Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали ташаббуси билан
“Энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари, яъни “КPI” тизими асосида маҳаллий ҳокимликларда ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш механизми, шунингдек секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича жорий этилган рейтинг тизими” мавзусида семинар-йиғилиш бўлиб ўтди.
ZOOM платформаси шаклида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиқлари иштирок этди.
Мамлакатимизда барча туман, шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарларини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида мунтазам баҳолаб бориш, натижаси бўйича уларни лавозимга қўйиш ёки лавозимидан озод этишда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари натижасини инобатга олиш тажрибаси йўлга қўйилмоқда.
Юртимизда замонавий давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш давлат бошқарув тизими самарадорлигини оширишда асосий вазифа бўлиб, ушбу тизимдаги давлат хизматчиларининг самарали фаолият олиб бориши давлат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, қарорлар ва дастурларнинг сифатли амалга оширилишига боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан соҳада қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Хусусан, соҳада давлат органлари ва ташкилотларида бошқарувнинг инновацион усулларини, айниқса Ўзбекистон шароитида қўллаш мумкин бўлган илғор ҳорижий тажрибаларни амалиётга кенг жорий этиш, соҳадаги кадрларнинг сифат таҳлилини ўтказган ҳолда уларнинг касбий салоҳиятини аниқлаш асосий устувор вазифа сифатида белгилаб олинган.
Ана шу вазифани бажариш мақсадида рерспубликамиздаги барча туман-шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари учун жами 72 та энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ишлаб чиқилиб, уларнинг фаолияти баҳоланиши амалиётга жорий этилган. Бугунги кунда натижалар даврий равишда таҳлил қилиниб, натижадорлик ва самарадорлик кўламини кенгайтириш ҳамда улар фаолиятига аниқ ўлчов индикаторлари билан холис баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.
ZOOM платформаси шаклида ташкил этилган семинар иштирокчиларига агентликнинг вилоят филиали раҳбари ўринбосари Баҳром Яхшибоев, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари, яъни КPI тизими мазмун-моҳияти, ушбу тизимни жорий этиш механизми, тамойиллари ва афзалликлари, тизимни жорий этишдан кўзланган мақсад ва вазифалар, истиқболдаги режалар юзасидан батафсил тушунча берди.
Шунингдек, семинарда маҳаллий ҳокимликларда ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КPI) асосида баҳолаш юзасидан 2021 йилнинг 6 ойлик натижалари эълон қилинди. Баҳолаш натижаларига кўра мавжуд 77 нафар ҳоким ўринбосарларининг 33 нафари ёки 42,8 фоизи ижобий, 27 нафари яъни 35 фоизи ўрта натижа кўрсатган бўлса, 17 нафари ёки 22 фоизи қониқарсиз натижа кўрсатди.
Шу ўринда, Жиззах вилоят ҳокимининг 2021 йил 7 сентябрдаги қарорига мувофиқ баҳолаш натижаларига кўра ижобий натижа қайд этган ҳар бир йўналишдан 2 нафардан жами 12 нафар ҳоким ўринбосарлари бир ойлик лавозим маоши миқдорда мукофотланганларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Бу эса раҳбар ходимларнинг келгуси иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатишига хизмат қилади ва уларнинг тажрибаси бошқа ҳудудларда ҳам кенг оммалаштирилишини таъминлайди.
Аксинча, баҳолаш натижаларига кўра 17 нафар қониқарсиз натижа кўрсатган раҳбар ходимлар келгусида кескин интизомий чоралар кўрилиши, лавозимга лойиқлиги кўриб чиқилиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилди ва келгусида натижаларини ижобий томонга ўзгартириш бўйича нималарга эътибор берилиши лозимлиги юзасидан “йўл харитаси” ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Баҳолаш натижалар(графикда акс эттирилган)и бўйича Пахтакор, Зарбдор ва Дўстлик туманлари юқори натижа кўрсатган бўлса, Жиззах шаҳар, Арнасой ва Зафаробод туманлари энг паст кўрсаткични қайд этди.
Ҳоким ўринбосарларида туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари энг яхши натижа қайд этган ва шу ўринда улар орасида қониқарсиз кўрсаткич қайт этганлари йўқлиги қувонарли ҳол эканини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Семинар давомида иштирокчиларга агентлик мутахассислари томонидан Президентимизнинг жорий йил 24 августдаги “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари ўринбосарларининг уларга юкланган вазифаларни бажаришда шахсий масъулиятини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларининг мазмун-моҳияти ҳам атрофлича тушунтирилди.
Шунингдек, сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари ва мутасадди ташкилот раҳбарларига 2021 йилнинг 6 ойлик рейтинг натижаларидан келиб чиқиб, устувор йўналишларга эътибор қаратилди.
Агентликнинг вилоят филиали томонидан “Энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари, яъни “КPI” тизими асосида маҳаллий ҳокимликларда ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш механизми, шунингдек секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича жорий этилган рейтинг тизими” мавзусидаги семинар йиғилишлар ҳудудларда ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (суратлар) ЎзА