Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамда Чимбой тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасида туризм соҳасини мувофиқлаштириш кенгаши ишчи гуруҳининг этнотуризм йўналишини ривожлантириш бўйича учрашуви бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) томонидан Туризм ва спорт бош бошқармаси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасининг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш, ҳудудда барқарор туризмни ривожлантириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент халқаро туризм кўргазмаси учун Оролбӯйи туристик брошюраси дизайни ишлаб чиқилди ва нашр этилди. Шунингдек, ҳудуддаги 36та туристик объект бўйича инфобордлар (маълумот тахтачаси), маҳаллий анъанавий ҳунармандлар ҳақида видеороликлар, туристик харита тайёрланди. Туризм соҳасида фаолият юритаётган давлат ва хусусий ташкилотлар вакиллари учун семинар-тренинглар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 августдаги Туризм инфратузилмасини яхшилаш бўйича баёнида Чимбой туманида Туризм объектларини ташкил қилиш, жумладан, ҳунармандлар маркази биносини таъмирлаш ва шоирлар хиёбонини ташкил этиш учун республика бюджетидан жами 4 миллиард сӯмдан зиёд маблағ ажратилган. Бугунги кунда “Modern plyus” оилавий корхонаси томонидан ушбу объектларнинг лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Тадбирда туманда қурилиши режалаштирилган этнокомплекс ва миллий қора уйлар устахонаси тақдимоти ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) “ЭCО-ARAL” лойиҳаси вакиллари ҳамда маҳаллий ҳунармандлар тақдимот бӯйича ӯзларининг фикр-мулоҳозаларини билдирди.
Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ ва тадбир иштирокчилари тумандаги барпо этиладиган туристик объектларнинг қурилиш майдонлари билан танишди.
– Сӯнгги йилларда халқимизнинг ўзига хос миллий қадриятларидан бири ҳисобланган қора уйга бӯлган қизиқиш катта, – дейди тажрибали уста Абатбай Тажиқулов. – 1976 йилдан буён ӯтов тиклашда ишлатиладиган ашёлар тайёрлаш билан шуғулланиб келаяпман. Асрлар давомида отамерос бӯлиб келаётган ӯтов тайёрлайдиган усталар, яъни “уйчи”лар сафи ортиб бормоқда. Чимбойлик усталар томонидан тайёрланган қишда иссиқ, ёз фаслида салқин бўлган, бошқа жойга кўчириб, қуриш учун жуда ҳам қулай ҳисобланган қора уйлар нафақат мамлакатимиз вилоятларига етказиб берилмоқда, балки Бирлашган Араб Амирликлари, Россия Федерацияси, Қозоғистон каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда
Тадбир иштирокчилари мамлакатимиз бӯйлаб ӯтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида дарахт экиш ишларида ҳам иштирок этди.
[gallery-4614]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА