Жорий йилнинг 4-11 сентябрь кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида илк маротаба спортнинг 17 та тури бўйича 1-МДҲ ўйинлари бўлиб ўтади.
Минтақанинг 10 давлатидан 1500 нафарга яқин спортчи, 400 нафар атрофида ҳакам, 1000 нафардан зиёд волонтёр ва 100 нафарга яқин бошқа спорт соҳаси мутахассиси қатнашадиган “кичик олимпиада” баҳсларида МДҲ мамлакатларининг спортчилари 182 та медал жамланмаси учун баҳслашади.
14-23 ёшли спортчилар ўртасидаги 1-МДҲ ўйинларини ўтказиш ташаббуси 2018 йили илгари сурилган эди. Ёш спортчиларнинг иқтидорини шакклантириш, минтақадаги халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мазкур оммавий спорт тадбирида Ўзбекистон спортчилари 16 та спорт тури бўйича иштирок этиши режалаштирилмоқда.
Ҳамдўстлик мамлакатлари спорт ҳаётида ўзига хос воқелик бўладиган ушбу ўйинларга мамлакатимиз спортчилари қандай ҳозирлик кўраётганлиги масаласида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги мутахассиси Нуриддин Маҳмудов билан суҳбатлашдик:
–Токио олимпиадасидан кейин минтақанинг ёш спортчилари учун ўзига хос синов, катта спорт байрами бўладиган 1-МДҲ ўйинларига тайёргарликни юртимиз ёшлари икки йил муқаддам бошлашганди. Боиси, ушбу ўйинлар бундан бир йил муқаддам ўтказилиши керак эди. Бироқ эпидемиологик вазият сабабли қолдирилганлиги оқибатида кўп спорт турларида таркиб ўзгариб кетди.
–МДҲ ўйинларида қатнашадиган Ўзбекистон спорт делегацияси Қозон шаҳрига қачон жўнаб кетади?
–Спорт ўйинлари дастурига биноан делегациямизнинг 70 нафардан ошиқ бошланғич таркиби 31 август куни Татаристонга йўл олади. 65 нафарга яқин иккинчи расмий делегация эса 3 сентябрь куни ва ниҳоят 100 нафардан зиёд бўлган 3-таркиб 6-7 сентябрь кунлари Қозон шаҳрига жўнаб кетади. Биринчи таркиб юртимиз боксчилари, эркин ва юнон-рум курашчиларидан иборат. Иккинчи таркибдан Ўзбекистон спорт делегациясининг мутахассислари, шунингдек, баскетбол, белбоғли кураш, муайтай, кураш ва ўқ отиш спорти вакиллари жой эгаллашган. 3-таркиб эса дзюдо, каратэ, стенддан ўқ отиш, бадминтон, бадиий гимнастика, футзал, самбо ҳамда рақс спорт тури вакилларидан ташкил топган.
–Албатта, ҳар бир спорт мусобақасида белгиланган режа асосида қатнашилади. Қозон спорт майдонларида вакилларимиздан қандай натижалар кутилмоқда?
–Биласизки, спортда олдиндан башорат қилиш қийин масала. Барчасини майдондаги қизғин беллашувлар кўрсатади. Албатта, юксак ғалабаларни қўлга киритишни ният қилганмиз. Бу борада бокс, самбо, дзюдо, каратэ, кураш спорт турларидан умидимиз катта. Лекин шу ўринда айтиш лозимки, мазкур спорт ўйинлари юртимизнинг ёш спортчилари учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
–МДҲ ўйинларида минтақанинг қайси давлатлари қатнашиши кутилмоқда?
–МДҲ давлат раҳбарларининг 2018 йилги йиғилишида тасдиқланган Низомга асосан Арманистон, Беларусь, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон давлатларининг спортчилари қатнашиши белгиланган. Лекин айнан қайси мамлакатлар Қозон шаҳрига етиб бориши бўйича бизда ҳозирча аниқ маълумот мавжуд эмас. Аммо Қозонда фаолиятини бошлаган МДҲ ўйинлари ташкилий қўмитасининг норасмий хабарига кўра, барча мамлакатлар Татаристондаги беллашувларда қатнашади.
–Спорт ўйинларининг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари қайси кунлари ўтказилади?
–Мазкур спорт ўйинлари илк бор уюштирилаётгани сабабли унинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари, спорт турлари бўйича ғолиб ҳамда совриндорларни тақдирлаш тартиби олимпия ўйинлари даражасида бўлиб ўтади. Дастурга биноан 1-МДҲ ўйинларининг тантанали очилиш маросими 4 сентябрь куни ташкил этилса, ёпилиш маросими 11 сентябрда бўлиб ўтади. Илк мусобақалар 2-сентябрдан бошланади.
ЎзА мухбири Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди.