Фарғона вилояти умумий аҳолисининг 26,4 фоизи, яъни 787 минг 200 нафари спортнинг у ёки бу тури билан шуғулланмоқда. Саломатликни мустаҳкамлашда спорт билан шуғулланишнинг ўрни беқиёс. Айниқса, инсон организми учун ниҳоятда фойдали. Бироқ аксарият кишилар иши кўплигини рўкач қилиб ёки эринчоқлиги боис ҳар доим ҳам оддий жисмоний машқларни бажармайди. Бундай тоифадаги одамларга пиёда юриш жуда фойдали экан.
Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи деган ибора кейинги пайтларда бот-бот тилга олинаётган, пиёда юриш марафонлари, «Соғлом ҳаёт сари беш минг қадам», «Автомобилсиз кун» сингари акциялару тарғибот тадбирлари ўтказилаётган бўлсада, кўпчилик юртдошларимиз онгу шуурида соғломликни асрашнинг дастлабки талаби бўлмиш пиёда юришга нисбатан эътибор сустлиги бор гап. Кам ҳаракатлилик эса кўплаб хасталикларнинг «онаси» эканлиги аллақачон олимлар томонидан исботланган. Россиялик кардиолог Лидия Ионованинг фикрича, инсон организмидаги барча тизимлар тўғри ишлаши учун кунига камида 10 минг қадам, бир ҳафтада эса 70 минг қадам юриш керак.
–Жисмоний фаоллик, айниқса, пиёда юриш инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Бунда организмдаги барча тўқималарда қон айланиши, тана аъзолари фаолияти яхшиланиб боради, – дейди Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти патология асослари кафедраси ассистенти Фазлиддин Ҳасанов. – Одам юрган пайтда моддалар алмашинуви, тўқима ва органларнинг кислород билан таъминланиши кучаяди. Замонавий тиббиётда касалликларни даволаш эмас, келиб чиқишини изчил ўрганиш, олдини олиш бош мезон саналади. Миллиардлаб маблағ эвазига дори-дармон, даволаш аппаратуралари олиб келиш ўрнига, хиёбонлар барпо этиш, пиёдалар ва велосипед йўлаклари қуриш муҳимроқ. Маълумки, кўпчилик овқат еб бўлганидан кейин сайрга чиқади. Аслида эса овқатдан олдин бир оз сайр этиб, ундан кейин тамадди қилиш киши организми учун ниҳоятда фойдалидир. Бир ярим соатлик сайр қон таркибидаги ёғларни 25 фоиз камайтиради. Бу жараён овқат истеъмолидан кейин ҳам давом этади. Шу билан бирга, ёғларнинг ўзлаштирилиши ҳам яхшиланади.
Бугунги кунда соғлом турмуш тарзига муҳим эътибор қаратилиб, ҳар бир туман-шаҳарда пиёда ва велосипедда юриш учун 3-5 километр узунликда «Саломатлик йўлаклари» ташкил этилмоқда. Бинобарин, фуқаролар юриши, сайр қилиши, велосипедда ҳаракатланиши учун қулай тизим яратиш долзарб вазифа ҳисобланади.
Юриш тана учун энг табиий ва ўта фойдали жисмоний жараён ҳисобланади. Шундай бўлсада, инсоният камроқ юриш учун нималар ўйлаб топмади дейсиз: эскалаторлар, лифтлар, электросамокатлар, мототциклу автомобиллар ва ҳоказо. Ваҳоланки, илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича, айнан пиёда юриш – умрни узайтириш учун жуда фойдали машғулот.
Пиёда юришнинг фойдаси ҳақидаги фикрларни қадимги юнон алломаси Гиппократдан бошлаш мумкин, у тахминан 2400 йил аввал «Пиёда юриш – инсон учун энг яхши даво воситаси» деб айтган. Муқаддас динимиз аҳкомларида ҳам масжидга пиёда бориб-келиш хусусида ҳадислар баён қилинган.
Вилоятда кўп қаватли уйлар, бир-биридан кўркам ижтимоий объектлар қурилиши жадаллик билан давом этмоқда. Бу қувонарли, албатта. Лекин аҳоли сайр қилиши, ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган манзарали жойлар, боғлар ва кўкаламзор майдонлар ҳам барпо этилмоқдами?
–Вилоятнинг 19 та шаҳар-туманларида йўлларни таъмирлаш, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, пиёдалар ҳамда велосипед йўлакларини қуриш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, – дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси бош мутахассиси Шуҳратжон Бобоев. – Жорий йилда мазкур лойиҳалар учун 130 миллиард сўм маблағ сарфланиши режалаштирилиб, бир қанча объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Яқин кунларда юртдошларимизнинг тунда ҳам сайр қилишлари, пиёда ва велосипедда юришлари учун қулай шароит яратилади.
М. Сулаймонов, ЎзА