Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24 август – 5 сентябрь кунлари Токио шаҳрида XVI ёзги Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади.
Унда мамлакатимиз шарафини 48 нафар паралимпиячи 8 та спорт тури бўйича ҳимоя қилади.
Эртага 24 август куни XVI ёзги Паралимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Маросимда Ўзбекистон спорт делегациясининг байроқдори сифатида пара енгил атлетика бўйича икки нафар спортчимиз – Муҳаммад Рехсимов ҳамда Нурхон Қурбонова иштирок этади.
Пара енгил атлетиканинг ядро улоқтириш тури бўйича Паралимпия ўйинларида иштирок этаётган Муҳаммад Рехсимов ЎзА мухбирига, мусобақа олдидан ўз ҳиссиётларини сўзлаб берди.
– Аввало, бундай юксак шарафли ишни менга ишониб топширишганидан беҳад хурсандман. Делегация байроқдори бўлиш биз учун икки баробар масъулият юклайди. Умид қиламанки, мусобақалар давомида ҳам юртимиз байроғини кўкларга кўтариш насиб этади.
“Токио-2020” мусобақаси ҳақида гапирадиган бўлсам, биз Президентимизнинг 2017 йил 9 мaртдaги “Ўзбекистон спортчилaрини 2020 йил Токио шaҳри (Япония)дa бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия вa XVI Пaрaлимпия ўйинлaригa тaйёрлaш тўғрисидa”ги, жорий йилнинг 25 июнидаги “2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги олимпия ва ХVI паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш ҳамда олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ Паралимпия ўйинларига қизғин ҳозирлик кўрдик. Умид қиламизки, ушбу тайёргарликлар, яратилган шарт-шароитлар самарасида юксак натижаларни қайд этамиз.
Маълумот учун. Муҳаммад Рехсимов 2017 йил БААда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Пара Осиё ўйинларида олтин медални, 2018 йил Индонезияда ўтказилган Пара Осиё ўйинлари бронза медални қўлга киритган.
Истеъдодли спортчимизга “Токио-2020” мусобақасида ҳам улкан зафарлар тилаб қоламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА