Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 августдаги “Ҳудудларда «маҳаллабай» ишлаш асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг доимий даромад манбаларини кўпайтириш орқали камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, “маҳаллабай” ишлаш асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг доимий даромад манбаларини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.
Сирдарё вилоятидаги айрим маҳаллаларда энг самарали “ўсиш нуқталари” сифатида – паррандачилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги, чорвачилик, тикувчилик ва дехқончилик каби йўналишларга “етакчи” тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Уй хўжаликларида тадбиркорлик шаклини кенгайтириш ва қўллабқувватлаш борасидаги давлат сиёсатининг олиб борилаётгани қатор ижтимоийиқтисодий муаммоларга ечим топилишига асос бўляпти.

Сирдарё туманининг “Матонат” маҳалласида яшовчи фуқаро Музаффар Нўмонов аслида деҳқончилик қилиб, рўзғор тебратади. Шунга қарамасдан, дала ишларидан вақт орттириб, ўз уйида парранда парваришлашнинг ҳам уддасидан чиқаяпти.
Паррандачилик – даромадли, шу билан бирга анчайин нозик соҳа. Парранда боқиш катта харажат талаб қилмайди, сақлаш иншоотлари жуда оддий.
Айни вақтда у юз бош куркага дон сочаяпти. Бугун у боқаётган куркаларнинг вазни 15 кг.дан ортган. Яқин келажакда ҳар биридан ўртача 500 минг сўмдан даромад қилишни режа қилган.

Бир ишнинг этагини маҳкам тутган киши асло хор бўлмайди. Лекин бу йўлда баъзан кимнингдир ёрдами ҳам керак бўлади. Музаффар Нўмонов ҳам туман 4-сектор раҳбаридан паррандачилик билан шуғулланиш учун кредит маблағини олишда ёрдам сўраган эди. Сектор раҳбари унинг 50 миллион сўм кредит маблағини олишида кўмаклашди. Шундан сўнг ишлар янада жадаллашди.
Элимиз бирни мингга айлантириш йўлини биладиган, тадбиркор, ишбилармон, меҳнаткаш эл. Бироз қўллаб-қувватлов ва яхши натижага эришилиши аниқ. Вилоятда ана шундай хонадонлар сони ортиб бормоқда.
Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА