Акс-садо
Халқимиз етакчисининг шу юртда, бугунги кунда жаҳонда рўй бераётган воқеликка муносабати, фикри ва қарашлари одамларни жуда қизиқтиради. Президентимизнинг "Янги Ўзбекистон" газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавобларини катта қизиқиш ва эътибор билан ўқиб чиқдик.
"Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда" деб номланган мазкур интервьюда мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган йиллари, бугунги шиддатли ўзгаришлар жараёни, глобал дунёдаги воқеликка теран муносабати ортиқча пафосларсиз, содда, оддий, халқчил тарзда,кенг қамровда очиб берилган. Интервьюда жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларига дахлдор масалалар, мазкур йўналишларда қўлга киритилган ютуқлар муаммолари билан бирга батафсил баён этилгани аҳамиятга молик.
Жамиятдаги очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, камчиликларнинг илдизини бартараф этиш, улардан кўз юммаслик бугунги ислоҳотлар жараёнида устувор ўрин эгалламоқда. Истиқлолнинг дастлабки йилларида қанчадан-қанча залворли муаммоларга дуч келинди. Уларни имкон қадар бартараф этишга ҳаракат қилинган бўлса-да, барибир ҳаёт дегани ҳар лаҳзада янги муаммони жамият олдига кўндаланг қўяверади.
Кейинги беш йиллар давомида одамларни ўйлантираётган муаммоларни пухта ўрганиш, турли долзарб масалаларга ўз вақтида ечим ва йўл топиш, аҳолини қийнаётган камчиликларни ҳал этиш масаласига устувор эътибор қаратилмоқда. Халқ билан мулоқотнинг энг мақбул ва кенг қамровли механизми йўлга қўйилди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида улуғ аждодларимиз, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассамлиги яққол намоён бўлмоқда.
Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган тамойилларга риоя этган ҳолда дунё билан ҳамқадам бораётган, ўз халқи учун эса эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлат жаҳон кўз ўнгида акс этмоқда.
Интервьюда Президентимизнинг "менинг табиатим сохта ҳаётни мутлақо қабул қилолмайди. Халқимиз менга ишонч билдирди, ана шу юксак ишончни оқлаш, эл-юртимизга муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш – мен учун ҳаётимнинг маъно-мазмунидир..." деган сўзлари уни ўқиган ҳар бир ҳамюртимизнинг қалбига кириб борди, десак муболаға бўлмайди. Бутун интервью бўйлаб қизил тасма сингари ўтувчи ушбу ҳаётий тамойил бугунги кунда ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кўчган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Баландпарвозлик, дабдабабозлик , "урра-урра"чилик барҳам топди. Одамлар ўзгаришларни ўз тақдирида ҳис этмоқда. Маънавий-маърифий жабҳаларда туб ўзгаришлар юз бермоқда. Миллий адабиётимиз, китобхонлик фаол қўллаб-қувватланмоқда. Адабиёт, маънавият ривожига ҳисса қўшган фидойи устоз ёзувчи ва шоирларимиз, адабиётшуносларнинг ибратли ижоди фаол ўрганилмоқда. Сўз санъатига меҳри баланд ёшлар учун атоқли ёзувчи ва шоирлар номидаги ижод мактабларининг фаолияти кенг йўлга қўйилди. Халқни ориф, саодатли кўриш истагидаги маърифатпарвар боболарнинг хотирасига ҳурмат ва эътибор янада кучайди.
Ҳаётга катта орзулар билан кириб келаётган ёшлар учун тобора кўпроқ имкониятлар яратилмоқда.Уларнинг олий таълимга қамровини кенгайтириш, ўқиши, маънавиятининг тўғри шаклланиши,тадбиркорлик кўникмаларига, меҳнат бандлигини таъминлаш йўлида барча имкониятлар ишга солинмоқда. Айни пайтда кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини кучли ижтимоий ҳимоялаш борасида катта ташаббуслар ҳаётга фаол жорий этилмоқда.
Мамлакатимизда туб ижобий ўзгаришлар кириб бормаган, ислоҳотларга юз бурмаган соҳанинг ўзи қолмади. Буларнинг бари пандемия шароитида кечаётганини ҳисобга олсак, вазиятнинг нақадар мураккаблиги кўз ўнгимизга яққол келади.
Одамларнинг дардини ўрганиш, уларнинг муаммолари билан ишлаш, халқ билан халқчил мулоқот ўрнатишга оид эзгу амалиёт хорижий давлатлар учун ҳам ўрнак олишга, тақлид этишга арзирли ибрат бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди. Аҳамиятлиси, камчиликлардан кўз юмилмаяпти, улар яширилмаяпти, бори борича айтиляпти. Шу билан бирга ечим йўллари ҳам тезкор белгиланмоқда.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг "Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда" номли интервьюси қайта-қайта ўқиб- ўрганадиган, маъно-мазмуни устида теран мушоҳада юритадиган, кенг қамровли, ўзига хос дастуриламалдир.
Назокат Усмонова, ЎзА