Акс-садо
Одамлар қувончдан қандай йиғларкин, деб ўйлардим. Ахир, яхшилик бўлса, хушхабар бўлса... Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 24 август куни имзолаган «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини бериш тўғрисидаги фармонидан хабар топгач, қувончдан юрагим ҳапқириб кетди...
Рости, мамлакатимизда ҳалол ва сидқидилдан қилинган меҳнат ҳамиша эъзоз ва қадр топган, алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ кўрилган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жамият ҳаётида кечаётган шиддатли ўзгаришлар жараёнида эл-юртга ўзини аямасдан хизмат қилган, соҳа ривожи учун фидойилик кўрсатган ҳамюртларимизга эҳтиром кўрсатиш борасидаги ишлар янада юқори поғонага кўтарилди, десак муболаға бўлмайди. Бунда мамлакат етакчисининг зийраклиги, одамийлиги, масалага соф ўзбекона ёндашувини ҳар бир ҳамюртимиз қалбан ҳис этмоқдамиз, десак янглишмаган бўламиз.
Хушхабарни эшитган пайтданоқ устозимиз, халқимизнинг суюкли фарзанди, миллий адабиётимиз фидойиси Иброҳим ака Ғафуровнинг телефонларига боғланмоқчи бўламан. Мендан аввал бу янгиликдан хабар топганлар устозни қутлаётган, шекилли, телефонлари анча банд бўлди. Ахийри, табриклаш менга ҳам насиб этди. Ҳаяжоним тўлиб-тошиб Ватанимизнинг энг юксак мукофоти билан қутлаган бўлдим. Доимгидек вазмин оҳангда ҳол-аҳвол сўрадилар.
– Тўғриси , бу хушхабардан ўзимниям бошим айланиб кетди, – дедилар камтарлик билан Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган Иброҳим ака Ғафуров. – Шундай юксак унвонга муносиб кўрилганим мени жуда тўлқинлантириб юборди...
Дарҳақиқат, адабиётга, китобга меҳрни, ўз касбига садоқат билан муносабатда бўлишни, ҳамиша вазмин, мулоҳазакор бўлишни, ўз ишига, ҳаётга, одамларга ҳалол муносабатни устоз Иброҳим Ғафуровдан ҳар қанча ўргансак арзийди.
Адабиётимизнинг чинакам жонкуяри бўлган Иброҳим ака кўпларни китобга, сўз санъатининг мўъжизакор дунёсига, жаҳон адабиётининг бебаҳо дурдоналарига ошно эта олган камтарин инсондир.
Ўзбекистон Қаҳрамонидек юксак унвонга муносиб топилган ҳамюртларимиздан яна бири – Бухоро туманидаги «Маданият Муҳаммад Исмат» фермер хўжалиги бошлиғи Муҳаммад Аҳмедов. Муҳаммад ака қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати билан элда азиз инсонлардан. Экинларидан мўл ҳосил етиштириб, халқимизнинг ризқ-рўзи ва фаровонлигини, юртимизнинг иқтисодий қудратини ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда Муҳаммад ака самарали ҳисса қўшиб келмоқда. Дастурхонларимизнинг тўкин, файзли экани фермерлик ҳаракатининг жонкуярлари меҳнати самараси, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Математика институти директори, атоқли математик олим Шавкат Аюпов илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси, шогирдлари билан машҳур. Ўзбекистон Миллий университети талабалари орасида "Аюпов домла" деб ном олган устозимиз Абдулла Аюповнинг фарзанди бўлган Шавкат ака илмда кўплаб тадқиқотларни муваффақиятли амалга оширган. Математик олимнинг алгебра фанига оид изланишлари халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилган.
Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак унвонга муносиб кўрилаётган аёлларимиз сафи кенгайиб бораётгани ҳам ғоят қувончли. Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева куйлаганда барчанинг миллий мақомларимизни диққат билан тинглаганига, унинг юксак санъати ва маҳоратига хорижликларнинг мафтун бўлганига, қойил қолганига кўплаб концертларда, халқаро фестивалларда гувоҳ бўлганмиз. Муножат опа санъатнинг мақомдек ғоят мураккаб, масъулиятли турини танлаши билан бирга миллий дурдона бойлигимиз, жонажон Ўзбекистонимизнинг жаҳон узра машҳур бўлишига ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг фидойи ҳамюртларимизни Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирлашга оид ташаббуси лаҳзада бутун мамлакатга ёйилди. Энг улуғ, энг азиз айём арафасида бундай янгиликлар, яхшиликлар наинки Ўзбекистоннинг янги қаҳрамонлари,балки бутун халқимиз қалбига нур, қувонч бағишлагани аниқ!
Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармони қўшалоқ хушхабарга айланди.
Зеро, ижодкор зиёлилар, тинчимас журналистлар, спорт, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари доимо давлатимиз ва халқимиз эътиборида бўлган. Энг азиз ва энг улуғ айём арафасидаги бундай хушхабарлар ўз соҳибларига ҳамда уларнинг шогирду мухлислари, яқин ва қадрдонлари, барчамизга муборак бўлсин!
Ўзининг бетакрор ва ёрқин ижодий фаолияти, миллий истиқлол ғоясига садоқати билан Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари учун меҳнатлари юксак эътироф этилган бир гуруҳ марҳум ижодкорларнинг ҳам бугун руҳлари шод бўлгани рост!
Юксак мукофотлар муборак бўлсин,азиз юртдошлар!
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири