Бутун ер юзида юз бераётган глобал иқлим ўзгаришлари, ерларнинг яроқсиз ҳолга келиши, тупроқ шўрланиши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши экологияга, иқтисодиёт тармоқлари ривожи ва инсониятнинг фаровон келажагига жиддий хавф солмоқда.
Кўпгина мамлакатларда чўлланиш ва ерларнинг деградацияга учраши оқибатида дунё бўйича қарийб 2 миллиард гектар ер майдони яроқсиз аҳволга келиб қолган. Жумладан, Ўзбекистон ҳудудининг 70 фоизи ёки 31,4 миллион гектари табиий шўрланишга, қум кўчкилари, чангли бўхрон ёки гармселлар таъсирига учраган қурғоқчил ва ярим қурғоқчил майдонлардан иборат. Айниқса, Орол фожиаси оқибатида 5,5 миллион гектардан ортиқ ер тузли чўлга айлангани ачинарлидир. Дунёдаги бу каби ҳолатлар экологик таҳдидларнинг нечоғли юқорилигини англатади.
Бугун Олий Мажлис Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси, Экоҳаракат, Ўзбекистон миллий университети, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази, Шўрланган тупроқларда биодеҳқончилик халқаро маркази ҳамкорлигида “Оролбўйи тупроқ, иқлим, биохилма-хиллиги ҳолати: долзарб муаммолар ва иннновацион ечимлари” мавзуида халқаро конференция ўтказилди.
Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов бугунги кундаги экологик муаммолар, Орол ҳалокати, унинг салбий таъсирлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, Орол ҳалокати глобал экологик муаммо сифатида дунё эътиборини ўзига тортди. Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият тобора кескин тус олаётган бир пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев қисқа муддатда аниқ ва тезкор чоралар билан жаҳон ҳамжамиятини Орол муаммосига эътибори, муносабатини ўзгартирди. Президентимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги 75-сессиясида “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюцияси қабул қилинди.
Мазкур резолюцияда белгиланган вазифалар ижросини бажариш мақсадида 2021 йил 29 июлда “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан Оролбўйи минтақасига иқтисодиёт тармоқларида ресурсларни тежовчи ва юқори самарага эга замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ 7 та йўналишдаги 2021-2024 йилларда амалга оширилиши белгиланган “Йўл харитаси” тасдиқланган. Шу билан бирга, 65 та устувор инновацион лойиҳалар ҳам тасдиқланган. Ушбу лойиҳалар учун турли манбалардан 1,9 триллион сўм маблағ сарф этилиши ва натижада 4 минг 500 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020 – 2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида 2 минг 788 та лойиҳа ва объектларда 21 триллион 209 миллиард сўмлик кенг кўламли ишлар бажарилиши режалаштирилган.
– Орол муаммоси нафақат Ўрта Осиё, балки бутун инсониятга тегишли долзарб муаммо бўлиб қолмоқда, – дейди Шўрланган ерларда биодеҳқончилик халқаро маркази раҳбари Азиз Каримов. – Бугунги конференцияда асосан Орол фалокати натижасида юзага келаётган муаммолар, Қорақалпоғистон Республикасида ер ва сув хўжалигида олиб борилаётган сиёсат, бу борада маҳаллий ва халқаро ташкилотлар томонидан қаратилаётган эътибор, кутилаётган натижалар каби масалалар муҳокама қилинди. Шўрланган ерларда биодеҳқончилик халқаро маркази томонидан таклиф этилаётган бир қанча лойиҳалар кўриб чиқилди. Улар асосида ишлаб чиқиладиган тавсиялар келгуси фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-4889]
Халқаро конференцияда видеоконференцалоқа шаклида иштирок этган Халқаро тупроқшунослик бирлашмаси бошлиғи Лаура Берта Санчес хоним иштирокчиларга видеомурожаат қилиб, сайёрамизда юз бераётган экологик муаммоларни юмшатиш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини баён қилди. Шунингдек, соҳага оид халқаро даражадаги вакилларнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табриклари ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, Сенат томонидан Орол муаммоси ва унинг ечимлари бўйича амалга оширилаётган ишларга оид тайёрланган видеоролик намойиш этилди.
Конференцияда ҳозирги мураккаб вазиятда юртимизда ер ресурсларини асраш, ундан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани алоҳида қайд этилди. Мамлакатимиз чўлланишга қарши кураш, иқлим ўзгариши бўйича доиравий ҳамда Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани таъкидланди.
Аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда саноат тармоқларини муҳим хом ашёлар билан кафолатли таъминлаш, экспорт салоҳиятини юксалтириш бевосита ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлашга боғлиқ. Мамлакатимиз ҳудудининг 9,6 фоизи суғориладиган ерларга тўғри келиб, ушбу майдонларда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 95 фоиздан ортиғи етиштирилади.
Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан бевосита ҳудудларга чиқилиб, мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар назорат-таҳлил тартибида ўрганилмоқда, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Конференцияда қўмита экспертлар гуруҳи аъзолари томонидан ўсимликларнинг тўлиқ озиқланишини таъминлаш учун янги авлод биоўғитлар асосида янги экологик хавфсиз, ресурстежамкор, иқтисодий жиҳатдан самарали биоагротехнология яратилгани алоҳида қайд этилди. Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида 1 минг 440 гектар майдонда мазкур биотехнология қўлланилган.
Натижада экилган уруғларнинг 98 фоизи униб чиққан, минерал ўғитлар миқдори 25-50 фоизга камайган, тупроқнинг унумдорлиги 20-30 фоизга ошган, ҳосилдорлик 20 фоизга кўтарилиб, ҳосил пишиши муддати 15-20 кунга қисқарган. Шунингдек, ўсимликларни касалликлар ва зараркунандалар билан зарарланиши камайган, сарфланадиган сув миқдори 25-30 фоизга ва экиладиган уруғлар меъёри 10-20 фоизга камайган.
Конференция доирасида ер ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, олий ўқув юртларида замонавий тупроқшунос-агрокимёгар мутахассисларни тайёрлаш, соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш, деградацияга учраган тупроқлар унумдорлигини ошириш учун инновацион технологиялар ва янгича ёндашувлар, шўрланган тупроқлар шароитида биодеҳқончилик каби масалалар мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА