Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда сенаторлар, Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилаётган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда.
Ялпи мажлисда бир қатор масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган. “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш масаласини кўриб чиқиш кўзда тутилган. Ташқи ишлар вазирининг 2021 йил биринчи ярим йиллик фаолиятига доир ахбороти ҳам эшитилади.
Нурилло Насриев, ЎзА