Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишида қатағон қурбонларини вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида нома-ном аниқлаш, уларнинг ҳаёти ва фаолияти, тарихий ҳизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш, ўрганиш, қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларини чуқур биладиган кишиларнинг ҳотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий материаллар ҳамда ноёб суратларни тўплаш, шунингдек, қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини илмий тадқиқ этиш, улар ҳақида илмий-тарихий китоблар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилган.
Ана шу вазифалар ижроси доирасида Андижон давлат университети қошидаги “Қатағон қурбонлари хотираси музейи” томонидан эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, икки қисмдан иборат “Қатағон қурбонлари хотира китоби. Андижон вилояти (1865-1991 йиллар)” яратилди. Бундан ташқари, вилоятлар кесимида тайёрланиб, марказий Қатағон қурбонлари хотираси музейи Бош таҳририятга “Андижон давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи. Хотира китоби. Андижон вилояти” номли китоб қўлёзмаси нашр этиш учун тақдим қилинди.
Маълумки, 1937–1938 йилларда юртимизнинг жуда кўп зиёли, ўқмишли кишилари, диндорларимиз ноҳақдан мудҳиш “катта террор”нинг қурбонига айланган. Бу борада биз билган, билмаган ҳақиқатлар, ўрганадиган, тадқиқ этадиган ҳужжатлар ҳали жуда кўп.
Олиб борган тадқиқот ва ўрганишларимиз натижасида Ўзбекистонда амалга оширилган қатағон сиёсати даврида республиканинг биринчи раҳбари Усмон Юсуповнинг нишонга олингани ҳақида янги тарихий ҳужжат ва материаллар тўпланди. Қуйида ана шу ҳақда сўз юритамиз.
Биламизки, 1937 йил 2 июлда ВКП(б) Марказий Комитети Сиёсий бюросининг “Советларга қарши унсурлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат “катта террор” даврининг кенг кўламли қатағон операцияларини ўтказиш учун йўл очиб берди. Ушбу қарор асосида НКВДнинг 00447 сонли “Кулоқлар тўғрисида”ги буйруғи тайёрланган. 1937 йилнинг августида НКВДнинг миллий операциялар ўтказиш бўйича яна бир нечата буйруқлари қабул қилинди. Ана шу қарорларда 1937-1938 йиллардаги қатағон қилинадиганлар сони деярли 350 минг кишига кўпайтирилиши кўзда тутилган.
Мудҳиш “катта террор” операцияси Ўзбекистонда 1937 йил 10 августдан бошланган. Ўшанда Ўзбекистон ССР бўйича “Учлик” Николай Загвоздин (Республика Ички ишлар халқ комиссари, “Учлик” раиси), Акмал Икромов (Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби), Жўрабек Тўрабеков (Халқ Комиссарлари совети раисининг ўринбосари) дан иборат таркибда тасдиқланган.
1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача Ўзбекистон бўйича фақат собиқ “қулоқлар”дан 5 минг 925 киши, жиноятчилардан 1 минг 679 киши, “советларга қарши унсурлар”дан 3 минг 97 киши, жами 10 минг 700 киши қамоққа олинган. Улардан 3 минг 613 киши (1-тоифа) отувга, 7 минг 87 киши (2-тоифа) 8-10 йил муддат билан қамоқ жазосига, ГУЛАГ, меҳнат, тузатув лагерларига сургун қилинган.
Ўзбекистон ССР НКВДси ҳузуридаги “Учлик” таркиби Марказнинг кўрсатмаси билан вақти-вақти билан ўзгартириб турилган. Учлик аъзоси Акмал Икромов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи секретари вазифасидан озод қилиниб, қатағон домига тортилганидан кейин унинг ўрнига Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи секретари этиб Усмон Юсупов тайинланган эди.
Марказ кўрсатмаси билан Ўзбекистон Республикаси озиқ-овқат саноати халқ комиссари лавозимидан республиканинг биринчи раҳбари лавозимига қўйилган Усмон Юсуповга қарши ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан турли йўллар билан шантаж, қўрқитиш орқали уни ҳам қатағон қурбонлари сафига қўшиш учун зимдан ҳаракатлар бошланган. Ана шу кучлар томонидан “До конца истребить контрреволюционную банду” номли мақола ёзилган ва Усмон Юсуповнинг номидан республика марказий нашрларида эълон қилинган.
ЎзССР НКВД ходимлари томонидан олдиндан тайёрланган мақола эндигина Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлиб иш бошлаган Усмон Юсупов номидан рус ва ўзбек тилида “Правда Востока” газетасининг 1937 йил 30 сентябрдаги сонида, айнан шу мақола ўзбек тилида “Аксил инқилобий бандитлар шайкасини батамом қириб, қириб ташлайлик” сарлавҳаси билан “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1937 йил 2 октябрдаги сонида чоп этилган.
Ўзбекистон ССР НКВДси, унинг таркибидаги Давлат хавфсизлиги бўлими, Матбуот қўмитаси ходимлари томонидан тайёрланиб, ўзбек ва рус тилларида шошилинч равишда эълон қилинган бу мақолада қатағон сиёсати ва амалиётини олиб борган чекистлар томонидан Усмон Юсуповни қоралаш мақсадида уюштирилган.
Республиканинг биринчи раҳбари Усмон Юсупов номидан эълон қилинган мақоладаги фикр ва ғоялар ўша қаттол даврнинг маҳсули эканини, мақола бошдан-оёқ фитначилик, шовинистик маънога, эндигина биринчи раҳбар лавозимида иш бошлаган Усмон Юсуповга нисбатан қилинган ботиний ҳуружлардан бири, деб қараш мумкин. Шу ўринда ўқувчиларга янада тушунарли бўлиши учун Усмон Юсупов номидан эълон қилинган “Аксил инқилобий бандитлар шайкасини батамом қириб, қириб ташлайлик” номли мақолани қисқатиришлар билан айнан келтириб ўтамиз:
“Ўртоқ Сталин “Синфий курашни сўниши” ҳақидаги аксилинқилобий “назарияни” фош қилиб, эксплуататор синфлар ва уларнинг мафкурачилари охирги позицияларини йўқота боришлари билан синфий кураш ўткирлаша боради, синфий душман қолдиқларининг қаршилик кўрсатиш шакллари ва методлари борган сари нозиклашади ва қабиҳлашади, деб бизга бир неча марталаб ўргатди. Бироқ ўртоқ Сталиннинг мана шу равшан кўрсатмаларига Ўзбекистондаги кўпгина партия ташкилотлари етарли баҳо бермадилар, бу кўрсатмаларни унутиб қўйдилар. Бу эса япон-герман жосусхонаси агентларининг жосуслик, қўпорувчилик, зиёнчиликишларини олиб бориш имкониятларини осонлаштрди.
Комунистларнинг сиёсий беғамликларидан, болшевикча ҳушёрликнинг сийқаланганидан душманлар фойдаландилар. Улар сафларимизга кириб олиб, ўзларининг қабиҳ зиёнчиликларини қилиб келдилар.
Биз Ўзбекистон коммунистлари социалистик қурулишнинг ютуқларига учиб кетиб, тентаклик касали бўлган беғамлик касалига дучор бўлиб, душманларга партия ташкилотларидаги ва ҳукуматдаги раҳбарлик ўринларни эгаллаб олишга имкон бердик, душманларнинг фашист жосусхоналар фойдасига зиёнчилик, жосуслик ишларини қилишларини осонлаштирдик.
Ўзбек халқи фақат ВКП(б) Марказкомининг, шахсан ўртоқ Сталиннинг ва унинг қайтмас сафдоши ўртоқ Ежовнинг доим бедор бўлиб хушёр турушлари орқасида аксилинқилобий миллатчилар, троцкийчи ва бухаринчи жосусларнинг, Ўзбекистондаги бандитлар шайкасини очишга ва тугатишга муваффак бўлди.
Фош қилинган халқ душманлари шайкаси, энг қабих аксилинқилобчи миллатчилар – Икромов, Файзулла Хўжаев, Исломов, Болтабоев, Каримов, Шермухаммедов, Турсун Хўжаев, Усмонов, Тўрабеков, Сорокин, Ҳасанов, Мирза Аҳмедов ва бошқалар партия билетини ниқоб қилиб, ўтириб олган вазифаларидаги имкониятлардан фойдаланиб, ўзбек халқига ва бутун совет халқига қабиҳликда ва бутун пасткашликда мисли кўрилмаган хоинлик қилишга тайёрланганлар.
Бу бир ховуч аблахларга энг қабих, бандитларнинг ҳам энг қабихи, энг сурбет икки юзламачи ва хоин Акмал Икромов бошчилик қилиб келган.
Икромов бош бўлган жиноятчи бандитлар троцкийчилар ва бухаринчилар билан иттифоқ бўлиб, фашист давлатларининг бевосита топшириғи билан жосуслик қилиб, чет мамлакат фойдасига маълумотлар тўплаб, Ўзбекистонни Совет Иттифоқидан ажратиб олишга, мамлакатизда эксплуататор, помещик-капиталистик тузумни тиклашга ва демак, Ўзбекистонни ҳамда Ўрта Осиёнинг бошқа республикаларини империалистик мамлакатларининг колонияси (мустамлакаси)га айланти-ришга тайёрланганлар.
Бу бир ховуч хоинларнинг жиноий ишлар қилишда уларни нима бошлаб борди? Эксплуататорлик тузумини ағдарган ва янги социалистик жамиятни муваффақият билан қураётган пролетариат диктатурасига қутуриб, бехад душманликлари бошлаб борди.
Улар хўжаинлар ва қуллардан, қашшоқлик ва эксплуатациядан озод, янги бахтли хаётни муваффақиятли қураётган халққа душманликларидан шундай жиноятлар қилдилар.
Улар Сталин Конституциясида ёзилган ва мустаҳкамланган ҳамма буюк ғалабаларга чуқур нафрат билан қараб шундай жиноятлар қилдилар.
Аксилинқилобчи миллатчилар Буюк Октябрь инқилобининг биринчи кунларидан бошлаб совет ҳокимяти билан курашишга киришдилар ва ўшандан бери бу курашни бир минут ҳам тўхтатмадилар. Фақат шу курашнинг шакллари ва методларигина ўзгарди, холос.
Буржуа миллатчилар ташкилоти “шўрои ислом” тор-мор қилингандан кейин “иттиход турк”, “миллий иттиход” номидаги яширин ишловчи аксилинқилобий миллатчилик ташкилотлари Татаристон, Озарбайжон ва Кримдаги аксилинқилобий миллатчилик ташкилотлари билан иттифоқ бўлиб баъзи чет мамлакат давлатларининг мададига суяниб, босмачилик ҳаракатининг ташкилотчиси сифатида майдонга чиқдилар.
Ана шу даврдаёқ совет ҳокимятига қарши очиқ курашда енгилган (“Қўқон автономияси”) бу ташкилотлар янги метод билан курашиш йўлига – Советларни ичидан туриб бузиш йўлига киришдилар. Бу аксилинқилобий миллатчилик ташкилотларининг бир мунча аъзолари совет органларига ва коммунистлар партиясига кириб оладилар.
Бу кишилар ўзларининг мавқеълари ва ишғол қилиб турган вазифаларидан фойдаланиб, босмачиларнинг отрядларига кишилар топиб берадилар, уларни қурол ва пуллар билан таъминлайдилар, ҳарбий кучларнинг турган жойларини ва совет ҳокимяти органлари томонидан қилинмоқчи бўлган тадбирларни уларга билдириб турадилар, янги қўрбошилар топадилар ва шунинг сингариларни қиладилар.
Худди шу даврда Икромов ВКП(б) Марказкоми қошида бўлган тўртинчи миллий кенгашда Туркистондаги совет қурулишига туҳмат қилиб нутқ сўзлайди ва ўртоқ Сталиндан кескин зарба олади.
Икромовнинг ўзи ва бошқа халқ душманлари босмачилик билан курашга ҳар тарафлама тўсқинлик қилдилар, бу курашни қийинлаштирдилар ва босмачиларни тугатишни чўзиб юбордилар.
Бироқ бутун меҳнаткаш ўзбек халқининг актив ёрдамига таянган Қизил Қўшин ҳамма қийинчиликларга қарамасдан босмачиликни тор-мор келтирди ва тугатди.
...Шундай кейин улар асосий эътиборларини кучларни тўплашга ва кадр тайёрлашга бердилар. Шу йилларда Икромов ва Файзулла Ходжаевлар буржуа миллатчи ёшлардан бир тўдасини танлаб ўқитиш учун Германияга юборадилар, уларни ўқитиш учун халқимизнинг олтинини тўлайдилар. Кейинчалик шу кадрлардан фашист жосуслар етишиб чиқди. Ўзбек халқига хиёнат қилувчилар совет ҳокимятини ағдариш учун ўз кучларининг етарлик эмаслигини билар эдилар. Улар меҳнаткашлар оммасининг ўз совет ҳукуматига мадад бераётганини кўриб, фақат ташқаридан ёрдам бўлишига кўз тикдилар. Улар чет мамлакат давлатларининг СССРга хужум қилиши билангина ўз мақсадларига етишмоқчи бўлдилар. Шунинг учун улар улар совет ва партия аппаратидаги раҳбарлик ўринларини қўлга олиш йўлидаги курашларини давом эттириб, совет ва партия аппаратини ёт, душман унсурлар билан ифлослашга ҳар тарафлама ёрдам бердилар, Ленин-Сталин миллий сиёсатини бехад бузиб, шу йўл билан меҳнаткаш дехқонлар оммаси олдида совет ҳокимятини обрўсизлантирмоқчи бўлдилар. Буржуа миллатчиларнинг раҳбарлари ўз устларида ҳеч қандай гумон туғдирмаслик учун, энг макрли фикрларни ижро қилишни ташкилотдан четда турган кишиларга топширар эдилар.
...Аксилинқилобий миллатчилар ўзларининг зиёнчилик ишларини энг нозик сохаларга қаратдилар. Булар доим бир мақсадни кўзда тутар эдилар. Бу ҳам бўлса – меҳнаткашлар моддий бойлигининг ўсишини тўсиш, коммунистик партия билан совет ҳокимятининг обросини тушуриш, ҳалқ ўртасида норозилик туғдириш эди.
Мана булар пахтакорликнинг ривожланишига тўғридан-тўғри қаршилик уюштириш йўлидаги уринишлари барбод бўлганидан кейин, “СССРнинг пахта мустақиллиги учун” деган шиорни обрўсизлантириш йўлига тушиб, “бир ҳил экин” (“монокультура”) назариясини ўртага қўйдилар ва ёйдилар.
...Аксил инқилобий миллатчилар энг кўп диққат қилган асосий соҳаларнинг бири – мафкуравий иш соҳаси эди.
Булар Ўзбекистон коммунистик партиясини большевиклаштиришга тўсқинлик қилиш, меҳнаткашларга ва айниқса ўзбек меҳнаткаш ёшларга коммунистик тарбия беришни барбод қилиш учун бутун чоралар билан урундилар. Шу мақсадда улар Ленин ва Сталин асосий асарларининг ўзбекчага таржима қилинишини барбод қилдилар, марксизм-ленинизм адабиётининг таржимасини буздилар, Ленин-Сталин партиясининг қаҳрамонона қурашини ва Ўзбекистон коммунист партиясининг ривожланиш тарихидан ва унинг аксил инқилобий миллатчилик билан кураш тарихидан бўлган жанговар саҳифаларни ёритувчи ҳужжатларни маҳкам беркитиб ташладилар.
...Улар ватанимизни улгурчи ва чаканалаб фашист давлатларга сотиб келганлар, улар фашизм топшириғига мувофиқ разведкачилик ишларини қилиб келганлар, фашизмнинг бостириб кириши ва ғалаба қилишини осонлаштириш учун зиёнчилик уюштирганлар ва бузғунчилик ишларига тайёрланганлар.
Улар ўзбек халқининг қул қилинишини, Ўзбекистоннинг Совет Иттифоқидан ажратилишини ва империалистлар мустамлакасига айлантирилишини хаёл қилар эдилар.
Шубҳа йўқки, ВКП(б) Марказкомининг ва ўртоқ Сталиннинг ёрдами билан ва фашит газандаларининг чин қабиҳ қиёфатини фош қилган ўзбек халқи буржуа миллатчиларнинг троцкийчи ва бухааринчи хоинларнинг сарқитларини тор-мор келтириб, тамом илдизидан қурутажак.
...Душманлар икки юзламачилик соҳасидаги энг бой тажрибаларига таяниб ишлаганлари ҳолда фашист разведкасидан намуна қилиб олган қабиҳ ва макрли методларини кенг қўлланганлари ҳолда ҳам, хушёр совет халқини алдай олмадилар. Душманлар фош қилинди, уларнинг қабиҳ планлари бузиб ташланди. Ўз озодлигини сотишни истамай турган ўзбек халқи коммунистлар партияси теварагида тағин ҳам маҳкамроқ жипслашади ва Совет Иттифоқининг барча халқлари билан умумий дўстлик негизида Октябрь инқилобининг XX йиллигини ва Олий Совет сайловини социализм учун курашдаги янги ғалабалар билан кутиб олади”.
(“Qzil Ozbekistоn” газетаси, 1937 йил, 2 октябрь)
Ушбу мақола рус ва ўзбек тилида шошилинч тарзда 35 минг нусхада китоб тарзида ҳам нашр қилиниб тарқатилган эди. Зукко ўқувчи мақолани ўқиб ҳайрон қолиши табиий. Тарихий воқеаларни, тарихий шахсларни замона, сиёсат, коммунистик режим манфаатлари йўлида шу қадар жирканч, асоссиз, бузиб талқин этилганлиги мустабид, мустамлакачи тузум сиёсатининг маҳсули эканлиги яққол намоён бўлади. Эндигина тайинланган Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Усмон Юсупов номидан куч ишлатиш органлари ходимлари, ўша давр мафкурачилари, маддоҳ журналистлари томонидан тарихимиздаги фожиали воқеаларни бундай сохталаштиришдан қандай мақсад кўзланганлиги ҳозиргача тарихшунослигимизда, ўзбек бадиий адабиётида ўз аксини топмаган.
Маълумки, Усмон Юсупов 1936 йилдан 1937 йил 27 сентябргача Ўзбекистон Республикаси озиқ-овқат саноати халқ комиссари лавозимида ишлаган. Бу лавозимда Усмон Юсупов аксарият хўжалик сохасида фаолият кўрсатган. Эътибор берайлик, 27 сентябрь куни биринчи котиб лавозимига тайинланганидан уч кун ўтибоқ мана шундай мақола билан чиқиш қилишининг ўзи таажжублидир.
Ўша йилнинг 20 октябрида мақола Бектемиров муҳаррирлигида, В.Н. Маленин техник муҳаррирлигида, масъул корректор Третъякова имзоси билан китоб сифатида эълон қилиш учун нашриётга топширилган. Мақола ва китоб рус тилида тайёрланган, кейин ўзбек тилига таржима қилинган.
Бизнингча, бу мақола орқали эндигина Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбари бўлган Усмон Юсуповни ҳам “катта террор” гирдобига тортиш учун ботиний ҳаракат бошланган эди. Уни халқ, кенг жамоатчилик орасида обрўсизлантириш, пайти келганда уни ҳам Акмал Икромовдек қатағон қилиш мақсадида шошилинч равишда мақола ва китобни нашр этишган. Рус ва ўзбек тилида эълон қилинган мақоланинг мазмун ва моҳияти, унда илгари сурилган фикр-ғоялар, ёзилиш услуби ва шакли-шамойилидан унинг муаллифи Усмон Юсупов эмаслиги шундоқгина кўзга ташланиб турибди.
Қарийб 40 йил мобайнида 1937–1938 йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган қатағон сиёсати тарихи билан шуғулланиб, республика вилоятлари, Тошкент, Москва, Украина, Ставрополь ўлкаси, Қозоғистон, Қирғизистон республикаларидаги архивларда тадқиқот олиб бориб, тўпланган ҳужжат ва материаллар асосида ўнлаб китоблар, юзлаб илмий мақолалар, рисолалар муаллифи сифатида ўша қатағон даври фожиаси тарихини ўрганган тадқиқотчи сифатида Усмон Юсуповнинг 1937–1938 йилларда “катта террор” кампаниясида тутган ўрни ва ролига тарихий ҳужжатлардан келиб чиқиб, янгича ёндашув, янгича муносабат шакллантирилишит керак, деб ҳисоблайман.
1956 йили КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси ҳузурида 1937–1938 йиллардаги “катта террор”да қатағон қилинганларни реабилитация қилиш бўйича комиссия тузилган. Комиссия аъзолигига Ўзбекистондан 2 киши - Н.А.Муҳитдинов ва академик, юрист Хадича Сулаймонова киритилган. Улар Ўзбекистон бўйича қатағон қилинганларнинг реабилитация қилинишида улкан хизматлар кўрсатишди. Ана шу юртдошларимизнингмазкур йўналишдаги фаолиятини ўрганиш ва халқимизга етказиш тарихчилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари вазифасида ишлаган Нуриддин Акрамович Мухитдинов Усмон Юсупов ҳақида шундай ёзган: “...Усмон Юсупов 13 йил Марказий Комитетга секретарлик қилиб, республикани катта ғалабаларга олиб келди. Айниқса, уруш вақтидаги энг оғир кунларда республика меҳнаткашларини қийин ва тиғиз вазифаларни бажаришга сафарбар эта олди. У халқ билан гаплаша биларди. Республиканинг ўзига хос хусусиятларини ҳеч назардан қочирмас, шу билан бирга, КПСС Марказий Комитетининг йўлини тўғри амалга оширишга сидқидилдан ҳаракат қилар эди. Энг муҳими, халққа суянарди, ўз вақтида сафарбар этилган халқ нималарга қодирлигини ўз тажрибасидан яхши биларди ва ундан мурувватини ҳеч аямасди. Тўғри, ўша йилларда ҳам анча мунча камчиликлар бўлган. Шу жумладан, Усмон ака ҳам хато ва камчиликларга йўл қўйган. Лекин бу унинг республика тараққиёти учун қилган меҳнатлари олдида мисқолчадир. У партиявий ишни тўғри йўлга қўйиб, меҳнаткашларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга эришгани, уларни катта бунёдкорлик ишларига отлантира олгани аниқ. Ана шу чин юракдан қилган меҳнатлари эвазига ҳам у бутун халқ юрагида қолди. Иззати абадий”.
Тўғри, 1937–1938 йиллардаги қатағон даврида Усмон Юсуповнинг айби йўқ деб бўлмайди. У “Учлик”нинг аъзоси эди. Бу “Учлик”нинг бири Ўзбекистон НКВД комиссари Н. Загвоздин, иккинчиси республика прокурори Борис Шейндлин эди. Бу “учлик” таркиби Сталин, Ежовлар томонидан тайинланган бўлиб, Усмон Юсупов юқоридан берилган буйруққа итоат қилишга мажбур эди. Бундан бошқа йўл ҳам йўқ эди.
Усмон Юсупов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари лавозимига 1937 йил 27 сентябрида тайинланган. Тарихий ҳужжатларга кўра, У. Юсупов “Учлик” аъзоси сифатида 1937 йилнинг 10 августдан 1938 йил 22 сентябргача бўлган даврдаги “Учлик” кенгашининг фақат 8 та йиғилишда қатнашган холос.
1937–1938 йилларда Ўзбекистон НКВДси Ички ишлар халқ комиссарлиги ва унинг округ бошқармалари, шаҳар ва район бўлимлари идоралари инқилобий қонунчиликни жуда ҳам қўпол тарзда бузганлар, сохта анкеталар, баённомалар, ҳукмлар, тергов хулосалари, айбловлар, юзлаштиришлар, махбусларга қўйилган айбларнинг аксарияти соҳта, тўқиб чиқарилган, асоссиз бўлган. Терговчилар махбусларни қийноққа солиш орқали уларни сохта, олдиндан ўйлаб топилган “айблар”ни бўйнига қўйиш учун қўллаган қийноқлар, қўрқитишлар, зўрлашлар, ёлғон кўрсатмалар олиш, сохта ҳукмлар тайёрлаш, маҳкумлар устидан “айблов хулосалари” тайёрлаш билан машғул бўлган.
1937-1938 йилларда Ўзбекистон Республикаси НКВДси ҳузуридаги “Учлик” таркиби вақти-вақти билан ўзгартириб турилган. Николай Загвоздин, Акмал Икромов, Жўрабек Тўрабеков, Усмон Юсупов, Шейндлин, Яковлев, Султон Сегизбоев, Апресян сингари турли лавозимдаги раҳбарлар турли вақтларда унинг аъзолари бўлган.
1938 йил 4-14 октябрь кунлари Тошкентда СССР Олий суди Ҳарбий Коллегиясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистоннинг таниқли давлат, ҳукумат, вазирликлар ходимлари, партия ва совет органлари раҳбарлари, олимлар, ёзувчилар, шоирлар, журналистлар ва бошқа соҳадаги раҳбар ходимлардан 500 га яқини олий ва 10 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган. Мазкур жараёнда Марказдан келган расмийларнинг бирортаси Ўзбекистон раҳбарлари билан келишмаган, уларнинг фикри сўралмаган ҳам, 500 га яқин давлат, ҳукумат, хўжалик раҳбарлари, ёзувчилар, шоирлар, журналистлар устидан ҳукм чиқарилган, йиғилиш баённомаларини ўзлари билан Москвага олиб кетишган, қатағон қилинганларнинг шахсий ишлари Ўзбекистон Ишчи ишлар халқ комиссарлиги ва Давлат хавфсизлик бўлимида қолдирилган.Ана шу 500 ўзбекистонлик ҳақидаги ҳукм баённомалари ҳозирда Россия Федерал хавфсизлик хизмати архивида сақланмоқда.
Усмон Юсупов Республиканинг биринчи раҳбари сифатида “катта террор” ижодкорларининг қилмишларини яхши англаган, моҳиятини тушунган, ёвуз ниятларини билган, қатағон фожиасини қалбидан ўтказган. Бу мудхиш фожиага бефарқ қарамаган.
Усмон Юсупов 1938 йилда шахсан И.В. Сталин, А.А. Андреев ва Г.М. Маленковларга махсус хат билан мурожаат қилиб, НКВД (Ички Ишлар Халқ Комиссари) ходимлари ҳаддан ошаётганликлари ва шу боисдан уларни жиловлаб қўйиш масаласини кўндаланг қўйишга журъат этганди: “Ўзбекистон Ички ишлар халқ комиссарлари органлари фаолиятида жуда катта камчилик ва қонунбузарликларга йўл қўйилмоқда, бу ҳолат НКВД органларига суқилиб кириб олган душманлар, айниқса Леонов (халқ комиссарининг собиқ ўринбосари) ва Апрессян (собиқ халқ комиссари) томонидан ҳар жиҳатдан рағбатлантирилиб, ҳатто шунга мажбурлаб келинди. Оммавий қамоққа олишларга зўр берилди, кўп ҳолатлар етарли даражада асосланмади. Ички ишлар халқ комиссарлигида, унинг районлардаги бўлимларида ҳатто энг кўп қамоққа олиш учун мусобақа эълон қилинди. Бинобарин, НКВД ходимлари фаолиятига баҳо беришда уларнинг ўзлари ҳибсга олган одамларнинг кўрсатмалари ва сони далил бўлиб хизмат қилди. Бу эса етарли даражада асосланмай қамашларга кенг йўл очди”.
“Катта террор” авжига чиққан бир шароитда Сталинга бундай хат билан мурожаат қилиб, бор ҳақиқатни ёзганлигининг ўзи Усмон Юсуповнинг катта сиёсий жасорати эди.
Ана шу хат туфайли Усмон Юсуповнинг ҳаёти хавф остида қолган. Москаванинг, Ички ишлар комиссарининг топшириғи билан унинг устидан айблов ҳужжатлари тўплай бошланганди.
Тарихчи Файзулла Қиличевнинг ёзишича, Леонов-Немировскийга нисбатан 1938 йилда қўзғатилган жиноий иш ҳужжатлари орасида Г.Затуловскийнинг кўргазмасида “Леонов бошчилигида бўлим бошлиғи Лисицин томонидан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг котиби Усмон Юсуповга нисбатан уйдирмалардан иборат материал тўплана бошланди. Улар қамоқда ётган Ғулом Ёқубов ва Рустам Исломов (иккаласи ҳам республиканинг раҳбар ходимлар бўлган)лардан қийноққа солиш, азоб бериш йўли билан Усмон Юсупов Акмал Икромов тўдасидаги аксилинқилобий ҳаракатда бўлганларнинг фаолларидан эди деб ёздириб олдилар” дейилган.
ЎзССР НКВДси ходимлари томонидан қандай қилиб бўлмасин Усмон Юсупов шахсини қоралаш ва уни ҳам қатағон қилиш учун ҳаракатлар бўлганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд. Масалан, Улардан бири 1929 йилдан ВКП (б) аъзоси Сотти Хусаиновнинг 1938 йил 12 августда ВКП (б) МК, Сталин ва Ежовга авиапочта орқали йўллаган хатидир. Ушбу хатда НКВД раҳбарлари ундан У. Юсупов ҳақида нотўғри кўрсатма беришни талаб қилаётганлиги, умуман, У.Юсупов устидан ёлғон айблов материаллари тўпланаётганлиги айтилади. Ўқувчиларга ана шу хатни қандай ёзилган бўлсак, айнан келтириб ўтамиз:
ЦК ВКП (б) тов. Сталину и тов. Ежову от члена ВКП (б) с 1929 г. и зам.пред.оргкомитета ССР Узбекистана Хусаинова Сатты.
11 августа я послал Вам письмо авиапочтой о поведение работников НКВД Узб.ССР. Я этим письмом хочу обратить Ваше внимание на следующее:
11-го августа с.г. я принес на квартиру Лиситсина Ильи Петровича – нач. 3 отдела НКВД сводку о Усмане Юсупове, которую он просил, примерно такого содержания, как я Вам писал. Тов. Лиситсину это не понравилось и сказал: «Я от Вас ожидал другой, более сильной сводки. Ведь у Юсупова никакой борьбы то не было. Он сам на активе и на VII съезде заявил, что он (Юсупов) никогда не боролся против Икрамова. Вы знаете показания Икрамова, Ходжаева о том, что они были в одной организации, а были разговоры о том, что они враждовали. Я Вас предупреждаю, потом Вам будет плохо. Вы скрываете, не все говорите» и т.д.
Короче говоря, он хотел, чтобы я написал ему, что Юсупов и Юлдашев с Икрамовым одни люди, даже состояли в одной организации. Это меня возмущало. Я резко это отверг. Сказал, что я знаю много недостатков и пороков Юсупова и знаю, что он за последние годы почти прекратил борьбу и вообще плохо боролся с ИКРАМОВЫМ. Но и знаю много его достоинств и об этом я говорил и пишу. Потом ЛИСИТСИН понизил тон разговора и предложил еще раз написать о ЮСУПОВЕ более крепко. Таким образом, меня хотят несколько раз заставить писать об одном, чтобы поймать меня на слове и затем вынудить подтвердить ихнее ложное умозаключение об УСМАНЕ ЮСУПОВЕ. Пока что мне запретили говорить с Юсуповым. После того, как я напишу им о ЮСУПОВЕ по предложению ЛИСИТСИНА, я должен умело подойти к ЮСУПОВУ и выпитать у него все. Узнать у него, что говорил он в Москве, что ему сказали,. Его отношение к Яковлеву и т.д. у меня осталось такое впечатление, что они – Апресян и он имеет определенное предубеждениу, выводи о ЮСУПОВЕ, но фактами не располагают и хотят, чтобы я выручил их. Я не знаю как мне быть. Решил обратиться к Вам.
Хусаинов. Мой адрес: Ташкент, 3-я Аккурганская 5, Хусаинов Сатты.
12.VIII-38 г.
Усмон Юсуповга қарши айбловлар тўпланаётган бир пайтда Москвада Ежовнинг қамоққа олиниши уни қатағондан сақлаб қолди. Қолаверса, шахсан Сталин ҳам ушбу хатга ижобий муносабат билдирган бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Бу фикрга келгусидаги ўрганишлар ойдинлик киритади, албатта.
Усмон Юсупов устига қора булут соя ташлаб турган оғир бир шароитда унинг тақдири ҳақида жон куйдириб, ўзини аямасдан 1938 йил 12 июлда ВКП (б) Марказий Комитети секретари Сталинга, СССР Ички ишлар халқ комиссари Ежовга Ўзбекистон НКВДсидаги, давлат хавфсизлиги хизмати бўлимидаги ҳолатни ёзишга куч топа олган Сотти Хусаиновнинг ўзи ким эди?
Сотти Хусаинов ёзувчи, зиёли, виждонли, диёнатли, ватанпарвар, адолатпарвар инсон бўлган. Ўша пайтда у Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида ишлаган. Кейинчалик унинг ўзи ҳам қатағон қурбонлари қаторидан жой олган. Унинг қатағон қилинишига оид ҳужжатлардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз.
1941 йил 24 ноябрда ЎзССР НКВД контрразведка бўлими катта терговчиси Сухолозов ҳибсга олинган Сотти Хусаиновни аксилинқилобий, миллатчилик ташкилотининг аъзоси сифатида сўроқ қилади. Қабул қилинган қарорда терговда иғвогарона кўрсатма беришдан бош тортгани, қўполлиги учун Сотти Хусаиновни 10 кун муддатга карцер қамоғига ҳукм қилган. Ҳукмга ЎзССР НКВД Махфий сиёсий бўлими бошлиғи ўринбосари, давлат хавфсизлик хизмати лейтенанти Акжигитов розилик берган. ЎзССР Ички ишлар халқ комиссари, давлат хавфсизлиги хизмати майори А.Кобулов 1941 йил 24 ноябрь санаси билан ҳукм ижро этилишини тасдиқлайди. Сотти Хусаинов 1941 йил 25 ноябрдан 5 декабргача карцер камоғида сақланган.
ЎзССР Ички ишлар халқ қомиссари Контрразведка бўлими катта терговчиси Сухолозов келтирган маълумотда Сотти Хусаинов 1906 йилда туғилган, савдогар ўғли, 1929 йилдан ВКП(б) аъзоси, Санъатшунослик институтида ишлаётган, Тошкент шаҳрида жиноятчилик фаолияти тўғрисида келиб тушган материалларни ўрганиб қуйидаги қарорга келган. Тергов материалларида Хусаинов Сотти Ўзбекистонни Совет Иттифоқидан ажратиб олиш ва буржуа демократик давлатни тузишдан иборат советларга қарши миллатчилик ташкилотининг фаол иштирокчиси сифатида қатағон қилинган.
1954 йилда СССР Бош прокурори Р.А. Руденконинг КПСС Марказий Комитетига С.Азимов ва бошқаларнинг ишини қайта кўриб чиқиш бўйича ёзган хатида Сотти Хусаинов ва бошқа бир гуруҳ зиёлиларнинг тақдири, улар ноҳақ қамоққа олинганлиги, айбсизлиги маълум қилиниб, улар билан боғлиқ ишлар қайта кўриб чиқилиши сўралади. Кейинчалик ишлар қайта кўриб чиқилади, қўйилган айбловлар олиб ташланиб, улар тўла оқланди.
Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
АДУ қошидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи раҳбари,
тарих фанлари доктори, профессор.
Дилшодбек Хомидов,
Шаҳбоз Ходжиев,
АДУ қошидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи ходимлари.
ЎзА
--0--