Муносабат
Давлатимиз раҳбари раислигида 28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда таълим тизимида учраётган муаммолар, келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар бўйича таклифлар берилди.
Хўш, президентимизнинг таълимни ислоҳ қилиш бўйича берган таклифлари ушбу соҳа вакилларида қандай қизиқиш уйғотди? Соҳа вакилларида бу борада қандай фикрлар бор?
Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманидаги 18-умумтаълим мактаби директори, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Гулзира Элибаеванинг фикрлари билан қизиқдик.

– Гулзирахон, видеоселекторда кўтарилган муаммолар ва таклифлар бўйича қандай фикрдасиз?
– Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир чиқишларини кузатиб бораман. Аммо бу галгиси айнан менинг фаолиятимга тааллуқли бўлгани учун қўлимга блокнот олиб, ҳар бир сўзларини ёзиб олдим. Блокнотимда 22 варағ президентимизни сўзларидан олинган ихтибосларга тўлган. Эшитган ҳар бир янгилигимни тез-тез телефонда ёзиб, 70 нафар ходимдан иборат бўлган жамоамдаги телеграм каналига юбориб турдим. Видеоселекторни кузата олмаётган ўқитувчилар давлатимиз раҳбарининг бу чиқишларидан албатта хабардор бўлишлари керак эдида.
— Блокнотингизга энг биринчи қайси режаларни ёздингиз?
— Давлатимиз раҳбари шароитлардан кейинги муҳим масала мактаблардаги муҳит эканлиги ҳақида гапириб, бошқарувни ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлаб, халқ таълими бўлими мудирлиги ва мактаб директорлигига малакали кадрларни тайинлаш, хориждан мутахассислар жалб қилиш бўйича тавсиялар берди. Айнан шу тавсиялари бўйича ҳозир ўз режаларимни тузяпман.
– Худди шу масала юзасидан сизда бирорта таклиф борми?
– Албатта, таклифларим жуда кўп. Улардан биринчиси энг чекка қишлоқлардаги мактаб директорларидан беш нафардан танлаб олиниб, таълим сифати зўр хориж мамлакатига бориб малака ошириб келишса. Хорижга борган директор ёки ўқитувчи эҳтимол Америка очолмас, аммо ҳеч бўлмаганда ўз мактабидаги эскича тизимни йўқота оладиган даражадаги тажрибани олиб киради. Уларнинг методикасини ўрганади. Ҳужжатлар билан ишлашини кузатади.
Мисол учун Финляндияда мактаб директори кун давомида мактабда нима иш қилади? Ўқувчиларни таълимга жалб қилиш, ўқитувчиларни виждонан дарс ўтишини таъминлаш учун қандай йўл тутишади? Маънавиятчи, психолог, тарғиботчи, ёшлар етакчиси деган лавозимлар бормикан? Бор бўлса улар қандай ишлаяпди?
Хориж мактабларида таълим жараёнлари қандай олиб борилади, деган саволга жавоб топишга қизиқаман. Бизларда ўқувчиларимизга бепул китоб олиб келиб қўйсангиз ҳам ўқимайди. Сабаб нимада? Мана шу муаммоларни ечимини ўргангим, бартараф этгим келади.
Ҳозир ўқитувчилар айбни ота-оналарга, ота-оналар эса ўқитувчиларга ағдариб, ҳамма айбдорни излаш билан овора. Нега биз бундай аҳволга тушиб қолдик? Ахир дунёда ўлимдан бошқа ҳамма муаммони ечиш учун имконият борку? Буни ҳам ечими бор, деб ўйлайман.
– Президентимиз кўп педагогларнинг билими ва маҳорати етарли эмаслиги, ўқитувчи сифатли дарс ўтишга эмас, «кўпроқ соат олиш»га интилиши ҳақида ҳам гапириб ўтдилар...
– Бизда ҳали ҳам кўзбўямачиликлар бор. Мисол учун, мен бирорта синфга кириб, ўқитувчининг дарс ўтишини кузатадиган бўлсам, ўша куни ўқитувчи дарсни бошқача ўтади. Яъни, ўқувчи учун эмас, директор учун ўтади. Биз шундай йўл тутишимиз керакки ўқитувчи дарсни директорга ёки бошқаларга ёқиш учун ўтмасин.
Биласизми, айрим ўқитувчиларда нима етишмайди? Изланиш. Ўз устида ишлаб, ҳар куни йўқ деганда ўқувчиларига бир дона бўлса ҳам янгилик ва янги фикр айта олган ўқитувчини ортидан ҳамма эргашади.
– Айни пайтда мамлакатимизда барча ўқувчилар онлайн тизимда таълим олишяпди. Бу жараён сизнинг мактабингизда қандай кечмоқда?
– Аслида онлайн мактаб бизга ўзининг салбий асоратларини кўрсатмоқда. Начора, шароит шуни тақозо қилган экан, бунга ҳам тез фурсатларда ечим топилади, деб ўйлайман. Кеча ўзим 12 та хонадонга кирдим. Атайлаб уйида интернети ва телевизори бор, яъни «ўзига тўқ» оилаларга бордим. Ёлғон бўлмасин, битта оиладаги ўқувчининг онаси фарзандига онлайн дарс қилдиряпди. Қолган 11 нафар ўқувчининг биттасини онаси тўйда, бошқасиники фотиҳага яна қаерларгадир кетган. Болалар ўз холича, дарсни умуман кузатгани йўқ. Ҳаммасининг уйида техник имкониятлар етарли, ота-она онлайн дарсга кириши учун шароит яратиб берган. Лекин ўқувчи онлайн ўқишниям, офлайн ўқишниям истамайди. Нега? Нима учун? деган саволлар менга тинчлик бермайди.
– Президентимиз «Мактабларнинг дарс тугаши билан ёпилиши мутлақо нотўғри. Кутубхона, спорт зал, компьютер хоналари, тадбирлар зали доимий ишлаши, уларда ҳар куни мусобақа, концерт, китобхонлик, мушоира, «Заковат» ва бошқа интеллектуал ўйинлар ўтказилиши керак», – деди. Шу фикрлар бўйича қандай режаларингиз бор?
– Шахсан бизни мактабимиз дарвозаси соат 22:00 гача очиқ туради. Спорт залимиз доимий ишлайди. Уйим яқин бўлгани учун тунда ҳам бир мактабга келиб, хабар олиб кетаман. Кутубхоналар ҳам очиқ турсин, демоқдалар президентимиз. Биз болаларни шу нарсаларга жалб қилишимиз керак. Ўқувчилар бепул тўгаракларга ҳам келмайди. Минг марта гапиргандан, бир марта кўрган афзал, деганларидек, ўзгаришни, янгиликни киритишимиз учун бошқа давлатлар таълимини телевизор ёки ижтимоий тармоқ орқали эмас, ўзимиз бориб кўришимиз, ўрганишимиз зарур.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.