Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш соҳасига оид талабларни соддалаштириш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳада шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бирлаштириш йўли билан тизимлаштириш, бугунги кунда ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш кўзда тутилган.
Қурилиш объектининг якуний ҳолатига бўлган талабларни белгилаб берувчи қурилишни нормалашнинг параметрик усулини қўллаш, жисмоний ва юридик шахсларга шаҳарсозлик фаолияти соҳасида хорижий норматив ҳужжатларини белгиланган шартлар асосида қўллашга рухсат бериш назарда тутилмоқда.
Қурилиш соҳасида нархларни шакллантиришда асос бўлувчи смета қоидаларини смета нормативлари шаклида тасдиқлаш ва очиқликни таъминлаш, қурилиш соҳасидаги ўзини ўзи бошқарувчи нотижорат ташкилотларга аъзо бўлиш тартибини жорий этиш орқали архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартибини бекор қилиш лойиҳадан ўрин олган.
Қурилиш соҳасидаги якка тартибда уй-жой қуриш (реконструкция қилиш) бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бекор қилиш, хусусий сектордаги юридик шахсларга қурилиш-монтаж ишларида қурилиш назоратини амалга ошириш ҳуқуқини бериш ҳам назарда тутилмоқда.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базасига тизимли равишда жойлаштирилиши таъминланади.
Сунъий йўлдош ва бошқа учувчисиз учиш аппаратлари орқали ерни масофадан зондлаш ва йўлдошли алоқа космик аппаратларини қўллаш орқали қурилишда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши мониторинг қилиш тартибини такомиллаштирилади.
Инновацион жараёнларини, янги турдаги материаллар ва маҳсулотларни синовдан ўтказишга мўлжалланган “Триал поол” – синов майдони ташкил этилиши мумкин.
Лойиҳа матни билан танишиб, таклиф билдириш мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА