Ўрозгул аяни Оҳангарон “Саховат” – кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар интернат- уйига ўғли ташлаб кетганига 5 йил бўлди. Ўшанда унинг кўзлари яхши кўрмас, операцияга муҳтож эди.
“Саховат” уйидаги шифокорларнинг кўмагида аянинг кўзлари операция қилинди ва у оғриқлардан халос бўлди. Ўрозгул ая бу ердаги ходимларнинг беминнат хизмати-ю муомаласидан, зарур шароитлардан миннатдор. Уйидагиларнинг "турткилаш"ларидан кўра, аяга шу ерда яшаш тинчроқ. Аянинг ўғли онасини уйига олиб кетишни истайди, аммо ўзи уйи йўқлиги сабабли қайнонасиникида ичкуёв бўлиб яшайди. Ўрозгул ая ҳам қудаларининг уйида, келинининг қош-қовоғига қараб яшашни истамайди. Аммо ўғли ва невараларини соғинади. Начора, пешонасига ёзилгани шу экан-да.
Толиб аканинг ҳам “Саховат” уйига келиш тарихи жуда оғир. У яккаю-ёлғиз фарзанди оламдан ўтгач, аёлига суяниб қолади. Аёли ҳам фарзанд доғига чидолмайди ва кўп ўтмай у ҳам омонатини топширади. Шу пайтларда Толиб аканинг жондан азиз бир оғайниси унинг уйидан кетолмай қолади. Гўёки унга ўзини ёрдам бергандек, яқин инсондек тутади. Толиб акага “Уй-жойларингни менинг номимга ўтказиб берсанг, сени қарамоғимга оламан, то умрингни охиригача ўзим қарайман”, деган ваъда билан оғайнисининг уй-жойини ўз номига ўтказиб олади. “Ўзингники ўзагингни узади”, деганларидек, дўсти иши битгач, Толиб акани “Саховат” уйига жойлаштириб кетади. 20 йилдан бери Толиб ота шу ерда.
Биз “Саховат” уйида яшаётган 170 нафар турли миллатга мансуб бўлган кексаларнинг атиги икки нафари тақдиридан бир шингил ҳикоя қилдик, холос. Уларнинг 58 нафари аёл, 112 нафари эса эркакдир. Шу жумладан, 1 гуруҳ ногиронлари 3 нафар, 2 гуруҳ ногиронлари 41 нафар, қолганлари ёшга доир пенсионерлардир. 79 нафари эса ўзгалар парваришига муҳтож.
Оҳангарон “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар интернат уйи директори Қаҳрамон Ўрозовдан мазкур интернатга кексаларнинг келиб қолиш сабаблари ҳақида сўраганимизда қуйидагича жавоб берди.
– Бу ерга асосан кексалар иккита сабаб билан жойлаштирилади,–дейди Қаҳрамон Ўрозов. – Биринчи сабаб, бу кексалар кимнингдир уйида ишлаб, меҳнатини қилиб юради, кексайиб, ишга яроқсиз бўлиб қолганидан сўнг уни ташлаб кетишади. Иккинчи сабаби, якка-ёлғиз қолган қарияларнинг уй-жойига эга бўлиш мақсадида кимдир қарайман, парвариш қиламан, деб ваъда бериб, сўнг уй-жойини ўзининг номига ўтказиб олганидан сўнг ўзини ташлаб қочади. Кексаларнинг соддалиги, ҳеч кими йўқлигидан фойдаланган одамлар уларни шу аҳволга солишади.
Қаҳрамон акадан “Саховат” уйидаги 50 ўринга мўлжалланган хўжалик ҳисобидаги “пуллик хизмат”лар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтишини сўрадик.
— Бу ҳақда гапирсам, худди “Саховат” уйини реклама қилгандек бўлиб қоламан, деб кўп жойларда сўз очмайман, —дейди у. — Бу пулли хизмат ҳисобланиб, агар эр-хотин ёки фарзандлар вақтинчалик хорижга иш билан кетадиган бўлса, отаси ёки онасини кимнидир қарамоғига ташлаб кетмасдан, бизни интернетга жойлаштириб кетади. Бир ойлик тўлов пули 1800 (бир миллион саккиз юз )минг сўм. Шу маблаққа 5 маҳал овқат ҳамда муолажалар учун зарур дори-дармонлар ҳам қилинади. Яқинлари қайтиб келганидан сўнг ота-онасини уйига олиб кетади. Ҳозир шундай кексалардан 3 нафари интернатимизда. Баъзилар бир ой, айримлар эса 3-4 ойда келиб, қайтариб олиб кетишади.
Қаҳрамон ака кексаларга яратилган шароитлар ҳақида кўпам гапиришни истамади. У айрим одамлар бу ердаги имкониятлар ҳақида эшитиб,отаси ёки онасини ташлаб кетишни истаб қолишидан чўчишини очиқ билдирди. Шундоқ ҳам кейинги йилларда ўзбеклар орасида ҳам кекса ота-оналарини қаровсиз қолдириш, “Саховат” уйларига топшириш кўрсаткичи камайиш ўрнига ортиб бораётгани ташвишли ҳолат эканини айтди.
Орамизда тақдир тақозоси туфайли ўзгалар парваришига муҳтож, якка-ёлғиз қариялар бор. Шу боис ҳам “Саховат” ва “Мурувват” уйлари фаолиятига доир ислоҳотлар, ҳар қандай шароитда ҳам ногиронлиги бўлган шахслар, ёрдамга муҳтожлар, боқувчисини йўқотганлар доим ғамхўрлик қуршовида бўлишига давлатимиз томонидан эътибор қаратилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 25 мартда “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» интернат- уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Айни пайтда тизим таркибида 33 дан ортиқ “Саховат” ва “Мурувват” уйи давлат таъминоти ҳисобидан фаолият олиб боради. Ҳар бир “Саховат” ва “Мурувват” уйига давлат бюджетидан ҳар йили озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак, гигиена воситалари, хўжалик жиҳозлари учун 2 млрд 643 млн. сўмдан ортиқ пул маблағлари ажратилади.
Яратилаётган шароиту имкониятлар ўз йўлига. Аммо бизни бир нарса ташвишга солиши, виждонимизни уйғотиши шарт, деб ўйлайман. Юқорида айтиб ўтганимиздек юртимизда 33 дан ортиқ “Саховат” ва “Мурувват” уйи мавжуд. Бу кўрсаткич меҳр-оқибатли ўзбек халқи учун жуда кўп эмасми,азизлар?
Нигора Раҳмонова, ЎзА