Орол ўзининг гуманитар, экологик ва ижтимоий-иқтисодий салбий оқибатлари жиҳатидан глобал муаммога айланиб улгурди.
Оролбўйи минтақасининг экологик барқарорлигини таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси томонидан янги ислоҳотлар ва халқаро ташаббуслар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Бу борада амалга оширилган энг муҳим ишлардан бири, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги 75-сессиясида «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюцияси қабул қилинди.
Ушбу махсус резолюцияда белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 29 июлда «Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида» қарор қабул қилинди.
Ушбу қарор билан Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга боғлиқ 2021-2024 йилларда амалга оширилиши белгиланган 7 та йўналишдаги 71 та тадбирдан иборат «Йўл харитаси» тасдиқланди. «Йўл харитаси»даги тадбирлар учун турли манбалардан 312 млрд. сўм, 22,2 млн. АҚШ доллари, 6 млн. еврога тенг маблағлар сарфланиши белгилаб берилди. Шу билан бирга, қарор билан махсус резолюцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун 2021-2024 йилларда бажарилиши режалаштирилган 65 та устувор инновацион лойиҳалар тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тўғрисида»ги қарори йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга оширишни мақсад қилган. Хусусан, унда қуйидагилар назарда тутилади:
янги иш жойларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш борасидаги комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
сув таъминоти тизимини ривожлантириш ва аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражасини ошириш, канализация, санитария ва маиший чиқиндилардан фойдаланиш тизимларини яхшилаш;
минтақада соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш ва аҳоли генофондини асраш тадбирларини амалга ошириш;
минтақада яшовчи аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириш, кўп квартирали уйларда уй ичи муҳандислик коммуникациялари ва умумфойдаланадиган жойларни таъмирлаш, шунингдек болалар ва спорт майдончаларини барпо этган ҳолда уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш;
минтақа аҳоли пунктларининг транспорт, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, суғориш ва ташқи ёритиш тармоқларини такомиллаштириш, Нукус ва Урганч шаҳарларининг замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этган ҳолда иссиқлик таъминоти тизимларини яхшилаш.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой туманларида, Хоразм вилоятининг Янгиариқ ва Қўшкўпир туманларида жойлашган саноат соҳасида (автомобилларга газ тўлдирувчи компрессор станцияларидан ташқари) янги ташкил этилаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар — 2027 йилнинг 1 январига қадар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг қолган туманларида — 2022 йилнинг 1 январига қадар муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилиши ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой ва Кегейли туманларида жойлашган тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва фақатгина ушбу туманларда фойдаланиладиган махсус техника, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, металл конструкциялар учун 2020 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилиши белгилаб бердилар муҳтарам Президентимиз ўз қарорларида.
Шунингдек, жорий йилнинг 23 ноябрь куни Президентимизнинг «Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳам имтиёзлар берилишининг бир давоми бўлди десак, муболаға бўлмайди. Чунки бу фармонда ушбу минтақада яшовчи тадбиркорликларга бир қатор имтиёзлар берилган.
Юқоридагиларни кўриб айтишимиз мумкинки, глобал муаммо сифатида халқаро миқёсда ҳал қилинишга ҳаракат қилинаётган Орол денгизи фожиасини зарар ва оқибатларини иложи борича камайтиришга кескин чоралар олиб бориляпти.
Таклиф ўрнида эса шунга ўхшаш атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш ниҳоятда муҳим. Шунингдек, Оролбўйи минтақасида кузатилаётган зарар ва таъсирларни комплекс равишда ўрганиш мақсадида хорижий тажриба ва илмий асосланган чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш зарур. Нафақат ишлаб чиқиш, балки барча ушбу минтақадаги аҳолини биргаликда ушбу чораларни қўллашдаги иштирокини таъминлашга ҳам ҳаракат қилиш зарур.
Ўтказилган тадқиқотлардан асос сифатида келтирадиган бўлсак ҳам, Орол ва Оролбўйи муаммосини ечишдаги учта асосий йўналишлар, яъни, биринчидан, ичимлик сувини қувурлар орқали аҳолига етказиб бериш билан ҳудуднинг санитар-эпидемиологик аҳволини яхшилашга, шунингдек, ер ости чучук сувидан фойдаланишга ҳам эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш ва санитария хизмати даражасини кескин юқорига кўтариш зарурлиги уқтирилди.Иккинчидан, денгизнинг қуриган жанубий қирғоқларида сунъий дамба қуриб, дельта экосистемасини доимий сувлантириш йўли билан «Яшил камар» ҳосил қилиш; учинчидан, денгизни ўзини сақлаш. Уни сақлаш учун унга систематик равишда кўп миқдорда сув юбориб туриш кераклиги ва бундан ташқари Оролни қуриган тубида саксовулзорлар барпо этиш натижасида қум кўчиши, чанг кўтарилишини олдини олиниши мутахассислар томонидан таъкидланди. Зеро, бу шу заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг она Ватанимизга, унинг табиатига бўлган фарзандлик бурчидир.
Фарангиз Эштурдиева,
Тошкент давлат юридик университети талабаси