Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида халқаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда 2021 йилда институтнинг халқаро олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, хорижий давлатларнинг юртимиздаги элчихоналари билан ҳамкорлиги, амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар бўйича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда институтда халқаро ҳамкорлик ишлари доирасида дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан 46 та шартнома ва меморандум имзоланган. Шулардан 14 таси QS (Quacquarelli Symonds World University Ranks), THE (Times Higher Education) ҳамда ARWU (The Academic Ranking of World Universities) каби халқаро рейтинг ташкилотлари томонидан юқори баҳоланган олий таълим муассасалари ҳисобланади.
Кубан давлат университети билан ҳамкорликда рус тили бўйича сертификат берувчи марказ очиш ва унда Кубандаги машҳур профессор-ўқитувчилар иштирокини таъминлаш орқали халқаро сертификат беришни йўлга қўйиш, дефектология таълим йўналиши бўйича келгуси ўқув йилидан бошлаб «2+2» тизими доирасида қўшма бакалавриат дастурини ташкил этиш, институт ҳузуридаги математикага ихтисослаштирилган мактабда Кубан давлат университети профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг билимини ошириш, олимпиадаларга тайёрлаш, шу билан бирга, икки олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари билан биргаликда дарслик, ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ҳамда нашр қилдириш масалалари бўйича амалга ошириладиган ишлар келишиб олинди. Шу аснода Кубан давлат университетининг профессор-ўқитувчилари институтга ташриф буюриб, талабаларга маърузалар ўқиб, анжуман ва семинарларда иштирок этди.
[gallery-5601]
Шу билан бирга, Сочи давлат университети билан ҳамкорликда экологик, зиёрат, қишлоқ хўжалиги ва меҳмонхона фаолияти, туризм йўналишлари бўйича бакалаврлар тайёрлаш истиқболлари ҳақида музокаралар олиб борилди. Натижада олий таълим муассасалари ўртасида илмий-педагогик фаолиятда ҳамкорлик бўйича шартнома имзоланди.
Институтда Ўзбекистоннинг Покистон Ислом Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов билан учрашувда Панжоб университети билан ҳамкорлик бўйича музокаралар бўлиб ўтган эди. Институт делегацияси 2021 йил июнь ойида Покистон Ислом Республикасининг Лаҳор шаҳрида жойлашган Панжоб университетига хизмат сафари билан ташриф буюриб, икки олий таълим муассасаси ўртасида талабалар, докторантлар ва профессор-ўқитувчилар алмашиш, 6 ойдан 1 йилгача бўлган бепул ва барча харажатлари қопланадиган ўқув сафарларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни муҳокама қилди.
Шунингдек, институтга Россия Фередациясининг П.П.Семёнов-Тян-Шанский номидаги Липеск давлат педагогика университети делегацияси хизмат сафари доирасида ташриф буюриб, ҳамкорликда «Г.Аполлинаире. Ҳаётни севгига бағишланг» мавзусида анжуман ташкил этилди.
Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дениел Розенблюм институтда АҚШ элчихонаси билан ҳамкорликда 2016 йилдан буён фаолият олиб бораётган “ACCESS” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, яратилган шароитлар билан танишди. Дастур доирасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди ҳамда йил якунлари бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган икки нафар талабани Америка Қўшма Штатларига бир ойлик ёзги оромгоҳга юбориш борасида таклиф билдирди.
Бугунги кунда институтда АҚШ давлат департаментининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган талабаларга инглиз тилини “STEM” йўналиши асосида ўқитиш дастури бўйича “English Access Microscholarship Programm – STEM” грантининг 55 минг АҚШ доллари миқдоридаги ишлари йўлга қўйилган. Шу билан бирга институт Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳамда UNICEF ташкилоти билан ҳамкорликда ижтимоий инновацияларни қўллаб-қувватлаш бўйича “UP-Shift” лойиҳасининг, шунингдек, Россия Федерациясининг «Русский мир» жамғармаси лойиҳасининг ғолиби ҳамдир.
Дунёнинг «ТОП-1000» лигига кирувчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, хорижий талабаларни институтга жалб қилиш мақсадида таълим сифатини такомиллаштириш, миллий ҳамда халқаро рейтингларда институтнинг кўрсаткичларини юқорилатиш билан бирга, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб Кубан давлат университети билан дефектология таълим йўналиши бўйича қўшма таълим, И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан рус тили мутахассислиги бўйича магистратура босқичида қўшма таълимни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА