Ҳар бир мамлакатда қабул қилинган қонунларга хилоф равишда содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчилик суръатини кескин камайтириш ва уларга қарши курашиш долзарб аҳамият касб этади.
Хўш, мамлакатимизда жиноятчилик кўрсаткичлари қандай ва унинг олдини олиш бўйича нималарни амалга оширишимиз лозим?
Ўзбекистон Республикаси Статистикаси Қўмитасининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-июнь ойларида жиноят содир этган шахслар сони 27130 кишини ташкил этган бўлиб, жиноят содир этган аёллар 3236 нафар ёки жамига нисбатан 11,9 % ни, эркаклар эса 23894 кишини ташкил этган (88,1 %).
Рўйхатга олинган жиноятларнинг турлари бўйича таҳлил қилинганида, 2021 йилнинг январь-июнь ойларида республикамизда 9439 та фирибгарлик (жамига нисбатан 20,7 %), 8354 та иқтисодиёт соҳасида, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши жиноятлар (жамига нисбатан 18,3 %), 7618 та ўғрилик (16,7 %), 2500 та ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (5,5 %), 2092 та гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар (4,6 %), 1150 та порахўрлик (2,5 %), 1100 та безорилик (2,4 %), 489 та қасддан баданга оғир шикаст етказиш (1,1 %), 416 та талончилик (0,9 %), 217 та қасддан одам ўлдириш ва одам ўлдиришга уриниш (0,5 %), 158 та товламачилик (0,3 %), 146 та номусга тегиш ва номусга тегишга уриниш (0,3 %), 135 та босқинчилик (0,3 %) ва 11816 та бошқа турдаги жиноятлар (25,9 %) рўйхатга олинган.
2021 йил январь-июнь ойларида жиноят содир этган шахсларнинг ёши жиҳатидан таҳлил қилинганида, жами жиноят содир этган шахслар 27130 нафардан иборат бўлиб, шундан 31 ёш ва ундан катталар 62,5 % ни (16957 нафар), 25-30 ёшдагилар 19,3 %ни (5224 нафар), 18-24 ёшдагилар 15,4 % ни (4184 нафар) ва 13 -17 ёшдагилар 2,8 % ни (765 нафар) ташкил этган.
Ҳозирги кунда айниқса, бозор муносабатларига ўтишда содир бўлаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг самарали усул ва воситаларини ишлаб чиқиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» этиб белгилангани бежиз эмас.
Ўз навбатида таъкидлаш лозимки, ҳар қандай жиноятни тор маънодаги ҳуқуқий ҳодиса сифатида тушунишдан воз кечилиб, унинг ижтимоий-ҳуқуқий ва руҳий восита сифатида эътироф этилиши натижасида айбдорнинг қилмишига нисбатан янги нуқтаи назардан ёндашиш омили юзага келди ва жиноятлар профилактикаси жиноятчиликка қарши курашишдаги бош йўналишга айланди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси жараёнида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш шартли равишда икки йўналиш: а) ғайри ижтимоий хулқ-атвордан шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш; б) ҳуқуқбузарликлар профилактикаси чора-тадбирлари йўналтирилган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш.
Жиноятларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш учун бундай жиноятларнинг айрим ўзига хос хусусиятларини, энг аввало, маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бундай жиноятларнинг содир этилиш фактини ўрганиш орқали тегишли хулосалар чиқариш имконига эга бўламиз.
Шундай экан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш учун қандай профилактика чораларини амалга оширишимиз керак? Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий саводхонлигини ривожлантириш бўйича фаолият олиб бориш;Коррупцияга қарши кураш;аҳолининг ҳар қандай ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатини шакллантириш;ватанпарварликни ривожлантириш.
Ф.ХУДОЙҚУЛОВ,
ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи, криминология
ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси
доценти вазифасини бажарувчиси