Россия Федерацияси Москва вилоятидаги «Алабино» полигонида VII Халқаро армия ўйинлари дастуридаги «Танк биатлони» мусобақаси давом этмоқда.
25 август куни вакилларимиз ҳаракатланаётган биринчи дивизионнинг иккинчи экипаж аъзолари ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Бу гал ҳам танкчиларимиз Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикаси жамоалари билан бир гуруҳда ҳаракат олиб борди.
Мазкур босқичда ҳам жамоаларга Т-72Б3 танкини моҳирлик билан бошқариш, тўсиқлардан беталафот ўтиш, белгиланган нишонларни яксон қилиш ва имкон қадар қисқа муддатда финиш чизиғига етиб келиш вазифаси юклатилди.
Бу сафар юртимиз шарафини лейтенант Шаҳзод Мамадиёров командирлигидаги танк экипажи муносиб ҳимоя қилди. Экипаж таркибидаги кичик сержант Исломбек Собиров мўлжалга олувчи вазифасини бажарган бўлса, механик-ҳайдовчи катта сержант Каримбек Ўринов танкни моҳирлик билан бошқарди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ходими Исломжон Қўчқоровнинг маълум қилишича, навбатдаги баҳсда вакилларимиз олдинги экипажимизга нисбатан яхшироқ натижа кўрсата олди.
Лейтенант Шаҳзод Мамадиёров экипажи аввалги экипаж қайд этган натижадан 1 дақиқаю 36 сония тезроқ фарқ билан финиш чизиғига етиб келди. Экипаж механик-ҳайдовчиси катта сержант Каримбек Ўринов Т-72Б3 танкини умумий ҳисобда 72 км/соат тезликкача чиқара олди.
Шундай қилиб, бугунги баҳс якуний натижаларига кўра, россиялик танкчилар экипажи 19 дақиқаю 18 сонияда финишга етиб келди. Хитой Халқ Республикаси жамоаси эса 20 дақиқаю 13 сония натижа қайд этди. Вакилларимиз стартдан финишгача 22 дақиқаю 35 сония вақт сарфлади.
Эслатиб ўтамиз, жамоаларнинг учинчи экипажи 28 август куни ўзаро беллашади.
ЎзА