Мамлакатимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича юритилаётган давлат сиёсат самаралари бунга мисолдир.
Бу борада Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Наманганда мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами муносабати билан Энергетика вазирлиги ва “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан ўтказилган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” эзгу ғоясини ўзида мужассам этган “Янги Ўзбекистоннинг бахтли ёшлари” форумида мазкур қарорлар ижроси доирасида хайрли ишга қўл урилди.
Тўрақўрғон туманидаги “Бахт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи тўрт нафар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва ногирон болалари мавжуд оилаларга янги қурилган уйларнинг калитлари топширилди.
Иссиқлик электр станциялари акциядорлик жамияти раҳбари Фарҳод Абдураҳмонов, Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова аҳолининг кам таъминланган қатламлари, хусусан, боқувчисини йўқотган оилалар, чин етим болалар, ногиронлиги бор кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юртимизда юритилаётган изчил сиёсатнинг биринчи устувор вазифаларидан бири эканлигини таъкидлади.
– Менга, оила аъзоларимга кўрсатилган эътибордан бошим осмонга етди, – дейди Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси ишчиси Василахон Холбоева.
– Энг улуғ, энг азиз айём – истиқлолимизнинг 30 йиллигини янги икки хонали уйда кутиб олиб, нишонлаш нақадар завқли.
Мазкур янги турар-жой мажмуаси Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини бунёд этиш инвестиция лойиҳаси доирасида қуриб битказилган бўлиб, асосан станцияда фаолият юритаётган ишчи хизматчилар иш фаолияти давомида фойдаланиш учун мўлжалланган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА