Ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз том маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз;
Мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади;
Ушбу тармоқда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилаётгани унинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам ортиб бораётганини кўрсатади;
Кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги имконият ва шароитлар яратилди;
Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг аксариятига барҳам берилди...
Бу фикрлар Президентимиз Шавкат Мизиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан учрашувида қайд этилди.
Бу ижобий натижалар халқаро миқёсда ҳам ўз ифодасини топиб келмоқда. Яъни, айнан бизнес билан боғлиқ халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон йил сайин ўз ўрни ва нуфузини мустаҳкамламоқда.
Халқаро рейтинглар ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш департаменти Ўзбекистоннинг Жаҳон банки “Бизнес юритиш” халқаро индексидаги натижалари хронологиясини тақдим этди.
Унга кўра, мамлакатимиз 2006 йилда 138-ўринни эгаллаган бўлса, 2012 йилда кескин пасайган ҳолда 166-ўринни қайд этган. 2016 йилда ўз рейтинг ўрнини 87-ўрингача кўтаришга эришган. “Бизнес юритиш-2020” йиллик ҳисоботига кўра эса Ўзбекистон 190 мамлакат ичида 69-ўринни эгаллаб турибди.
“Бизнес юритиш” индекси тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтказиш жараёнидан тортиб, фаолиятини тугатгунигача бўлган циклни қамраб олади.
“Бизнес юритиш” халқаро рейтингининг тадбиркорлик муҳитини яхшилашдаги муҳим ўрни ҳисобга олиниб, ушбу индексдаги Ўзбекистоннинг ўрнини кўтариш мақсадида Президентимизнинг уч қарори ҳамда “Йўл харита”лари тасдиқланган. Шу асосда давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизими яратилди.
2017 йилда тадбиркорларга 170 мингдан ортиқ давлат хизмати кўрсатилган бўлса, 2020 йил давомида жисмоний ва юридик шахсларга 8 миллиондан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди (ҳозирга қадар аҳолига қарийб 30 миллиондан ортиқ давлат хизмати кўрсатилган).
Тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли фикрини ўрганиш амалиёти доимий равишда йўлга қўйилиб, уларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда кўрсатилаётган хизматлар сони тобора ортиб бормоқда. Масалан, 2018 йилгача бўлган даврда давлат хизматлари марказлари орқали тадбиркорлик субъектларига фақат 37 турдаги давлат хизмати кўрсатилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 157 тага етказилди.
Ҳар бир туман ёки шаҳарда жами 205 давлат хизмат кўрсатиш маркази ҳамда 121 филиал фаолияти йўлга қўйилди.
Корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказишда давлат хизматларининг жорий этилиши натижасида мос равишда 2017-2020 йиллар мобайнида талаб этиладиган тартиботлар сони 4 тадан 3 тагача (янги корхона номини захирага олиш тартиботи бекор қилинди), сарф қилинадиган вақт 5,5 кундан 3 кунгача қисқарди. Тадбиркорларнинг харажатлари 3,2 фоиздан (аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад улуши) 2,2 фоизгача камайди.
Корхонани рўйхатдан ўтказиш реал вақт режимида, лекин ярим соатдан ошмаган муддатда ҳал этиш учун шароит яратилди. “Бизнес юритиш” индекси натижаларига кўра, Ўзбекистон корхонани давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалиги бўйича дунёдаги 190 мамлакат орасида 8-ўринни эгаллади. 2017 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 17 поғонага ўсиш кузатилди.
Давлат хизматлари орқали яратилган мавжуд қулайликлар сабаб янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектлари сонида ҳам ўсиш тенденцияси кузатилмоқда: 2017 йил – 38 минг 289 тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, 2020 йилга келиб уларнинг сони 93 минг 425 тага етди.
Электр таъминотига уланиш соҳасидаги ўзгаришлар туфайли 2017-2020 йиллар мобайнида талаб этиладиган тартиботлар сони 7 тадан 4 тагача камайди.
Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” индекси натижасига кўра, Ўзбекистон корхонани электр тизимига уланишнинг соддалиги бўйича дунёдаги 190 мамлакат орасида 36-ўринни эгаллади, яъни 2017 йилга нисбатан 47 поғонага ўсди.
Солиқлар тўлови маъмурчилигинисоддалаштириш, тадбиркорлар томонидан ортиқча ҳисоботларни тайёрлашни бекор қилиш, бизнес учун солиқ юкини камайтириш ишлари ҳам ижобий натижа берди. Хусусан, солиқ ҳисоботларини электрон топшириш имконияти яратилиши, инфратузилмани ривожлантириш солиғи бекор қилиниши солиқ тўловлари сонининг 46 тадан (2017) 9 тагача (2020) камайишига олиб келди.
