Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Йиғилишда Молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳмонова 2022 йилги Бюджетнома лойиҳасида режалаштирилаётган мақсад-вазифалар ҳақида ахборот берди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида келгуси йил учун Давлат бюджети даромадлари 200 триллион сўм ёки ЯИМга нисбатан 23,8 фоиз миқдорида прогноз қилинмоқда. Шундан келиб чиқиб, 2022 йил учун Давлат бюджети харажатлари 214,8 триллион сўм миқдорида белгиланмоқда.
Фракция аъзолари партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, экология масалаларига ажратилаётган маблағларни муҳокама қилди.
Давлат бюджетидан 2022 йилда аграр ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ йўналишларга ажратиладиган маблағлар қуйидагилардан, хусусан, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштиришни янги жорий этилган тартибга асосан молиялаштириш учун Жамғармага 5 триллион сўм беғараз молиявий ёрдам ажратиш белгиланмоқда. Шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерларининг ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий техника ва технологияларни қўллаш даражасини ошириш учун бир марталик грант маблағларини молиялаштиришга 1 триллион сўм маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.
Президентимизнинг қарорларига мувофиқ 2022 йилда 260 минг гектар қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш белгиланган бўлиб, мазкур тадбирларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар беришга давлат бюджетидан 1,2 триллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутиляпти.
Шу билан бирга, Давлат экология қўмитаси тизимидаги ташкилотлар, шу жумладан, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш харажатларига 111 миллиард сўм, қўмита тизимидаги аналитик лабораторияларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга 18 миллиард сўм, қўмита томонидан юритиладиган давлат кадастрларини шакллантириш ва юритиш харажатларига 5 миллиард сўм ажратиш белгиланмоқда.
Йиғилишда “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА