Бола парвариши учун бериладиган нафақа муддатини узайтирса бўладими?
– Савол: 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ва бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш учун бериладиган нафақа муддати тугаса, уни яна узайтириш мумкинми?
– Жавоб: Ҳа, мумкин. Бола парвариши бўйича нафақани олишни давом эттиришга муҳтож бўлган шахс (ёки оиланинг муомалага лаёқатли аъзоларидан бири) тўловнинг олдинги 12 ойлик муддати тугашидан бир ой олдин ушбу нафақани бола икки ёшга тўлгунига қадар узлуксиз тўланишини давом эттириш масаласини ҳал этиш учун аризани белгиланган тартибда такроран бериш ҳуқуқига эга.
Болали оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам тўлашнинг белгиланган муддати тугагач, ариза берувчи ушбу нафақа ёки моддий ёрдам тўланишини янги муддатга давом эттириш учун ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Бунда болали оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам олиш учун ариза олдинги даврда тайинланган ушбу нафақа ёки моддий ёрдамни тўлаш муддати тугаётган ойдан кейинги ойда берилади. Такрорий мурожаатлар умумий белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Асос: Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом.
Ушбу материал ТДЮУнинг “Юридик клиника”си ходими Муҳриддин Шамсиддинов томонидан тайёрланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА