“Buxoro Silk servis” масъулияти чекланган жамияти Бухоро туманида пиллани қайта ишлашга ихтисослашган корхона сифатида ички имкониятларини кенгайтирмоқда. Аҳоли даромадлари ва моддий манфаатдорлигини таъминлаш мақсадида Янги турмуш, Сўфикоргар, Боғикалон, Кўчкўмар, Янгиобод, Гулшанобод, Қавола Маҳмуд, Работқалмоқ, Шехонча каби 14 та ҳудуддаги жами 1,4 мингтадан ошиқ пилла боқувчи оилавий звенода етиштирилаётган “кумуш тола” нинг буюртмачиси ҳам айнан мазкур корхона ҳисобланади.
Галаосиё шаҳри Наврўз маҳалласида ипакни қайта ишлаб, ундан тола ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Buxoro Silk servis” корхонаси 2010 йилдан фаолият бошлаган бўлиб, ўтган йиллар мобайнида Бухоро, Ромитан, Пешку туманларидаги хўжаликларда етиштирилган пилла ҳосилига буюртмачи ва қайта ишловчи сифатида иш юритиб, асосан чет элдаги ҳамкорларга саноат учун қимматбаҳо ипак тола экспорти билан шуғулланиб келмоқда.

Уч йил аввал туман “кумуш тола” ижодкорлари томонидан махсус инкубаторияларда жонлантирилган 3829 қути ипак қурти парваришидан 250 тоннадан ошириб саноат учун қимматбаҳо хомашё тайёрланган. Жорий мавсумда фермер хўжаликлари ва улар билан шартнома тузган касаначилар, оилавий звенолар ҳисобидан 4317 қути ипак қуртидан 263 тоннага етказиб пилла хирмони бунёд этиш кўзда тутилмоқда.
Албатта, пилла парваришининг ўзига яраша сир-синоати бор. Пилла қурти, айниқса, тозалик ва меъёрий об-ҳаво ҳароратини яхши кўради. Ҳудудда ипак қурти парваришига старт берилгани муносабати билан “Buxoro Silk servis” МЧЖ томонидан айни кунда 2900 нафар касаначи билан шартнома тузилиб, жонлантирилган уруғни ўз вақтида оилавий звеноларга тарқатиш чоралари кўрилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири