Навоий вилояти судида 2021 йилнинг 21 декабрь куни Президентимиз томонидан ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалаларига бағишланган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга бағишланган тадбир ташкил этилди.
Мазкур йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини сифатли ва ўз вақтида таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2021 йил 27 декабрдаги 40-сонли Фармойишига асосан барча вилоят, шаҳар ва туманларда судья ва суд аппарати ходимлари ҳамда масъул вазирлик ва идоралар томонидан бириктирилган ходимлардан иборат таркибда ишчи гуруҳи тузилган эди.
Ишчи гуруҳ зиммасига жойларда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд муаммоларни аниқлаб, батафсил ўрганиш, натижаларини умумлаштириш ҳамда уларнинг қонуний ечимларини топиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Ернинг ҳисобини аниқ юритиш ва самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, қурилиш, геология каби кўплаб соҳалар учун жуда муҳим ҳисобланади.
Навоий вилоятида эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлган турар жой обеъктлари 160 минг 535 та ва эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлмаган 84 минг 972 та якка тартибдаги турар жой объектлари борлиги аниқланган.
Дастлаб ишчи гуруҳлари томонидан бажарилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиниб, саволнома асосида ҳудудлар кесимида номма-ном рўйхатлар маълумотларини шакллантириш, уларни умумлаштириш ҳамда ер тоифаларига бўлиш (рангли ҳудудларга ажратиш) юзасидан масъул ходимларга топшириқлар берилди.
Ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш жараёнларини 3 босқичда ташкил этиш келишиб олинди.
А.Бўриев, ЎзА