Ҳар йили 29 октябрь бутун дунё жамоатчилиги Бутунжаҳон инсультга қарши кураш кунини нишонлайди. Ушбу сана энг хавфли ва кенг тарқалган касалликлардан бири бўлган инсультга қарши глобал курашни ифодалайди. 2006 йилда Бутунжаҳон инсультга қарши кураш ташкилоти томонидан ташкил этилган ушбу куннинг мақсади — аҳолининг касаллик ҳақидаги билимини ошириш, эрта ташхис ва профилактика чораларини кучайтириш, шунингдек, ҳаётни сақлаб қолиш учун биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг аҳамиятини эслатиш.
Тиббиётда инсульт – мия қон айланишининг бузилиши, яъни мия ҳужайраларининг қон билан таъминланиши тўхтаб қолиши натижасида уларнинг нобуд бўлиши билан кечадиган ҳолат. Натижада беморда умумий неврологик белгилар, яъни нутқ, ҳаракат, хотира каби функцияларнинг бузилиши кузатилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсультни қўзғатувчи асосий омиллар: гипертония (юқори қон босими), қандли диабет, холестерин даражасининг юқорилиги, семизлик ва жисмоний ҳаракатсизлик, чекиш ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш. Ушбу хавф омиллари ҳаёт тарзи билан бевосита боғлиқ бўлиб, уларни назорат қилиш орқали инсультнинг олдини олиш мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 6,7 миллиондан ортиқ инсон инсульт туфайли ҳаётдан кўз юмади. Бу касаллик юрак ишемик касаллиги ва саратондан кейин учинчи ўринда турувчи ўлим сабаби сифатида қайд этилади. Қон томир касалликлари эса дунё бўйича ўлимнинг ярмидан кўпини ташкил этмоқда.
Авваллари инсульт асосан 55 ёшдан ошганларда учраса, бугунги кунда касалликнинг учдан бир қисми меҳнатга лаёқатли 25–50 ёш оралиғидаги кишиларда аниқланмоқда. Бу эса жаҳон иқтисодиёти, ижтимоий ҳаёт ва меҳнат унумдорлигига бевосита салбий таъсир кўрсатмоқда.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон ҳаёт тарзини соғломлаштириш орқали инсульт хавфини 40–60 фоизгача камайтириш мумкин. Шунингдек, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш профилактиканинг ажралмас қисми ҳисобланади.
29 октябрь куни дунёнинг турли мамлакатларида тиббиёт муассасалари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари, нодавлат ва ёшлар бирлашмалари иштирокида турли кампаниялар, очиқ маърузалар, бепул тиббий кўриклар, марафонлар ва оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ўтказилади. Бу тадбирларнинг бош мақсади жамиятни, айниқса, ёшларни хабардор қилиш, биринчи ёрдам кўрсатишнинг аҳамиятини тушунтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборат. Айниқса, юз, қўл, нутқ белгиларига эътибор қаратиш орқали эрта ташхис қўйиш усули бутун дунёда фаол тарғиб қилинмоқда.
Инсульт – тиббиётнинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб, у нафақат шахсий, балки ижтимоий-иқтисодий йўқотишларга ҳам сабаб бўлади. Шу сабабли, Бутунжаҳон инсультга қарши кураш куни фақат эсдалик сана эмас, балки инсоният учун ҳаёт сабоғидир. Ҳар бир инсон ўз соғлиғига масъулият билан ёндашса, соғлом турмуш тарзини одатга айлантирса, бу глобал муаммонинг таъсирини камайтириш мумкин. Шундай экан, 29 октябрь фақат календар санаси эмас, балки соғлом ҳаёт сари бир қадам ташлаш кунидир.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА