Шавкат Мирзиёев: «Мен ҳам автобусда юришни хоҳлайман».
* Тошкентда нечта чорраҳа бор, уларнинг қанчаси талабга жавоб бермайди?
* 3 миллионга яқин аҳолида 1 миллион автоулов...
* Жамоат транспортига йўлларда алоҳида йўлак қилиш мумкинми?
Ишга, ўқишга ёки бошқа юмушлар билан уйдан остона ҳатлаб чиқар эканмиз, транспортни кўп кутмай манзилга йўл олсак, биздан мамнун киши бўлмайди, тўғрими?
Лекин, афсуски, амалда бу жараён бундай бир текис эмас. Соатлаб транспорт кутиб қолганидан асабийлашиб юрадиганлар орамизда кам эмас.
Одамларнинг мана шу дардини билгани учун ҳам Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев «Мен ҳам автобусда юришни хоҳлайман», деган фикрни айтди. Бунинг замирида эса жамоат транспорти билан боғлиқ муаммоларга ишора бор. Тизим замон талаблари даражасида бўлса-ю, унда фақат оддий одамлар эмас, мансабдорлар, ҳатто Президент ҳам фойдаланса, деган истак бор. Ҳолбуки, ҳозирги транспорт тизими талабани ҳам қониқтирмайди.
Хўш, Президентимиз автобусда юрадиган кунлар қачон келади? Жамоат транспорти тизими талабга жавоб бериши учун нима қилиш керак?
Бу саволларга соҳани чуқур таҳлил қилиб, мавжуд муаммолар ечимини кўрсатиб бера оладиган олимлардан жавоб изласак, тўғрироқ бўлади. Шу мақсадда Тошкент давлат транспорт университети ректори, иқтисод фанлари доктори Одил Абдураҳмонов билан суҳбатлашдик.
– Ўзбекистонда, хусусан, пойтахтимиздаги жамоат транспорти тизими бўйича билдирилаётган танқидий фикрлар бежиз эмас, – деди Одил Абдураҳмонов. – Тизимнинг талабга жавоб бермаётганига унинг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, янги инновацион ғоялар соҳага татбиқ этилмагани, қолаверса талаб ва таклифлар ўрганилмагани, таҳлил этилмагани сабаб бўлган.
Тўғри, тизимда автобуслар янгиланиб борди. Лекин йўналишлар бўйича ўрганишлар олиб бориш, аҳоли эҳтиёжига қараб маршрутларни ташкил этиш эътибордан четда қолган. Аслида буларни ўрганадиган, таҳлил этадиган ва ечим топиб берадиган мутахассислар борган сари йўқолиб кетди. Шуни ҳисобга олиб 2020 йилда Президентимиз фармони асосида Тошкент давлат транспорт университети ташкил этилди.
– Жамоат транспорти билан боғлиқ масалаларга илмий-таҳлилий ёндашув йўлга қўйилдими?
– Албатта, олимларимизнинг ўрганиш натижаларини, транспорт коммуникация тизими билан боғлиқ юзага келаётган муаммолар ечимини мутахассислар олдига қўя бошладик.
Бир пайтлар пойтахтда 2,2 мингдан зиёд автобус ва бундан ташқари трамвай ва троллейбуслар ҳаракат қилган. Кейинчалик трамвай, троллейбуслардан воз кечилгани етмагандай автобуслар сони ҳам кескин камайиб кетган. Айни пайтда бор-йўғи 1,5 мингга яқин автобус ҳаракатланмоқда.
Шунинг ўзи жамоат транспорти тизими қанчалик кучсизланганини кўрсатиб турибди. Ваҳоланки, пойтахт аҳолиси кейинги йилларда кескин кўпайди. (3 миллионга яқин). Айниқса, уй-жой қурилиши жадаллашиб кетди. Ўн минглаб аҳолини қамраб олаётган шаҳарчалар бунёд бўлмоқда. Лекин бу аҳолининг транспортга бўлган эҳтиёжи ҳисобга олинаяптими? Афсуски, йўқ. Қолаверса, пойтахтга кириб келаётган одамлар сони ҳам кам эмас.
Жамоат транспорти билан боғлиқ ўткир муаммо эса ҳар бир хонадон, вояга етган ҳар бир фуқарода ўз шахсий автомобилига эга бўлиш истагини юзага келтираётгани сир эмас. Кейинги йилларда қарз кўтарса ҳам, кредит олса ҳам енгил автомобиль сотиб олишга уринаётган юртдошларимиз кўпайганини ҳаммамиз яхши биламиз.
(Айни вақтда Тошкент шаҳрида 800 мингдан ортиқ енгил автомобиль бор. Вилоятлардан эса ҳар куни камида 150 мингдан ортиқ транспорт воситаси пойтахтга кириб келади. Демак, пойтахтда 1 миллионга яқин транспорт воситаси ҳаракатланади).
Шахсий автомобилга эга бўлиш яхши, албатта. Бироқ, автомобиллар сонининг кўпайгани, транспорт оқимининг кескин кучайиши тирбандлик, экологияга оид муаммоларни юзага келтираётгани ҳам айни ҳақиқат.
Тан олиш керакки, бугунги глобализация жараёнлари ҳар бир соҳадан тезликни талаб қилади. Ахир энг қиммат нарса – бу вақт. Ярим соат ёки ундан кўп вақтда келадиган автобус ҳеч кимга керак эмас.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, янги метро линиялари бунёд этилиб, ишга туширилгани жамоат транспортидаги муаммоларни бирмунча енгиллаштирди. Аммо бу билан муаммо батамом барҳам топмади. Чунки метро линияларидан узоқ бўлган аҳоли пунктлари кам эмас.
– Жамоат транспорти билан боғлиқ муаммоларга мутахассислар қандай ечимларни таклиф этмоқда?
– Аввало, давлатимиз раҳбари айтганидек, жамоат транспортлари сонини кўпайтириш зарур. Одамларга хавфсиз, арзон ва сифатли транспорт керак.
Муҳими, транспорт билан боғлиқ муаммога комплекс ёндашув йўлга қўйилмоқда. Бунинг учун фақат транспорт воситасини олиб келиш эмас, балки улар ҳаракатланадиган йўллар, чорраҳалар, кўприкларга ҳам эътибор берилмоқда. Йўллар бўйида қурилаётган бинолар ҳам назардан четда қолмайди. Бир сўз билан айтганда, йўл инфраструктураси устида жиддий иш олиб борилмоқда. Бу борада Транспорт вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти маршрутлари қайта таҳлилдан ўтказилаётир. Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб жорий этиладиган йўналишлар геокарталари тайёрланмоқда.
Айтиб ўтишим керакки, биз ўрганган 500 чорраҳадан 200 таси мутлақо талабга жавоб бермайди. Чорраҳаларни ҳар томонлама қулайлаштириш бўйича лойиҳалаш устида иш олиб борилмоқда.
Масалан, чорраҳага автобус бекатининг яқинлиги ундаги ўтказувчанликка салбий таъсир кўрсатади. Бир нечта автобус бекатга бир вақтда келса, қарабсизки чорраҳада тирбандлик бошланади.
Шу билан бирга, бекатлардаги бизнес шохобчалари ҳам транспорт ҳаракатига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Дўкондан харид қилмоқчи бўлган харидор машинасини бекатга қўйиб, автобуслар ҳаракатига халақит бериши кўп учрайди. Тўғри, тадбиркорга дахл қилиш мумкин эмас. Аммо юзага келаётган муаммони ҳал қилиш йўлини барибир топиш керак.
Халқаро тажрибада ўзини оқлаган жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ажратиш устида ҳам иш олиб борилмоқда.
Интеллектуал транспорт тизимига оид дастурлар яратилмоқда. Сунъий интеллектда ишлайдиган бундай дастурлар орқали транспорт билан боғлиқ муаммоларга оптимал ечим топиш мумкин.
Йўл инфраструктураси, йўл қурилиши бўйича илғор хорижий тажрибага, хусусан, Туркия, Германия каби давлатлар мутахассислари билан ҳамкорликка катта эътибор қаратилмоқда.
Университетимизда тайёрланаётган мутахассисларнинг билим, тажрибасини юқоридаги каби талаблар асосида мустаҳкамланмоқда. Улар фақат назариёт билан чекланмасдан, амалиётда ҳам бевосита ва фаол иштирок этишяпти. Бундан ташқари, талабаларимиз йўл қурилиши, транспорт коммуникация тизими ривожланган давлатларда стажировка ҳам ўташини кун тартибига қўйдик.
Жамоат транспорти билан боғлиқ муаммо барибир уларнинг сонига бориб тақалади. Ҳисоб-китобларга кўра, фақат пойтахтимиз учун яна мингта автобус керак.
Буни ҳисобга олиб Президентимиз топшириғига кўра, 400 та электробус келтирилади. Бундай замонавий транспорт воситалари нафақат одамлар учун, балки атроф-муҳит учун ҳам долзарб. Бу табиатга зарар берадиган зарарли газларни 8 баробарга камайтиради.
Ишонаманки, қулай жамоат транспорти тизими йўлга қўйилса, ривожланган давлатларнинг катта шаҳарларидаги каби бизда ҳам одамлар шахсий уловдан кўра жамоат транспортини афзал кўра бошлайди. Бу эса тобора авж олаётган транспорт тирбандликларига барҳам беради ва муҳими, аҳолига катта қулайлик яратилади. Бундай транспорт билан боғлиқ муаммолар ечимлари кейинчалик мамлакатимиз бўйлаб татбиқ этилади.
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА