ЎзА кузатуви: Ўзбекистон амалдорлари ҳафта давомида қандай ишлар билан шуғулланди?
Ўзбекистонда бу йил сув танқислиги кутилаётган бир паллада унинг салбий таъсирини юмшатиш, сувдан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш борасида соҳада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Шавкат Ҳамроевнинг ўтган ҳафта давомида амалга оширган ишларига назар соламиз.
Вазир ҳафта давомида Бухоро ва Навоий вилоятларида хизмат сафарида бўлган. Ушбу вилоятларда сув хўжалиги ташкилотларининг куз-қиш мавсумида олиб бораётган ишларини жойларга чиқиб кўздан кечирган, сувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини ўрганган, масалаларга ечим излаган. Шу билан бирга, ерларни шўр ювишга тайёрлаш, шўр ювиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишган.

24 январь куни Жондор тумани, “Мохонкўл” ҳудудидаги “Яккатут ғаллачилик уруғчилик кластери” МЧЖда ташкил этилган кўргазмали семинарда қатнашган. Ушбу ҳудудда бу йил 10000 гектар ер ўзлаштирилаётган бўлиб, ҳозирда экскаватор, бульдозер, самосвал, лазерли текислагич каби 50 дан ортиқ техника ишламоқда. Вазир вилоят сувчиларига 2021 — 2022 йилларнинг кузги-қишки мавсумида ирригация-мелиорация тадбирлари, жумладан, канал ва коллекторларни тозалаш, улардаги гидротехник иншоотлар, гидропостлар, насос агрегатларни таъмирлаш, СИУ ва фермер хўжаликларнинг сув олиш қулоқларини жиҳозлаш, коллектор-зовур тармоқлари бўйларида рошларни текислаб ерга ер қўшиш бўйича топшириқлар берган.
Олот тумани, “Амударё” ҳудудидаги “Парвох Ҳумо Равнақ” кластер ташкилотининг 35 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш ишлари билан танишган. Тумандаги фермер хўжаликлари раҳбарлари, сувчилар билан учрашиб, ерларни лазерли текислаш, шўр ювиш ишларини ташкил қилиш ҳамда томчилатиб суғориш технологияларни жорий қилиш бўйича суҳбатлашган.
Қоракўл тумани “Қуввача” МФЙ ҳудудидаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси ҳисобидаги “Янгиобод” насос станциясини бориб кўрган. Бу ерда Бухоро вилоятидаги барча насос станциялари раҳбарлари учун 2021-2022 йилларнинг кузги-қишқи мавсумида насос агрегатларини таъмирлаш, электр энергияни иқтисод қилиш, энергия тежамкор қурилмалар ва рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича амалий машғулот ўтказилган.

25 январь куни вазир Бухоро вилоятидаги Тўдакўл сув омбори ҳамда Қуйимозор насос станциясини бориб кўрган. Сув хўжалиги ходимлари билан учрашиб, уларнинг олиб бораётган мавсумий ишларини кўздан кечирган.
Пешку, Ромитан, Вобкент туманларида бўлиб, далаларни айланган, шўр ювиш бўйича сувчиларга маслаҳат берган.
26 январь куни Навоий вилояти Кармана тумани “Жалоир” ҳудудидаги “Зафар барака” фермер хўжалигида вилоят сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ва фермерлар билан учрашган. 2021-2022 йилларнинг кузги-қишки мавсумида оли борилаётган ирригация-мелиорация тадбирларини муҳокама қилган.
Шу куни тиниб тинчимас вазир Кармана тумани “Ҳазора” массивидаги 110 гектар майдонда барпо этилган янги узумзорни бориб кўрган. Бу ерда кўчатларни томчилатиб суғориш усулида парваришлашни йўлга қўйиш, Навоий вилояти шароитида тежамкор технологиялардан фойдаланишда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги бўйича ўз таклифларини билдирган.
Хатирчи тумани “Новжа” МФЙ ҳудудидаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси ҳисобидаги “Тосс ва Кўксарой” насос станциясини бориб кўрган. Бу ерда Навоий вилоятидаги насос станциялари раҳбарлари билан учрашиб, топшириқлар берган.

27 январь куни Навбаҳор тумани, Янгийўл ҳудудидаги “Жалол-2018” фермер хўжалигининг 6 гектарлик ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилиш, ерларни лазерли текислаш, шўр ювиш ишларини ташкил қилиш ҳамда томчилатиб суғориш технологияларни жорий қилиш бўйича кўргазмали амалий семинар ўтказиб, мутахассисларга зарур тасвияларни берган.
Шу куни Қизилтепа тумани чўл ҳудудидаги “Янги аср” фермер хўжалигининг ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилган 523 гектар ғалла майдонларини бориб кўрган.Масвумда ушбу майдонни кафолатли сув билан таъминлаш учун сув келтирадиган канални мавсумга тайёрлаш ишларини кўздан кечирди, масъулларга кўрсатмалар берган.
28 январь куни вазир Навоий вилоятига сафарини давом эттириб, Тошработ-Ўртачўл ирригация тизими бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишган. Нимкон сув тақсимлаш иншоотини суғориш мавсумига тайёрлаш бўйича ўз тавсияларини берган.
Эслатиб ўтамиз, “ЎзА КУЗАТУВИ: Ўзбекистон амалдорлари ҳафта давомида қандай ишлар билан шуғулланди?” лойиҳаси орқали “Куни тун ишлаган вазирлик ЁХУД тунлари ҳам ухламай тизимни оёққа турғазган вазир Алишер Султоновнинг бир ҳафталик фаолиятига қисқача назар”.
“Бир ҳафтадан буён лой кўчаларни кезиб юрган вазир”, “Вазир ярим тунда аҳоли хонадонларига кириб, иссиқлик таъминотининг сифати билан танишди” материаллари эълон қилинган эди.
ЎзАни кузатиб боринг. “ЎзА КУЗАТУВИ: Ўзбекистон амалдорлари ҳафта давомида қандай ишлар билан шуғулланди?” лойиҳасида ҳафта давомида кўриниш бермаган вазирлар ҳам эълон қилинади.