Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор тадбирида Давлат кадастрлари палатаси Шофиркон тумани филиали кадастр муҳандиси пора олаётганида қўлга олинган.
У хизмат мавқеидан фойдаланиб ўзга бир фуқарони алдаб, унинг ишончини суиистеъмол қилади. Натижада туман қурилиш бўлимининг мансабдор шахсларига пора бериш орқали унинг Шофиркон тумани, “Султонобод” маҳалласидаги уй-жойини турмуш ўртоғи номига, “якка тартибда уй-жой қурилиши тугалланган биносини фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси”ни тайёрлаш орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилади. Бунинг эвазига ундан 600 АҚШ доллари талаб қилиб, ушбу пулларни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда қўлга тушади.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, Давлат кадастрлари палатаси Шофиркон туман филиали кадастр муҳандиси, туманнинг Султонобод маҳалласи Суғут қишлоғидаги уй-жойга “якка тартибда уй-жой қурилиши тугалланган бинони фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси”ни олиш учун муҳим бўлган муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжат ҳисобланган Шофиркон нохия совети президиумининг уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорида компьютер техникаси ёрдамида сохта маълумотлар киритиб, ушбу қарорни қалбаки эканлигини била туриб, уни давлат хизматларига тақдим қилиш учун фуқарога тайёрлаб берган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов,ЎзА