Солиқ ставкаларининг камайтирилиши ҳамда айрим турдаги солиқ тўловларининг бирлаштириб юборилиши солиқ юкини 38,1 фоиздан (2017) 31,6 фоизга (2020) камайишини таъминлади.
“Бизнес юритиш” индексида мамлакатимиз солиқ маъмурчилигининг соддалиги бўйича дунёдаги 190 мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади. Бу борада 2017 йилга нисбатан 69 поғона ўсишга эришилди.
Божхона хизмати самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилди. Натижада товарлар ва транспорт воситаларини юз фоиз божхона назоратидан ўтказишдек самарасиз усулдан воз кечилди.
Ушбу ахборот тизимининг жорий этилиши билан 76,3 фоиздан ортиқ юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди. 29 фоиз декларация “яшил”, 47,3 фоиз - “сариқ”, 23,7 фоизи эса “қизил” йўлаклар орқали божхона расмийлаштирувидан ўтказилди. Яъни, атиги 24 фоиз юклар текширувдан ўтказилди. “Экспорт” режимида бу кўрсаткич 16 фоиздан ортмайди. Яъни, 2020 йилнинг ўтган даврида 159 минг 406 партия юк божхона кўригидан ўтказилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 417 минг 142 тани ташкил этган. Божхона экспертизалари 2020 йилнинг ўтган даврида 3 мингдан ортиқ юкка қўлланилди. Ваҳоланки, 2018 йилда бу кўрсаткич 25 мингдан ортиқ эди.
Мазкур тизим тадбиркорларда ҳалоллик ва қонунга итоаткорликка интилишини рағбатлантириб, жорий этилган дастлабки йилда 700 га яқин ташкилотлар “ҳалол”, деб баҳоланган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 1,8 мингдан ортди. Божхона расмийлаштирувини соддалаштириш ва тезлаштириш назорат пунктларида божхона тартиботларидан ўтиш вақти қисқартирилди.
Божхона расмийлаштирув вақти экспортда 3 баробарга, импортда 2 баробарга қисқарди. Кўриклар сони 1,9 баробарга камайган бўлсада, уларнинг самарадорлиги 1,5 баробарга ошди.
Божхона юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва автоматик тақсимлаш жорий этилди. Жараёнга илгари 2-3 соат вақт кетган, бир нечта хизмат китоблари юритилган. Ҳозир эса бунга 1-2 дақиқа вақт сарф этилмоқда. Бу коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда оид катта қадам бўлди.
“Ягона дарча” тизими орқали 12 органнинг 60 та рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар бериш тартиби жорий қилинди.
Юқорида санаб ўтилган ислоҳотлар, ўз навбатида, “Бизнес юритиш” индексининг Халқаро савдо амалиётида Ўзбекистон кўрсаткичларининг ижобий томонга ўзгаришини таъминламоқда. Жумладан, экспортга ҳужжатларни тайёрлаш учун сарфланадиган вақт 174 соатдан (2017) 96 соатгача (2020), божхона расмийлаштируви учун 112 соатдан (2017) 32 соатгача (2020) қисқарди. Импортга сарфланадиган вақт: ҳужжатларни тайёрлаш учун 174 соатдан (2017) 150 соатгача (2020), импорт харажатлари: ҳужжатларни тайёрлаш учун 292 доллардан (2017) 242 долларгача (2020) камайди.
Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” халқаро рейтингида сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон ўз ўринни 18 поғонага яхшилади. 190 мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади.
“Бизнес юритиш - 2020” ҳисоботи натижаларига кўра, Ўзбекистон дунёнинг “Топ-20” ислоҳотчи мамлакатлари сафига кирди. “Корхоналарни рўйхатдан ўтказиш” индикатори бўйича 8-ўринни эгаллаб, Топ-10 мамлакатлар қаторидан жой олди.
Бизнес юритиш халқаро рейтингининг кейинги 4 ҳисоботида Жаҳон банкининг экспертлари томонидан тегишли йўналишларда жами 15 йирик ислоҳот тан олинган.
Халқаро рейтинглар нафақат мамлакатнинг жаҳонда тутган ўрнини кўрсатиб берувчи, балки мамлакат ичидаги вазиятни яхшилашга хизмат қилувчи муҳим индикаторлардан бири. Қолаверса, инвесторлар ҳам давлатнинг рейтинг ва индекслардаги ўрни ва мавқеига қараб мамлакатга инвестиция киритади.
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА