“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти халқаро тўлов карталаридан фойдаланиш билан боғлиқ турли фирибгарлик усулларига дуч келмоқда.
2021 йилдан бошлаб янги фирибгарлик тури содир бўлмоқдаки, борган сари Ўзбекистон карта эгалари унинг қурбонига айланмоқда. Ушбу мақолада Visa ва MasterCard халқаро карта соҳибларини мазкур фирибгарлик ҳақида огоҳлантирмоқчимиз.
Bitcoin криптовалютасининг тобора оммалашиб бориши шароитида брокерлар кўринишидаги фирибгарлар турли платформаларда ушбу криптовалютани харид қилиш бўйича манфаатли битим тузишни таклиф этишади. Карта эгаси рўйхатдан ўтганидан сўнг фирибгарлар улардан фойдаланувчи қурилмасидан учинчи шахсларга киришни таъминлайдиган «AnyDesk» дастурини ўрнатишларини сўрашади. Жиноятчилар карта эгасининг қурилмасидан бемалол фойдаланиш имкониятини қўлга киритганларидан сўнг, мижознинг барча шахсга доир маълумотларидан фойдаланадилар ва криптовалюта сотиладиган платформада рўйхатдан ўтадилар.
Фирибгарлар кейинги босқичда карта эгасини жиноятчининг сайтида виртуал ҳамён очишга кўндирадилар. Криптобиржа маблағлари кейинчалик ушбу ҳамёнга кўчирилади. Шундан сўнг фирибгарлар ундан маблағларни криптобиржа сайтига кўчиришга ундайдилар ва «AnyDesk» дастури орқали мижознинг маблағларидан фойдаланишни бошлайдилар. Шундан кейин мижоз яхшигина маблағга эга бўлгач, фирибгарлар бу маблағларни уларнинг сайтида очилган электрон ҳамёнга кўчиришини сўрашади. Натижада, карта соҳиби ушбу ҳамёндан пулларини олиб чиқиб кета олмайди ҳам, уларга эътироз билдира олмайди ҳам.
Dispute Resolution МПС Visa ва MasterCard ҳақ-ҳуқуқларига кўра, бу каби ҳолатларда криптобиржа мижоз олдида ўз мажбуриятларини бажаргани ва маблағларни карта эгаси кўрсатган ҳисобга ёки виртуал ҳамёнга кўчиргани учун ҳам карта эгаси эътироз билдира олмайди.
Шунингдек, карта эгалари шахсга доир маълумотлари ва карта маълумотларини учинчи шахсларга бермасликлари кераклигини ёдда тутишлари лозим. Фойдаланувчи келишувига фақатгина белги қўймасдан, унинг шартлари ҳақида эътибор билан танишиб чиқиш лозим. Чунки бу каби ҳолатларда Халқаро тўлов тизими Қонун-қоидаларига кўра, транзакция учун жавобгарлик фақат карта эгаси зиммасига тушади. Ўз навбатида, юқорида кўрсатилган қоидаларга кўра, эътироз билдириш ва маблағларни қайтариб олишнинг имкони бўлмайди, банкларда брокерларнинг ҳорижий сайтларига таъсир кўрсатиш механизми мавжуд эмас, шундай экан, юзага келган вазият бўйича қарор қабул қилиш тижорат банкларининг ваколатига кирмайди.
Хулоса қилиб айтганда, карта эгалари интернет-сайтлари, интернет-дўконларидан хизматларни харид қилишда эътиборли бўлишлари, харид шартлари билан танишишлари, карталарга нисбатан бепарво бўлмасликлари ва ушбу карта маълумотларини бегона шахсларга бермасликлари тавсия этилади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Матбуот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида