Олий Мажлис Сенатининг бўлиб ўтаётган ўн саккизинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг 2021 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Мажлисда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мамлакатимиз ташқи сиёсатини амалга ошириш, Ўзбекистон давлат манфаатлари ва мамлакат фуқароларининг хорижий давлатлар билан муносабатларда, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотларда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муайян фаолият амалга оширилгани таъкидланди.
Бунда вазирликлар, идоралар, муассасаларнинг халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича фаолиятини тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вазирликнинг фаол иштирокида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида давлатимиз раҳбарининг 40 дан ортиқ ташрифи ва хорижий мамлакатларнинг етакчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлари ташкил этилди. Икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида вазирлик ва идоралар, мамлакат ҳудудлари ҳокимликлари вакилларининг хорижий мамлакатларга 125 та ташрифи бўлиб ўтди.
Вазирлик томонидан хориждаги дипломатик ваколатхоналар билан биргаликда жами 411,5 миллион доллар миқдорида 473 та экспорт шартномаси тузилди. 88,27 миллион долларлик беғараз техник ёрдам маблағлари ва грант жалб этилди.
Маҳаллий маҳсулотлар экспортини янада самарали тарғиб қилиш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида 706 та турли тадбир, тақдимотлар ўтказилди, хорижий оммавий ахборот воситаларида 719 та материал чоп этилиши таъминланди.
Шу билан бирга, Сенат томонидан ўтказилган ўрганиш, шунингдек, уни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги муҳокама қилиш жараёнида Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятида қатор муаммо ва камчиликлар борлиги таъкидланди. Хусусан, дипломатик миссиялар томонидан таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан тизимли ишларни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Истиқболли ташқи савдо бозорларини таҳлилий ва маркетингга оид тадқиқ этиш тизими яхши йўлга қўйилмаганлиги, шунингдек, уларнинг натижаларини тегишли вазирликлар, идоралар, тадбиркорлик тузилмалари ва етакчи экспорт қилувчи корхоналарга тезкор тақдим этилмаслиги қайд этилди. Вазирликда молиявий интизомни кучайтириш ва бюджет маблағлари сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатиш зарурлиги билдирилди (Молия вазирлиги томонидан аниқланган 23 та ҳолат бўйича 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар ортиқча сарфланишига йўл қўйилган).
Шу билан бирга, сенаторлар Сенат қарорлари ва Сенат қўмиталари қарорларининг қатор қоидалари ўз вақтида ижро этилмаслигига урғу берди. Хусусан, бу юқори даражадаги ташрифлар натижаларидан келиб чиққан ҳолда имзоланган “Йўл хариталари”ни амалга ошириш ҳолати тўғрисидаги ахборотларни эшитиш якунлари бўйича кузатилган.
Нурилло Насриев, ЎзА