Жорий йилнинг 8 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайловлари бўйича ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси оралиқ ҳисоботини расмий веб-сайтида эълон қилди.
Ҳисоботда Миссия аъзолари гарчи «сайлов ҳуқуқий базаси ҳали ислоҳотлар босқичида» бўлсада, ҳозирги сайлов қонунчилиги халқаро стандартларга тўла жавоб беришини эътироф этган.
ЕХҲТ ДИИҲБ ижобий ўзгаришлар ҳақида гапирганда, қуйидагиларга ўз эътиборини қаратди.
Биринчидан, тўсқинликсиз сайловолди ташвиқотини ўтказиш кафолатларининг кучайтирилиши. Масалан, илгари сиёсий партиялар электорат иштирокида оммавий тадбирлар ўтказишни маҳаллий ҳокимият органлари билан 30 кун олдин келишиб олишлари керак бўлган бўлса, энди бундай тадбирларни ўтказишдан камида 3 кун олдин давлат тузилмаларига хабар беришлари кифоя қилади.
Иккинчидан, сайловолди ташвиқоти пайтида давлат ходимларининг ҳар қандай сиёсий партия ёки номзод фойдасига ёки унга қарши ўз лавозимидан фойдаланишига нисбатан тақиқнинг жорий этилиши.
Учинчидан, сайловларда иштирок этиш учун молиявий маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлиги. Энди партиялар сайлов кунигача МСКга оралиқ ҳисоботни ва уларга ажратилган давлат маблағлари тўғрисида якуний сайлов ҳисоботини тақдим этишлари шарт.
Тўртинчидан, сайловчиларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатларининг кучайтирилиши. Янги қонунчиликка кўра, фуқаролар сайлов комиссияларининг қарори юзасидан ўз шикоятлари билан судга мурожаат қилишлари мумкин.Илгари фуқаролар фақат юқори сайлов комиссияларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлишган. Бу низоларни кўриб чиқиш жараёнини кечиктирган.
Бешинчидан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларининг кенгайтирилиши. Энди, чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари олдиндан консуллик рўйхатидан ўтмасдан овоз беришлари мумкин.
ЎзА