Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, бугунги кунда коронавирусга қарши вакцина олаётганлар орасида ҳам касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг айрим сабаблари мавжуд.
Жорий йил апрель ойидан оммавий вакцинация бошланган. Шу вақтгача давлатимизда мавжуд Astra-Zeneca, ZF-UZ-VAC 2001, "Спутник V" вакциналарини ўз вақтида олганлар организмида иммун ҳимоя таначалари ишлаб чиқилган ва ҳали ишлаб чиқилиши давом этмоқда. Эмланганларда иммун ҳужайралар ишлаб чиқилишининг максимал ҳимоя кўрсаткичига август ойлари ва ундан кейин эришилади.
Бугунги кунда шу жараёнда тўлиқ эмланиб улгурмаганлар, тўлақонли иммун ҳимояси бўлмаган бўлсада, карантин қоидаларига риоя қилмаганликлари боис касалланиб қолмоқда.
Касаллик тарқалиши жадаллашгани боис, вакцина билан қамраб олиш контингенти ҳам кенгайтирилди ва барча аҳоли вакцина олишга давъат қилинмоқда. 18 ёшдан катталарнинг барчаси эмланиши мумкинлиги белгиланиб берилди. Аммо аҳоли орасида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилмайдиганлар ҳамон мавжуд. Вакцина олаётган вақтда ҳам уларнинг организмига вирус тушишга улгурган ва касалликни яширин даври кечаётган ёки баъзилар симптомларсиз касалликни кечираётган бўлиши мумкин.
Айнан шундай кишиларда вакцина олгандан сўнг ҳам ҳали иммун ҳимоя ишга тушмагани сабабли касаллик юзага келиб чиқиши ва ПЗР-тестда тасдиқланиши кузатилмоқда. Бундай ҳолатларда вакцина олиш вақтида ёки олингунича организмига вирус тушган бўлади. Шу сабабли вакцина бу ерда ўз ишини бажара олмайди.
Вакцина фақатгина бу касалликни юзага чиқадиган даврига тўғри келиб қолган бўлади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун, агарда вакцина олмоқчи бўлган одамда бемор билан контактда бўлганлиги борасида аниқ бир жавоб бўлмаса, ПЗР-тест топшири керак. Агар натижа манфий чиқсагина вакцинани олиш мумкин бўлади. Бу каби текширув ўтказиш, вакциналарни ҳам бесамар кетишининг олдини олади
Вакцина, айниқса Astra-Zeneca ва "Спутник V" каби вакциналар организмга тушганида улар векторли вакциналар бўлгани боис организмда енгил ОРВИ кўринишида касаллик чақириши вакцинанинг кўрсатмаларида ҳам келтирилган. Вакцина олгандан кейин бирламчи иммун ҳимоя таначалари 2 ҳафта давомида ишлаб чиқилиши борасида биз доим гапириб келамиз, шу вакцинациядан кейинги даврда енгил ОРВИ касаллигини бошдан кечириш жараёнида ҳимояланмаган контакт, яъни карантин қоидаларига риоя қилмаслик коронавирусни организмга келиб тушишини келтириб чиқаради.
Вакцинацияни олиш жараёнидаги талаб ва тартибларга, шунингдек, карантин қоидаларига риоя қилмаслик касалликнинг янада ортишига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, вакцинага бўлган асоссиз шубҳа ва ишончсизликни кўпайтирмоқда.
Шунингдек, брифингда мутахасис томонидан зотилжам (пненвмония) касаллиги кўпаяётганлигининг сабаблари маълум қилинди.
Таъкидланишича, шифокорлар коронавирус билан бир вақтда бошқа инфекцион омил, яъни турли бошқа вирус ва бактериялар чақирган зотилжам касаллиги билан ҳам курашишига тўғри келмоқда. Мазкур касаллик худди коронавирусга ўхшаб шамоллаш аломатларидан бошланади. Лекин унинг кечуви ва организмдаги ўзгаришларида тафовутлар бўлади.
Ҳозирги мавсумда зотилжам касаллигининг ортиши инсон организмида мойиллик бор ҳолатда, асосан, бугунги жазирама иссиқ кунлари ҳаддан ортиқ муздек душ қабул қилиб ёки бассейнда чўмилиб, сўнг меъёридан ортиқ кондиционерлардан фойдаланиш, музлатгичдан яхлатилган ичимликларни истеъмол қилиш оқибатидандир.
Шу билан бирга, аномал иссиқ кунлар инсонда қон қуюлиш ҳолатларини кўпайтиради, бу эса ўз ўрнида юрак қон-томир касалликларининг кўпайишини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Қон қуюлиши эса коронавирус инфекцияси учун жуда қулай шароитдир ва агарда вирус организмга тушса, оғир даражага ўтиб кетиши осон бўлади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА