Бу йил инсоният тамаддунига ўзининг бой ва бебаҳо маънавий ҳиссасини қўшган зотлар, туркий дунё халқлари адабиётининг ёрқин намояндалари, улуғ мутафаккир шоирлар Низомий Ганжавийнинг 880 йиллиги, Алишер Навоийнинг 580 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланмоқда.
Бу тадбирлар йил давомида давом этаяпти. Зеро, Навоийни ҳар куни, ҳар доим ўқишимиз, уқишимиз кераклигини замоннинг ўзи кўрсатмоқда. Жаҳондаги навоийшунос олимлар, ўзбек адабиёти жонкуярлари, Алишер Навоийнинг маънавий мухлислари ҳақида маълумотлар бериб боришни ният қилдик.
Сир эмаски, жаҳонда Алишер Навоий ижодига муҳаббати буюк инсонлар кўп. Улар бир қатор илмий ишлар, таржималар қилгани, китоблар чоп этгани, умрини бағишлаганлиги ҳайрат ва ибрат кўзларимизни очса не ажаб...
Навоийшунос олимлардан озарбайжонлик Олмос Қосим қизи Биннатова (Алмаз Улви) филология фанлари доктори, профессор. Олмос опа Озарбайжон Миллий Фанлар Академиясининг Низомий Ганжавий номидаги “Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалар” шўъбасининг мудири. У “Ўзбек-Озарбайжон адабий алоқалари” мавзусида докторлик ишини ҳимоя қилган. Олмос хоним 50 га яқин китоблар муаллифи бўлиб, булардан йигирма бештачаси ўзбек адабиёти ҳақидадир. Жумладан, “Озарбайжон – ўзбек адабий алоқалари: даврлар, сиймолар, жанрлар, тамойиллар” , “Алишер Навоий Озарбайжон адабиётшунослигида”, “Ўзбек адабиёти: адабий портретлар, тадқиқотлар”, “Ўзбек адабиёти ва Озарбайжон: тадқиқотлар, адабий портретлар”, (2016, 170 с.); “Мустақиллик даври Ўзбек-Озарбайжон адабий алоқалари” (2016); “Алишер Навоий” “Ёзувчи”нинг шахсий қарашлари (2016, 40 с.), “Ўзбекча-Озарбайжонча, Озарбайжонча-Ўзбекча луғат” (23 минг сўз, ҳаммуаллифликда), “Шарқ тазкирачилик тарихидан” (дарслик қўлланма, 2020), 1928 йилда чоп этилган Холид Саид Хўжаевнинг “Янги алифбо масаласи йўлларида эски хотира ва туйғуларим” китобини профессор, филология фанлари доктори Ҳ.Болтабоев билан ҳамкорликда қайта нашрга тайёрлаб чоп этган (2020 йил), “ Алишер Навоий. Ҳикматли сўзлар” (2020), “Алишер Навоий асри ва насри (илмий-филологик ва диний-тасаввуфий асарлари”, 2021, 570 саҳифа).
Олмос опанинг 300 га яқин ўзбек адабиётига оид илмий мақолалари илмий журнал ва китобларда нашр этилган. Хусусан, 180 га яқин мақолалари Алишер Навоий ҳақида (бундан 50 га яқини Ўзбекистонда, бошқалари эса Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозон, Қрим, Грузия, Россия ва Афғонистоннинг илмий нашр ва тўпламларида чоп этилган). Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Қўқон, Гулистон, Жиззах, Самарқанд давлат университетларида ҳам онлайн шаклда, ZOOM орқали талабаларга маърузалар ўқиб келмоқда.
Олмос Улви раҳбарлигидаги “Ўзбекистон-Озарбайжон-Туркманистон адабий алоқалар шўбаси”да фаолият олиб бораётган “Алишер Навоий адабиётшунослик маркази”да Алишер Навоий ҳақида магистр-талабаларга маърузалар ташкил этади. 2008 йилдан буён ҳар йили февраль ойида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасига халқаро илмий конференция ўтказиб келади. 2016, 2021-йилларда Афғонистонга (Қобул, Мозори-Шариф ва Ҳирот шаҳарларида) илмий семинарларда бўлиб, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур қабрларини зиёрат қилган. Кадрлар тайёрлаш борасида 6 та докторант ва диссертанти бор (Боку, Термиз ва Самарқанд университетларида). Ўзбекистонлик фан номзоди ва фан доктори даражаси учун 100 га яқин ҳимоя қилган олимларнинг диссертация ва авторефератларига илмий тақризлар берган.
Олмосхоним Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фахрий профессори, “Бобур” номидаги халқаро фонднинг Озарбайжондаги махсус вакили ҳисобланади.
Ўлмасбек Хўжаев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир-журналист.