Навоий вилоятида ғаллани нест-нобуд қилмай ўриб олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экилаётир.
Ўрилган ғаллазорларни сомондан тозалаш, шудгорлаш ва экин экишни бошлаш жараёнлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан назоратга олинган.
Жорий йил вилоятда 30 939 гектар майдонга такрорий экин экилиши режалаштирилган. Ҳозирда кунига ўртача 1491 гектарга такрорий экин экилиб, бу кўрсаткич 23 093 гектарни ташкил этмоқда.
– Такрорий экин экиш учун биринчи навбатда ишсиз ёшларга ер ажратиб берилмоқда, – дейди инспекция вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. – Жумладан, бугунги кунга қадар вилоят бўйича 56 минг 547 нафар аҳолига 23 минг гектардан зиёдроқ ер майдони ажратиб берилди. Шундан ишсизлар сони 10 минг 654 нафар бўлиб, улар даромад олиши, рўзғорини бутлаши учун 3 минг 340 гектар ер майдонига такрорий экин экди.
Асосан ғалладан бўшаган майдонларга сабзавот, полиз, дуккакли, мойли, озуқа экинлари экилмоқда. Жумладан, вилоят бўйича 11 минг 693 гектар ер майдонига дуккакли, яъни, мош, ловия, нўхат каби экинлар экилган бўлса, шунинг 6 минг 679 гектари Хатирчи тумани фермер хўжаликлари ерларига тўғри келади. Инспекция туман бўлими инспектори Алишер Ашуровнинг маълум қилишича, ғалладан бўшаган майдонлар пешма-пеш сомондан тозаланиб, ўз вақтида такрорий экин экиш агротехник тадбирлари инспекторлар томонидан назоратга олинган.
Қизилтепа туманида эса 17 130 нафар “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда ишсиз фуқароларга 8 707 гектар ер майдони такрорий экин экиш учун ажратиб берилди.
– Туманда бир кунда 506 гектар ғалладан бўшаган майдонга такрорий экин экиляпти, – дейди Инспекциянинг Қизилтепа туман бўлими бошлиғи Умар Турсунов. – Асосан, сабзавот, полиз экинлари экилиб, бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Жумладан, туманнинг “Ал-Бухорий” ҳудудидаги томчилатиб суғориш усулида барпо этилган 355 гектар мевали дарахтзор қатор ораларига полиз экинлари экилди. Муҳими, ёшлар ва ишсиз фуқаролар ўзларига ажратилган ер майдонида такрорий экинлардан юқори ҳосил олишни мақсад қилган.
Барча такрорий экин экилиши режалаштирилган ҳудудларга инспекторлар бириктирилган бўлиб, улар ер майдони ажратилган ёшлар, аёллар ва ишсиз фуқароларга уруғлик танлаш, такрорий экинларнинг ўз вақтида экилиши ва агротехник тадбирларнинг сифатли бажарилиши, минерал ўғитларнинг сарфланиши юзасидан маслаҳат ҳамда тавсияларини бериб келмоқда.
Айни йўналишда олиб борилаётган назорат тадбирлари бозорларимизда тўкин-сочинлик таъминланиши, аҳоли фаровонлик даражаси янада ошишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Абдували Бўриев, ЎзА