Қарор ва ижро
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси мамлакатимизда минерал-хомашё базасини ривожлантириш, ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш, фойдали қазилмалардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш соҳасини бошқариш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштириш борасида амалий натижаларга эришмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 23 июлдаги «Ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишни янада такомиллаштириш ва 2020-2021 йилларда минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Айниқса, қўмита томонидан 2016-2021 йиллар давомида барча йўналишлар, хусусан, гидрогеологик ишлар бўйича эришилган натижалар алоҳида эътиборга молик.
ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси ўринбосари Аъзам ҚОДИРХЎЖАЕВ билан суҳбати гидрогеологик ишлар, соҳани модернизациялаштириш ва унинг самараларига бағишланди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан тизимни ривожлантиришга қаратилган бир қатор қарорлари қабул қилинди, – деди А.Қодирхўжаев. – Албатта, мазкур ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш бўйича қўмитамиз томонидан дастурлар қабул қилинган.
Кўрилган чоралар сабаб геология тармоғида амалга оширилаётган модернизация қилиш ҳисобига гидрогеологияда фойдаланилаётган техник воситалар эскирганлик даражасини 88 фоиздан 64 фоизга камайтиришга эришилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2016-2020 йиллар давомида ер ости ичимлик суви захираларининг суткасига 515 минг метр кубга, яъни 3,4 миллиондан ортиқ аҳолига етарли миқдорда таъминлаш имкони яратилди. 2019-2020 йилларда энергия тежовчи сув тортишга мўлжалланган галереяли сув олиш иншоотлари ёрдамида фойдаланилиши мумкин бўлган ер ости суви захираларини баҳолаш ишлари яхши самара берди. Жумладан, “Дамхўжа” сув олиш иншооти бўйича суткасига 100 минг метр куб, Деҳқонобод туманида суткасига 10,8 минг метр куб миқдорида ер ости суви захиралари тасдиқланди ва фойдаланишга топширилди.
– Аҳоли ичимлик суви таъминотининг неча фоизи гидрогеологик ишлар ҳиссасига тўғри келади?
– Олиб борилаётган кенг кўламли гидрогеологик ишлар ҳисобига аҳоли ичимлик суви таъминотининг 67 фоиз қисми ер ости сувилари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, гидрогеологлар томонидан ер ости суви конларини чучук ер усти сувлари ҳисобига сунъий тўйинтириш ва омихталаш натижасида ифлосланган ер ости сувлари сифатини тиклаш бўйича дастлабки лойиҳа Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида амалга оширилмоқда.
Оролбўйи ҳудудида экологик балансни сақлаш, чўлланишга қарши курашиш, ўсимлик дунёси биохилма-хиллигини тиклаш, флора ва фауналар ҳамда чорвачиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган тадбирлар доирасида 2018-2020 йиллар давомида 60 дан ортиқ чуқур қудуқлар бурғиланиб, 50 дан ортиқ қудуқлар қайта тикланди.
– Умуман, ер ости суви захираларини топиш, ўрганиш ва фойдаланишга топширишда нафақат аҳоли ичимлик суви таъминоти танқислигида, балки қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммоларни ечимида ҳам муҳим ҳисобланади. Айни масалада қандай лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган?
– Айтиш жоизки, аҳолини билан таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаси учун янги имкониятлар очиш бўйича ер ости суви захираларини топиш қўмитанинг асосий вазифаларидан биридир. Шу сабабли, республика бўйича 155 минг гектар янги майдонларни ер ости сувлари ҳисобига қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда мелиоратив ҳолати қониқарсиз бўлган жойлар ҳолатини яхшилашда дренаж турларини қўллашни ва улардан фойдаланиш тартибларини асослаш юзасидан кенг кўламли ишлар Ургенч ва Гулистон шаҳарлари ҳамда Сирдарё вилоятининг айрим ҳудудларида, Андижон ва Фарғона вилоятларининг бир қатор шаҳар ва туман марказларида давом эттирилмоқда.
Бугунги кун талабларига мос ҳолда 2019-2020 йиллар давомида 400 та кузатув қудуқлари масофадан ўлчов ишларини олиб бориш имконига эга бўлган замонавий ускуналар билан жиҳозланди, жорий йилда яна 100 қудуқни жиҳозлаш назарда тутилган. Ушбу ускуналар маълумотлари интерактив харитасида ўз аксини топади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 июлдаги 546-сон қарори билан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар бериш “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилиши белгиланган.
– Барча тизимларда бўлгани каби гидрогеологик соҳани модернизация ишлари қандай ташкил этилмоқда? Кейинги пайтда бу масаладаги муаммолар ечими нималарда кўринмоқда?
– 2011-2016 йилларда модернизация бўйича 106 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2017-2020 йилларда 4 марта кўп, яъни 375 миллиард сўмни ташкил этди. Бунинг натижасида геология-қидирув ишларида энг илғор ускуна ва инновацион методларни қўллаш орқали салмоқли натижаларга эришилди.
Мисол учун, 70 та бурғилаш ускуналари жорий этиш орқали унумдорлик 125 фоизга ошди, керн чиқишини 95 фоизга етказилди.
Яна бир муҳим жиҳати, модернизация туфайли жараёнларда инсон омили камайтирилди. Бу яна автоматик рақамли электрон базасини шакллантириш ва геологик маълумотларни ишончлилик даражасини ошириш имконини берди. Ускуналар ва махсус техниканинг эскирганлик даражаси ҳам 82 фоиздан 56 фоизга тушди.
2019 йилда Марказий Осиёда илк бор замонавий аэрогеофизик усуллар комплексини ишга тушириб, инновацион усулларда ер қаърини ўрганишни жорий этилди. Вертолётга осилган геофизик ускуна орқали Қурама ҳамда Зиёвиддин тоғларида жами 1600 квадрат километр, 2020 йилда 7000 квадрат километр майдонда аэрогеофизик таҳлил-ўлчов ишлари ўтказилди.
Анъанавий усулда 1000 квадрат километрни 4 йилда ўрганилган жойда, бу усул билан атиги 1-2 ой вақтда амалга ошди, харажат 4-5 баробар арзонлашди. Шундай янги усул ва технологиялар қўллаш натижасида бюджет маблағлари ҳисобидан 90 та янги конр бўйича захиралар оширилиб, давлат захиралар балансига қўйилди. Жумладан, 2016 йилда 7 та, 2017 йилда 12 та, 2018 йилда 13 та, 2019 йилда 17 та 2020 йилда 18 та, 2021 йилни биринчи ярим йиллигида эса 8 та хил қазилма захиралари ўстирилди.
Мухтасар айтганда, ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш, хусусан, сўнгги беш йилликда гидрогеологик ишлар бўйича эришилган натижалар аҳолини эҳтиёжини қондиришда, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожида муҳим аҳамиятга эга.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.