Бугун Токиода XVI ёзги паралимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Кеча Токиода паралимпия ўйинлари бошланиши олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Халқаро паралимпия қўмитаси(IPC) президенти Эндро Парсонс XVI ёзги паралимпия ўйинларида иштирок этаётган ва қатнаша олмаётган давлатлар хусусида сўз юритди.
IPC раҳбари ўз навбатида афғон спортчиларининг Токио баҳсларида ноқулай сиёсий вазият туфайли иштирок этмаётганлигига тўхталиб, “Афғонистон байроғи “Токио-2020” паралимпия ўйинлари очилиш маросимининг бир қисми бўлиши керак”лигини таъкидлади. У бу бутун дунё халқларига “бирдамлик ва тинчлик” қўнғироғи бўлиши лозимлигига урғу берди.
Анжуманда Афғонистон байроғи паралимпия ўйинларининг очилиш маросимида бирдамлик ва тинчлик рамзи сифатида олиб ўтилиши бўйича ташкилий қўмитанинг махсус қарори қабул қилинганлиги айтилди.
“Токио-2020” майдони ўзра Афғонистон байроғининг ҳилпираши ва бошқа давлат байроқлари билан бир сафда туриши, афғонистонлик параспортчилар қалбан “Токио-2020” майдонида эканлигидан далолатдир.
Insidethegames.biz сайтининг маълум қилишича, паралимпия ўйинларида афғонистонлик ягона спортчи Аббос Каримий “қочқинлар мамлакати” бўлган бетараф жамоа сафида иштирок этиши кутилмоқда.
Тўлқин Рўзиев,ЎзА