
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда Президентлик сайловида илк бор овоз берадиган ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Адлия бошқармаси масъул ходимлари Д.Умурзоқова, Х.Сулаймонбекова, Гулистон шаҳар халқ таълими бўлими ходими Б. Ғайбуллаева томонидан сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар хусусида батафсил маълуомт берилди.
Шундан сўнг, назарий билимлар амалиёт билан боғланди. Сайлов участкасига кириб келишдан тортиб, токи овоз беришгача бўлган жараён тартиб билан тушунтирилди.

«Мен сайловда илк бор овоз бераман» акцияси доирасидаги тадбир Гулистон шаҳаридаги 4-умумтаълим мактабида давом этди. Мазкур мактаб 4-сайлов участкаси ҳисобланади. Бу ерда 2080 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, шундан 45 нафари илк бор овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ёшларни ташкил қилади.
Тадбирга ушбу мактабни тамомлаган «Улуғ йўл» маҳалласида истиқомат қилаётган 18 ёшга тўлган ёшлар ҳамда битирувчи ўқувчилар қамраб олинди.

Тадбир давомида сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига оид нормалар, Сайлов кодексига киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг сайловларда иштирок этишлари учун яратилган имтиёзлар, сайловда оммавий ахборот воситалари ходимларининг иштироки, муддатидан олдин овоз бериш, сайлов бюллетенини тўлдириш тартиблари батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, бу йилги сайловда илк маротаба овоз берадиган йигит-қизларнинг мазкур муҳим сиёсий жараён ҳақидаги тасаввури шакллантирилди. Сайлов қонунчилиги бўйича батафсил маълумотлар берилгач, ёшлар жараён иштирокчиси сифатида амалий тарзда ўзларини синаб кўрди.

– Сайлов кодексининг 4-моддасида қайд этилганидек, сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлов ҳуқуқига эгадир. Мен ҳам ўзимнинг конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда илк марта сайловда иштирок этаман ва бундан хурсандман, – дейди 4-умумтаълим мактабини 2020 йилда тамомлаган О. Содиқов.
«Мен сайловда илк бор овоз бераман» шиори остидаги тадбир ёшлар бўлажак сайловларга оид ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

«Адолат қанотлари» волонтёрлари томонидан ёш сайловчиларга тарғибот материаллари – сайлов қонунчилиги мазмун-моҳиятига бағишланган буклет ва флаерлар тарқатилди.
Ш. Суяров,
Ф. Ташматов (суратлар) ЎзА