Маълумки, хорижий ОТМларга ўқишга кириш учун талаб этиладиган А-level имтиҳонларини ўтказиш ҳуқуқи Президент таълим муассасалари агентлигига берилди. Бу эса энди мазкур имтиҳонларни ўзимизда ҳам топшириш имкониятини беради. Президент мактаблари А-level имтиҳонларини ўтказувчи Ўзбекистондаги ягона Марказдир.
А-level сертификати нима, имтиҳон топшириш тартиблари ва мазкур сертификатнинг афзалликлари ҳақидаги саволлар билан Агентликнинг Мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Гавҳар Ишимовага мурожаат қилдик.
— Аввало, А-level ҳақида маълумот берсангиз? Бу қандай сертификат, имтиҳон топшириш талаблари қандай?
— А-level сертификати IELTS, TOEFL ва SAT каби халқаро сертификат бўлиб, унда ўқувчи бир вақтнинг ўзида 5 тагача фандан имтиҳон топшириши мумкин. Сертификатда қайд этилган натижа ўқувчининг шу фан бўйича кўрсатгичини намойиш этади ва хорижий ОТМлар томонидан тан олинади. А-level, шунингдек, IGCSE ва АС level имтиҳонларини топшириш учун ёш чеклови, махсус тил билиш сертификатлари талаб этилмайди.
Бу сертификат халқаро миқёсда тан олинган ва имтиҳонларда А+(а+), А (а), Б (б), C (c), Д (д) ёки Э (э) даражаларини олиш мумкин. Бунда А+(а+) - энг юқори, Э(э) - энг паст кўрсатгич ҳисобланади. Cambridge Assessment International Education ташкилоти билан келишувга кўра, Агентлик тизимидаги Президент мактабларига бу имтиҳонларни ташкил этиш ҳуқуқи берилди. Энди А, AS ва IGCSE имтиҳонларини топшириш учун хорижга боришга зарурат йўқ – имтиҳонлар Президент мактабларида ўтказилади.
— А-level сертификати талабгорга қандай имтиёзлар тақдим этади?
— А-Level сертификати дунёнинг 95 мамлакатидаги 1750 дан ортиқ олийгоҳлар томонидан тан олинади. Бу рўйхатга Times Higher Education ташкилоти томонидан ТОП 20 таликка киритилган барча университетлар ва Буюк Британияда жойлашган олийгоҳларнинг ҳаммаси киради. Мазкур ОТМлар орасидан Оксфорд Университети, Манчестер Университети, Стендфорд Университети, Кембриж ва Сингапур Миллий университети каби нуфузли хорижий таълим даргоҳлари ҳам ўрин олган.
А-level имтиҳонларида қайд этилган натижасига қараб талабгорнинг хорижий ОТМ га ўқишга қабул қилиниш имконияти ошади. Баъзи университетларда мазкур сертификатдаги кўрсатгичи курс давомийлиги ва тўлов-шартнома миқдорининг камайтирилиши имтиёзини беради.
А-level сертификати Ўзбекистонга энди кириб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Дунё тажрибасида тил билиш кўрсатгичини аниқловчи халқаро IELTS ва TOEFL каби имтиҳонлар сингари, муайян фан йўналишида А-Level имтиҳонларини топшириш ҳам оммалашган. Ҳозирда Агентлик тизимидаги Президент мактабларининг барча ўқувчилари бу сертификатга эга. Мактабларимизнинг илк битирувчилари томонидан қайд этилган А-level натижаларини Cambridge Assessment International Education ташкилотининг таълим йўналиши бўйича бош маслаҳатчиси Стиве Кинг жуда юқори баҳолаган эди.
— А-level имтиҳонлари қай тартибда ўтказилади? Бу сертификат фақат Президент мактаблари ўқувчилари учунми?
— Йўқ, мазкур имтиҳонларни Республикамиздаги барча таълим муассасалари ўқувчилари, шунингдек, бошқа истовчилар ҳам топширишлари мумкин. 2021—2022 ўқув йилидаги имтиҳонларни Нукус, Хива, Наманган ва Тошкент шаҳридаги Президент мактаблари ўтказади. 2022—2023 ўқув йилидан эътиборан Республикамиз ҳудудидаги барча Президент мактаблари мазкур имтиҳонларни ўтказиши режалаштирилган. Бунда Тошкент шаҳри ва ҳудудлардаги Президент мактаблари мазкур сертификатлар учун имтиҳонларни ташкил этувчи Тест марказлари вазифасини бажаради.
АС/А level ва IGCSE сертификатлари учун имтиҳонлар анъанавий тарзда йилда икки марта — октябрь, ноябрь ойларида ва май-июнь ойларида бўлиб ўтади. Кузги имтиҳонлар учун номзодлар август-сентябр ойларида, май-июндаги имтиҳонлар учун эса март-апрель ойларида рўйхатдан ўтишлари мумкин. Жорий йилнинг 15 январидан эътиборан навбатдаги имтиҳонлар учун талабгорлар маълумотлари йиғилиши бошланади.
Агентлик эса, Cambridge Assessment International Education билан ҳамкорликда марказлашган тартибда имтиҳон жараёнларини ташкил этади ва жараённи назорат қилади. Имтиҳон саволлари ва сертификат Cambridge Assessment International Education томонидан тақдим этилади.
ЎзА мухбири Файзулло Яҳёев тайёрлади.