Фуқароларни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгар ва унинг шериги ушланди. Бу ҳақда Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси офицери катта лейтенант Муроджон Рахматуллоев ЎзАга маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Бухоро вилояти бошқармалари томонидан Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган фуқаро Ш.Ш. 2 нафар фуқарони ваколатли танишлари орқали Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 000 АҚШ долларини олган вақтида ушланди. Унинг кўрсатувларига асосан давом этган тадбирда, яна бир фуқаро У.Ж. шериги фуқаро Ш.Ш.дан 4 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА