Маҳоратли эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов (-74 кг) "Токио–2020" Олимпия ўйинларининг бронза медалига сазовор бўлди.
Курашчимиз шоҳсупага кўтарилиш учун кечган беллашувда қозоғистонлик рақибини мағлубиятга учратди.
Бу босқичда вакилимизга 2019 йилги жаҳон чемпионати совриндори Данияр Кайсанов рақиблик қилди. Беллашув давомида тезкор ҳаракатлари ва абжирлиги билан ажралиб турган Абдураҳмонов якунда ўз ғалабасини тантана қилиб , делегациямиз ҳисобига яна бир медални қўшиб қўймоқда.
Шу тариқа делегациямиз ҳисобидаги медаллар 2 тадан олтин ва бронзани ташкил этиб турибди.
Қайд этиш жоиз, икки карра ЖЧ совриндори, икки карра Осиё ўйинлари чемпиони Абдураҳмонов беш йил муқаддам "Рио–2016" Олимпиадасида ушбу босқичда имкониятни бой бериб қўйган эди. Бугун у чиройли ғалабаси билан миллионлаб мухлисларимизга катта қувонч улашди ва ўз совринлари орасида Олимпиада медалини ҳам қўшиб қўймоқда.
ЎзА