
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2021 йил 26 августдаги “Халқ таълими тизимини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисида”ги буйруғига асосан, A.Aвлоний номидаги ХТМЎИБИТИ да Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг узлуксиз касбий ривожлантириш курсларини ташкил этиш бўйича “Узлуксиз касбий ривожлантириш – 2022” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа бўйича иштирокчиларни саралаб олиш сентябрда амалга оширилган.
Бугунги кунда лойиҳада 90 га яқин мутахассис фаолият олиб бормоқда. Лойиҳанинг 1- ва 2-босқичи якунига кўра, 22 та фан ўқитувчилари ва умумтаълим мактабларининг ўқув-тарбия, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари учун узлуксиз касбий ривожлантириш курслари замонавий ишчи ўқув режа ва дастурлари, мактабларда низоларни ҳал қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш, шунингдек, ўқувчиларни хавф гуруҳидан чиқариш учун мактаб ўқитувчилари ва психологлари малакасини ошириш юзасидан махсус дастурлар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 январдаги “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Келажак мактаби, унинг раҳбари ва ўқитувчисининг моделини яратиш” асосида халқ таълими раҳбар ва педагоглари учун “Келажак мактаби лидерлари” мақсадли курслари ишчи ўқув дастурлари (30 соатлик ўзбек тилида) ишлаб чиқилган.

Лойиҳанинг кейинги босқичида “Келажак мактаби лидерлари” мақсадли курсларига халқ таълими тизимидаги янгича фикрлайдиган ёшлар орасидан 30 нафар раҳбар ва педагог ходимни саралаш ишлари ташкил этилади.
“Келажак мактаби лидерлари” мақсадли курсларини ўтказиш учун Mfaktor МЧЖ раҳбарлари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовлар билан музокаралар олиб борилди. Натижада мазкур курсларга республикамиздаги кўзга кўринган спикерлар asaxiy.uz асосчиси Ф.Aллаев, “Нажот таълим” МЧЖ ва “Осмондаги болалар” лойиҳалари асосчиси Т.Aдхамов, “Юксалиш лидерлар академияси” асосчиси М.Эшонқулов иштирокини ҳам таъминлаш ва “Келажак мактаби лидерлари” курсини янада нуфузли қилиб ўтказиш режалаштирилди.
Бундан ташқари лойиҳа доирасида умумтаълим мактабларидаги таълим муҳитини баҳолаш бўйича TALIS халқаро тадқиқотлари ўрганилди. Жумладан, умумий ўрта таълим мактабларидаги муҳитни ўрганиш бўйича 11 та йўналишда 49 та бўлимдан иборат сўровнома шакллантирилди. Сўровномада республикамиз бўйича жами 12 446 нафар халқ таълими тизимидаги раҳбар ва педагог ходим иштирок этди. Сўровнома натижалари асосида таҳлилий маълумот тайёрланди ва TALIS халқаро тадқиқотлари талаблари асосида ўтказилган сўровнома ҳамда тадқиқотнинг Ўқитувчи ва мактаб директорларини узлуксиз тайёрлаш бўйича ҳисоботи тайёрланди.
Муяссар Жуманиязова,
А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти матбуот котиби.
ЎзА