Бугун эрта тонгдан 4 нафар сузувчимиз S13 классда 100 метрга чалқанча усулда сузиш бўйича саралаш баҳсларида иштирок этди.
Эркаклар ўртасида Музаффар Турсунхўжаев ва Ислам Асланов, аёллардан эса Шоҳсанамхон Тошпўлатова ва Нигорахон Мирзоҳидова стартга чиқди.
Муросасиз баҳслар натижасига кўра, йигитларимизга омад етишмади ва улар финал йўлланмасидан бебаҳра қолишди. Аёллар ўртасидаги саралашда 2-ўринни қўлга киритган Шоҳсанамхон Тошпўлатова ҳамда ушбу йўналишда кучли бешталикдан жой эгаллаган Нигорахон Мирзоҳидова медаллар учун курашни давом эттирадиган бўлишди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Чалқанча усулда 100 метрга сузиш бўйича аёллар ўртасида финал баҳслари бугун Тошкент вақти билан соат 15:12 да бўлиб ўтади. Истагимиз, иккала финалчимиз ҳам паралимпиянинг биз учун қадрли бўлган медалларига сазовор бўлиб Ўзбекистон мадҳияси парлимпия ўйинлари узра жаранг таратсин. Вакилларимизга баҳсларда омад тилаб қоламиз.
Т. Рўзиев, ЎзА