Мамлакатимиз ҳудудида дашт ва чўллар, осмонўпар тоғлар, зилол сувли шарқироқ сойлару жўшқин дарёлар, кўллар кўп. Уларнинг ҳар бири ўз гўзаллиги ва таровати билан кишини ўзига ром этади. Ана шундай мафтункор кўллардан бири Навоий вилоятидаги Айдаркўлдир.
Қизилқум саҳроси ўртасида жойлашган Айдаркўлни маҳаллий аҳоли саҳронинг феруза дарёси деб номлайди. Бунга сабаб Нуротанинг Оқтови чўққисидан қараганда Айдаркўл ерга кўм-кўк гилам тўшаб қўйгандек кўринади.
Чордара ГЭСи қурилгач, 1969-1970 йилларда ГЭС сув мўллигидан тоша бошлаган ва тўғон ўпирилишининг олдини олиш учун шлюзлар озгина очилган. Натижада сув Арнасой пасттекислигига оқа бошлаб, кейинчалик Айдаркўл ҳосил бўлган. Айдаркўл ўтган асрнинг ўрталарига қадар қуруқ ер бўлган. Баҳорда ёғингарчиликлар сабаб эса бу ерда Тузкон кўли ҳосил бўлиб, кунлар исиши билан буғланиб кетган. Мазкур кўл Орол денгизидан кейин Ўзбекистондаги иккинчи шўр кўл саналади.
Кўлнинг узунлиги шарқдан ғарбга томон 280-300 километрга, эни шимолдан жанубга томон 30-35 километрга чўзилган. Кўлнинг умумий майдони 3 минг квадрат километр бўлиб, ҳавзада деярли 10 миллиард куб метр сув тўпланган. Бугунги кунда кўл юзаси 4 минг квадрат километрни ташкил қилади.
Бу улкан сув ҳавзасининг вужудга келиши билан чўл зонасида янгидан-янги табиий ландшафтлар, ўзига хос ўсимлик ва ҳайвонот дунёси шаклланди. Кўл сувларида кўплаб балиқ турлари ва бошқа сув жониворлари сони ортмоқда, жуда кўплаб сув қушлари дастлабки йилларда фақат қишлаб қолган бўлса, эндиликда йил бўйи шу ерда яшаб қолишга мослашмоқда.
Маълумотларга кўра, кўл юртимиз аҳолисининг учдан бир қисмини балиқ билан таъминлайди.
Айдаркўл аҳоли яшайдиган жойдан узоқ бўлсада, дам олиш учун жуда қулай ҳудуд саналади. Бугунги кунда Айдаркўл атрофида дам олиш ҳудулари қурилиб, сайёҳликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ерда табиат сукунатига чўкиб, кўл бўйида дам олиш, тоза ва совуқ сувда чўмилиб, қуёшда тобланиш мумкин. Ўтовларда дам олиб, туяда саҳро кезиш ҳам мумкин. Кўл майдонида бир нечта ов хўжалиги ташкил этилган бўлиб, қўриқхона майдонидан ташқарида ов мавсумлари ўтказилиб, ёввойи ўрдаклар, ғоз, тустовуқ, балиқлар ва ҳатто, ёввойи чўчқалар овлашга рухсат берилади.
Хуллас, Айдаркўл атрофлари бўйлаб Нурота тумани ҳудудининг ўзида 10 дан ортиқ дам олиш масканлари ташкил этилган бўлиб, оилавий дам олиш учун ҳам барча шароитлар яратилган.
<iframe width="1440" height="757" src="https://www.youtube.com/embed/WzCh060RLmI" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (видео), ЎзА