқ бериши жуда азоб бўлди. Лекин, у оғриқларни мен унчалик ўзимга олмайман, ўрганиб қолганман.
– Асосан қайси клиникада даволанасиз?
– Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаман. Бош шифокор – Одилжон Аҳмедов, Аёллар репродуктив тизими ўсмалари бўлими раҳбари Наргиза Захирова, тажрибали, моҳир онкогениколог, жарроҳ – Музаффар Отажонов, РИО ва РИАТМ поликлиникаси онкогеникологи Вилоятхон Саидаҳмедовалар менга қариндошимдек бўлиб қолишган. “Опа бу касаллик сизга ҳеч нарса эмас, енгасиз”, деб, далда бўлишади. Уларнинг ширин сўзлари менга даво.
Дарҳақиқат, аввало, шифокор тўғри ташҳис қўйиб, чиройли муомила қилса, бемор анча ўзини тутиб олади.
– Сизнинг ташхисингиздан ҳам кўра енгилроқ ташхисли аёлларнинг эзилаётганини кўрганингизда қандай йўл тутасиз? Ахир журналистсиз. Журналист ҳаётдаги ҳеч бир нарсага бефарқ қараб туролмайди.
– Нафақат саратон балки, ҳар қандай касалликдан қўрққан одам ютқазиб қўяди. Қўрқиш касалликка енгилиш дегани. Ички туғёнларим қўрқиш керак эмас, касаллик ҳам битта синов, дейди. Бир йили Ортопедия институтига мақола ёзишга борганимда суяклари чириб, йиринглаб, юролмай қолган аёлларни кўрганман.
Ҳар бир касаллик асорати ёмон натижага олиб борганида ўлим билан якунланиши мумкин. Лекин, қанча яшаш инсоннинг тақдири азалига битилган бўлади. Шунинг учун мен саратонни ваҳимани, қўрқувни ёмон кўрадиган касаллик, деб биламан. Инсонни қалби тоза, иймони бутун бўлса касалликни енгиш ҳеч нарса эмас. Ҳозир мени ташхисимдаги аёллар кўчагаям чиқмайди. Касалига қулоқ солиб, қайғу билан ўралашиб, қўрқиб ўтиради. Мен шундай аёлларга мотивация бераётганимдан хурсанд бўламан.
Андижондан Дилфузахон, Жиззахдан Гулсарахон, Қашқадарёдан Муқаддас исмли бемор танишларим бор. Муқаддас опа ўзи шифокор бўлсаям қўрқди, енголмади, раҳматли бўлиб кетди.
Яқинда шифохонада Манзурахон исмли қўқонлик аёл билан танишиб, опа-сингилдек бўлиб қолдик. Биринчи химиотерапия олганида ёнларида далда бўлиб турдим. Битта хонада ётиб даволандик. Иродахон деган қиз Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ишларкан. У ердаги шифокорлар “Сен бу касалликка енгил қарамагин, эҳтиёт бўл” деб роса қўрқитишибди. Кейин у ота-онасини ёнида бўлиш мақсадида Ўзбекистонга қайтибди. Энди тузалмагунимча Санкт-Петербургга қайтмайман, деди. Унинг ташхиси биринчи босқич. Қўрқмаслиги кераклигини, уни енгиш қийин эмаслигини тушунтирдим.
Қашқадарёлик Нилуфар исмли аёл олти ой ичида қорнидан 10 мартадан зиёд сув олдирди. Қўрқманг, қўрқсангиз ютқазасиз, деб далда бўлдим. Ўтган йил 21 сентябрь куни операция бўлди. Операциядан кейин ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарай бошлади. Шу аёлни касалликни енгишида анчагина мотиватор бўлдим.
Мени бир нарса қийнайди. Кўпинча аёллар турли хусусий клиникаларга бориб даволанишни афзал кўришади. Хусусий клиникалар ҳам онкологик касаллик билан оғриган беморларни доимий назоратда туришини била туриб, пуллик хизматларни таклиф қилишади.
Андижонлик Зубайда опа шундай шифохонада даволаниб, касалини кучайтириб олган. Катта маблағ ҳам сарфлаган. 12 соатда қуйилиши керак бўлган химиотерапия муолажаларини 3 ярим соатда қуйишганидан, қўлларини куйдириб олган. Бу касалликни даволовчи шифокорлар катта тажрибага эга бўлиши керак.
– Касаллигидан фойдаланиб матбуотда чиқиш қиляпти, дегувчиларга нима деган бўлардингиз?
– Ким нима деса, деяверсин. Мен касалликни енгаётганим учун матбуотда чиқаётганим йўқ. Бошидан ўтказган табиб, дейишади. Бу касалликка кунига минглаб хотин-қизлар чалинади. Мен гапираётган гаплар уларга озгина бўлса ҳам далда бўлсин, деган ниятда чиқишлар қиляпман. Кимни шу касалликдан жони оғриса ваҳимага тушманглар, қўрқманглар дейман. Мен ҳаётга чанқоқман, шу сабабли бу касаллик менга ҳеч нарса эмас, енга оламан. Бошқа миллионлаб аёлларга ҳам шуни тавсия қиламан.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди.