Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг Андижон вилояти кенгашида партиянинг Х съездида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган тадбир ўтказилди.
Халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят кенгашлари депутатлари, партия фаоллари иштирок этган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик жамият барпо этиш, юрт тараққиётини янада юқори даражага кўтариш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, шунингдек, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Партия вилоят кенгаши раиси Хуршидахон Халилова партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридаги 10 та устувор йўналиш бўйича белгиланган вазифаларга алоҳида тўхталди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли режалар белгиланганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, тадбирда Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби тақдимоти ўтказилди.
– Ушбу китобда Янги Ўзбекистонни, шунингдек, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва мақсади ҳамда устувор йўналишлари, миллий тараққиёт истиқболлари ҳақида фикр юритилгани билан аҳамиятлидир, – дейди O’zLiDeP вилоят кенгаши бўлим мудири Муяссархон Умурзоқова. – Китоб ўқувчида янги Ўзбекистоннинг замонавий, демократик қиёфаси қандай яратилаётгани, мамлакатни янги ривожланиш босқичига кўтариш учун белгилаб олинган стратегик йўл тўғрисида яхлит тасаввур уйғотади. Шу билан бирга, ҳар бир фуқарони янги, илғор ғоялар, эзгу ташаббуслар билан ишлашга ундайди.
Йиғилишда Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридаги 10 та устувор йўналиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА