Қишлоқ хўжалигига бозор муносабатлари кенг жорий қилинмоқда. Маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар шартномавий-ҳуқуқий механизмлар асосида ташкил этилиб, шу орқали соҳани бошқаришда давлат иштироки тобора чекланаётир.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 - 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида айнан шу мақсад назарда тутилган.
Аммо соҳада ҳали муаммолар йўқ эмас. Фермерлар ҳуқуқларини тушунтириш ва ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган “Фермерга мадад” акцияси доирасида адлия органлари томонидан ўтказилган ҳуқуқий мониторинг натижалари шуни кўрсатган.
Адлия вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, акция доирасида фермерлар билан тайёрловчи, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасидаги шартномавий муносабатларда 156 минг 223 хато ва камчилик аниқланган.
Маълумки, фермер ердан фойдаланишининг ҳуқуқий асоси ижара шартномасида белгиланади. Мониторингда 565 ҳолатда фермерлар билан ер ижара шартномаси тузилмагани, 794 ҳолатда ер ижара шартномасининг нусхаси фермерларга берилмагани маълум бўлган.
Ер ижара шартномаси тузилмаса, бу ҳокимликларга қўл келиши сир эмас. Чунки улар исталган вақтда фермердан ерни олиб қўйиши ёки ердан фойдаланишда фермерга исталган қўшимча талабни қўйиши мумкин. Оқибатда фермер масъуллар хатти-ҳаракати юзасидан судга шикоят қилишда муаммога дуч келади.
Фермер маҳсулотни сотиш бўйича контрактация шартномаси, фаолияти учун зарур хизматлардан фойдаланиш бўйича 20 дан ортиқ корхона, ташкилот билан шартнома тузиб ишлайди. Ушбу шартномалар ўз вақтида ва тарафлар учун тенг шартларда тузилса, муносабатларда ҳуқуқий аниқлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик таъминланади.
Лекин ўрганишлар кўпчилик ҳолатларда тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўзларининг монопол мавқеидан фойдаланиб, айрим ҳолларда эса давлат органларининг аралашуви билан шартномавий муносабатларда фермерлар манфаатларига зид хатти-ҳаракатлар қилинаётганини кўрсатмоқда.
Хусусан, акциянинг дастлабки бир ойида ўтказилган ўрганишларда тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан фермерлар ўртасидаги шартномалар 34 минг 861 ҳолатда кечикиб тузилган, 48 минг 396 шартнома ҳудудий қишлоқ хўжалиги бўлимларидан рўйхатдан ўтмаган.
Масалан, Шаҳрисабз туманида 2021 йилда 137 тонна пилла сотиш бўйича тузилган 456 шартнома туман қишлоқ хўжалиги бўлимидан рўйхатдан ўтмаган.
Шунингдек, монопол мавқеидан фойдаланиб фермерлар етиштирган маҳсулотлар 7 минг 531 ҳолатда контрактация шартномаси тузмасдан олиб кетилган.
Масалан, Хатирчи туманидаги “Dynamic elektronics” МЧЖ кластери томонидан “Бахтиёр Эргаш боғи”, “Хуршид-94”, “Сайёд”, “Даврон Фарҳод муҳосиби” каби 17 фермер хўжалигидан ғалла ҳосили харид шартномаси тузилмасдан қабул қилинган.
“Бухоро агрокластер” МЧЖ кластери томонидан Когон туманида 13 ҳолатда бўш, тўлдирилмаган шартнома имзолатиб, уларнинг бир нусхаси фермерларга тақдим қилинмай, етиширилган ғалла олиб кетилган.
Оқибатда фермерга ўз вақтида ҳақ тўланмаяпти. Республика бўйича 24 мингдан ортиқ фермер хўжалигига 180 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўз вақтида тўлаб берилмаган.
Жумладан, фермерлардан пахта тўқимачилик кластерлари 39 миллиард сўм, “Қишлоқхўжаликкимё” АЖ корхоналари 36 миллиард сўм, ғаллачилик кластерлари 34 миллиард сўм, дон корхоналари 27,6 миллиард сўм, нефть корхоналари 17 миллиард сўм қарздор.
Ғаллачилик кластерлари томонидан Тошкент вилоятидаги 859 фермер хўжалигига 12 миллиард сўм, Муборак туманида 4,2 миллиард сўм, Ангор туманида 3,9 миллиард сўм, Касби туманида 3,7 миллиард сўмлик етказиб берилган ғалла пуллари тўлаб берилмаган.
Шартномавий муносабатларда эркинлик ва тенгликка риоя этилиши юзасидан ўтказилган ижтимоий сўровда иштирок этган 10 мингдан ортиқ фермернинг 70 фоизи аксарият шартномалар тўлдирилмаган (бўш) ҳолатда улардан имзолатиб олинишини, 5 фоизи эса умуман шартнома тузилмаслигини маълум қилган.
Энг ачинарлиси, сўровда иштирок этган 40 фоиздан ортиқ фермер шартномадан ортиқча ғаллани топширишга мажбур қилинганини билдирган.
Сўровда иштирок этган фермерларнинг 36,4 фоизи турли йиғилишлар ва топшириқларнинг кўплиги, 32,6 фоизи контрагентлар билан мустақил шартнома тузиш имкони йўқлиги, 19,6 фоизи агротехника тадбирларига аралашиш, 11,4 фоизи текширишлар кўплиги улар фолиятидаги асосий тўсиқ эканлигини билдирган.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан, фермерларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида ҳудудий адлия органлари таъсир чораларини қўлламоқда. Акция доирасида 709 таъсир чораси қўлланган бўлиб, шундан 115 огоҳнома, 222 тақдимнома, 3,9 миллиард сўмлик 388 даъво аризаси, 2 та маъмурий таклиф, битта жиноят аломатлари бўйича тегишли органларга таклифлар киритилди.
Қўлланилган таъсир чоралари натижасида бугунги кунга қадар 13 шахс интизомий жавобгарликка тортилган. 207 даъво аризаси суд томонидан қаноатлантирилиб, 321 миллион сўм миқдоридаги маблағлар фермер хўжаликларига ундириб берилди. Қолган таъсир чораларнинг ижро этилиши назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, Адлия вазирлигининг “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси жорий йилнинг декабрь ойигача давом этади. Ҳуқуқлари бузилган фермерлар адлия органларига (“1008” рақамига ёки @fermergamadadbot орқали) мурожаат қилиши мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА