“Сўғдиёна” профессионал футбол клубининг футбол академияси учун фойдаланиладиган биноларни қайта реконструкция қилиш ва майдон ҳозирлаш ишларига қизғин киришилди.
Президентимиз 2019 йил 4 декабрда “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги имзолаган фармони ижроси доирасида Жиззах шаҳрида бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди.
“Сўғдиёна” ПФК футбол академияси Жиззах шаҳри “Қипчоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги текисликда қад ростламоқда.
Айни пайтда, футбол академияси тарбияланувчилари фойдаланишлари учун ўқув, машғулотлар, ётоқ ва бошқа бинолар, шуғулланишлари учун спорт мажмуасини қайта реконструкция қилиш жараёни ва футбол майдонларини ҳозирлаш ишларига 150 нафардан ортиқ қурувчи-муҳандис, 10 га яқин махсус техника жалб этилган.
[gallery-3551]
Ушбу академияда бир вақтнинг ўзида 5 та ёш тоифасидаги 100 нафар ёш футболчи шуғулланиш имкониятига эга бўлади.
“Сўғдиёна” академияси келгуси 2022 йилнинг охирларида қуриб битказилиши режалаштирилган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА