Эрталаб туппа-тузук аёлнинг катта йўл ёқасига чиқинди халтани бамайлихотир ташлаб, йўлида бемалол давом этиши бошқа йўловчининг ғашини келтирди.
Унинг "Опа, йўл ёқасига ҳам чиқинди ташлайсизми...", деган хитоби жавобсиз, муаллақ қолиб кетди.
Ҳар тонг ишга кетаётиб чор-атрофни чиннидек тозалаётган аёллар - ободонлаштириш соҳаси ходимларига кўзим тушади. Яхшиям шулар бор, кўчаларимиз топ-тоза туради. Ўзимча бир лаҳзага бўлса-да, кундалик ҳаётимизни уларнинг меҳнатисиз тасаввур этишга ҳаракат қиламан. Чор-атроф не аҳволга тушишини англаш қийин эмаслигини ҳис этаман шунда.
Кўп қаватли уйлардан иборат мавзеларга ҳеч эътибор билан назар солганмисиз? Кейинги пайтда истаган одамнинг истаган жойга, йўлаклар, подъезд атрофи, умуман, қаерни ихтиёр этса, ўша жойга ахлат ташлаб кетиши "урф"га кирган. Йўл юзида салқин ичимликлардан бўшаган пластик идишлар, шиша синиқлари, целофан халталар, шох-шабба, дарахтларнинг илк сарғайган барглари уюми.
"Озода халқмиз", деб керилишга устамизу, бироқ кўча-кўйнинг хоҳлаган жойига елим халталардаги маиший чиқиндиларни киши билмас тарзда ташлаб, индамай яна йўлда давом этаверамиз. Наҳот маҳалламиз, кўп қаватли уйлар атрофида уюм-уюм чиқиндилар пайдо бўлишига давлат айбдор бўлса?! Чиқинди пакетни юз қадам наридаги чиқиндихонага элтиб қўйиш қийинми шунча?! Бунинг учун наҳот маблағ талаб этилса? Ахир уйимиз, хонадонимизнинг исталган жойида чиқиндиларни қолдирмаймиз
Бугунги кунда кўп қаватли уйлар жойлашган ҳар бир маҳаллада бир эмас, бир неча маиший чиқиндиларни тўплаш шахобчалари бор. Уларга бириктирилган одамлар арзимаган ойлик эвазига хонадонлардан чиққан целофан пакетларни саранжомлайди. Наҳотки тўрт-беш қадам юришдан эринмай, чиқиндиларни белгиланган жойларга олиб бориш шунча қийин бўлса?! Афсуски, айрим мавзеларнинг аҳволига қараб, кўнгил хира тортади. Исталган жойга чиқинди ташлаб кетиш учун одам қанчалик худбин, бефаросат, калтабин бўлиши керак
Ҳаво ҳарорати қирқ даражадан ортаётган бир пайтда ҳар жойда қолдирилган бундай турфа ахлат халталари, чиқинди уюмлари ҳавога, ташқи муҳитга ўзидан нохуш ис, зарарли бактерияларни тарқатмайди, деб ким ҳам айта олади. Бугун хавфли касалликлар авж олаётган, об-ҳаводаги, иқлимдаги глобал ўзгаришлар юз бераётган мураккаб бир даврда турфа синовларнинг илдизини одамзот ўзидан, ўз хатти-ҳаракатидан ҳам излашга уриниб кўринса, ёмон бўлмасди. Маҳалла-кўй, мавзелар, йўл-йўлаклар ҳам ўз уйимиз аслида. Уларни озода сақлаш, тозаликка риоя этиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.
Назокат Усмонова, ЎзА